Барқарор ривожланиш маркази 

  • O‘zbek
  • Ўзбек
  • Русский
  • English
  • Français

Барқарор ривожланиш мақсадлари: иқтисодиёт соҳасидаги ислоҳотлар

27-10-2025 54

    Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг қамровли иқтисодий ислоҳотлар — хусусан, бозор механизмларини мустаҳкамлаш ва рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар — мамлакатнинг барқарор ривожланишини таъминлашда муҳим омил сифатида намоён бўлмоқда.

    Ушбу ислоҳотлар БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари билан уйғунлашган ҳолда амалга оширилмоқда. Жумладан, муносиб иш ўринлари ва иқтисодий ўсиш, саноатлаштириш, инновация ва инфратузилмани ривожлантириш, ҳамда самарали институтлар ва шаффоф бошқарувни таъминлаш каби йўналишлар билан бевосита боғлиқдир.

    2025 йил 27 октябрь куни Барқарор ривожланиш маркази ва Молия вазирлиги ҳузуридаги Молия органлари ҳамда бюджет ташкилотларининг молия-ҳисоб бўлинмалари ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ўқув маркази билан ҳамкорликда    “Барқарор ривожланиш мақсадлари: иқтисодиёт соҳасидаги ислоҳотлар”    мавзусида соҳа мутахассислари ва экспертлари иштирокида семинар ташкил этилди.

    Тадбирда молия соҳасида фаолият юритаётган мутахассислар, давлат молия органлари ва бюджет ташкилотлари вакиллари иштирок этди. Семинарнинг асосий мақсади иқтисодий ислоҳотлар доирасида тадбиркорлик муҳитини яхшилаш, инвестициявий фаолликни ошириш, давлат-хусусий шерикликни кенгайтириш ҳамда    Барқарор ривожланиш мақсадларида белгиланган масалаларни муҳокама қилишдан иборат бўлди.

    Тадбир доирасида иштирокчилар молиявий бошқарувни такомиллаштириш, рақамли иқтисодиёт, тармоқлараро диверсификация        ва иқтисодий барқарорлик каби долзарб масалалар юзасидан фикр алмашдилар. Шунингдек, ислоҳотларнинг амалий натижалари таҳлил қилиниб, келгуси устувор вазифалар юзасидан аниқ таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

    Семинарда қуйидаги муҳим масалалар кўриб чиқилди:

  • Рақамли иқтисодиётни кенгайтириш:    Сунъий интеллект, блокчейн ва электрон ҳукумат тизимларини жорий этиш.
  • Молия бозорини чуқурлаштириш:    Капитал бозорини ривожлантириш, банк тизимини либераллаштириш ва молиявий инклюзияни ошириш.
  • Тармоқлараро диверсификация:    Қишлоқ хўжалиги, саноат ва хизматлар соҳасини инновацион асосда ривожлантириш.
  • Экспортбоп ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш:    Қўшилган қиймати юқори маҳсулотлар экспортини кенгайтириш.
  • Иқтисодий барқарорлик ва инклюзивлик:    Барча аҳоли қатламлари учун тенг имкониятлар яратиш ва ижтимоий адолатни таъминлаш.

    Семинар иштирокчилари иқтисодий ислоҳотларнинг амалий натижаларини таҳлил қилиш жараёнида, келгуси устувор вазифаларни самарали амалга ошириш учун бир қатор муҳим шарт-шароитларга тўхталиб ўтдилар. Жумладан, хусусий секторнинг фаол иштироки, инвестиция муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорлик саводхонлигини ошириш, давлат-хусусий шериклик механизмларини кенгайтириш, иқтисодий жараёнларда очиқлик ва ҳисобдорликни таъминлаш ҳамда рақамли технологиялар орқали иқтисодий инклюзивликни кучайтириш — ислоҳотларнинг келгуси босқичида ҳал қилувчи омиллар сифатида таъкидланди.    

    Семинарда билдирилган тавсиялар иқтисодий ислоҳотларни амалий жиҳатдан такомиллаштириш ва мамлакат иқтисодиётини рақобатбардошлигини ошириш борасидаги ишлар ҳамда    Барқарор ривожланиш мақсадларига    эришиш йўлидаги муҳим қадамлар мамлакат тараққиётига хизмат қилади.