Барқарор ривожланиш маркази 

Сайт синов режимида ишламоқда
  • O‘zbek
  • Ўзбек
  • Русский
  • English
  • Français

Барқарор ривожланиш мақсадлари доирасида тоза сув ва санитария ҳолатига эришишда маҳалланинг ўрни

19-08-2026 98

    Бугун дунёда тоза сув ва санитария масаласи тобора экологик муаммодан чиқиб, иқтисодий барқарорлик, аҳоли саломатлиги ва миллий хавфсизликнинг муҳим омилига айланмоқда. Иқлим ўзгариши, қурғоқчилик, аҳоли сонининг кўпайиши ва шаҳарлашув жараёнлари сув ресурсларига бўлган эҳтиёжни кучайтирмоқда.

    Ана шундай глобал жараёнларнинг амалий ифодаси сифатида, Барқарор ривожланиш ойлиги доирасида Барқарор ривожланиш маркази Тошкент вилояти бўлинмаси ҳамда Тошкент вилояти Оҳангарон тумани ҳокимлиги ҳамкорлигида «Барқарор ривожланиш мақсадлари ҳамда тоза сув ва санитария ҳолатига эришишда маҳалланинг ўрни» мавзусида жамоатчилик муҳокамаси ўтказилди.

    Унда давлат муассасалари ходимлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаоллари, жумладан, 31 та маҳалла раиси иштирок этди. Офлайн ва онлайн шаклда ўтказилган муҳокамада жами 80 нафарга яқин иштирокчи сув таъминоти, санитария, оқова сувларни чиқариш ва аҳолининг экологик маданияти билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилди.

    Жамоатчилик муҳокамасида Барқарор ривожланиш маркази Тошкент вилояти бўлинмаси раҳбари Абдуманноп Тўлаганов сўзга чиқиб, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, аҳолини сифатли сув билан таъминлаш ва бу жараёнда жамоатчилик назоратини кучайтириш бугунги куннинг муҳим талабларидан бири эканини таъкидлади.

    Кўплаб мамлакатларда сувнинг ҳар бир куб метридан самарали фойдаланиш, сув йўқотишларини қисқартириш, рақамли мониторингни жорий этиш ва аҳолини сув ресурсларини бошқариш жараёнига жалб қилиш устувор вазифага айланмоқда.

    Бу борада Ўзбекистонда ҳам сўнгги йилларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)нинг сув бўйича UN-Water механизми томонидан 2026 йилда эълон қилинган «Барқарор ривожланиш мақсади 6 бўйича мамлакат миқёсида тараққиётни жадаллаштириш тажрибаси: Ўзбекистон» номли махсус тадқиқотда мамлакатимизнинг сув ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланиш, сувни тежовчи технологияларни кенг жорий этиш ҳамда сув хўжалигини рақамлаштириш борасидаги тажрибаси халқаро даражада эътироф этилди. Унда Ўзбекистонда сув тежамкор технологиялар, «ақлли» суғориш, сув ресурсларини рақамли бошқариш ва кенг кўламли миллий ислоҳотлар амалга оширилаётгани қайд этилган.

    Ўзбекистонда ичимлик ва оқова сув хизматларини яхшилаш борасида ҳам салмоқли натижаларга эришилмоқда. 2026 йил 20 июль куни соҳани янада ривожлантириш бўйича ўтказилган тақдимотда сўнгги йилларда сув таъминоти ва канализация соҳасига жалб қилинган инвестициялар 10 баробар ошиб, 2,7 миллиард долларга етгани маълум қилинди.

    Натижада аҳолининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 2017 йилдаги 63 фоиздан қарийб 83 фоизга етди. Шу даврда 7,7 миллион аҳоли илк бор марказлашган ичимлик суви билан таъминланди, 11 миллион кишининг сув таъминоти яхшиланди, 1,1 миллион аҳоли канализация тизимига уланди. 39 минг километр ичимлик суви ва 3,2 минг километр оқова сув тармоқлари қурилди ва реконструкция қилинди.

    Келгусида аҳолини марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш даражасини 90 фоизга, шаҳарларда канализация хизматлари қамровини эса 80 фоизга етказиш мақсад қилинган.

    Барқарор ривожланиш маркази эксперти Шодиёр Азизов «Маҳалланинг бугунги кундаги санитария ҳолатини таъминлашда аҳолининг экологик маданияти» мавзусида маъруза қилди.

    Маърузада Барқарор ривожланиш мақсадларининг 6-мақсади — «Тоза сув ва санитария»нинг аҳамиятига алоҳида тўхталиб, унинг ҳар бир инсон учун тоза ичимлик суви, гигиена ва санитария хизматларидан фойдаланиш имкониятини таъминлашга қаратилгани таъкидланди.

    Шунингдек, дунёда миллионлаб инсонлар ҳанузгача тоза ичимлик суви ва зарур санитария шароитларидан маҳрум экани, бу эса турли касалликлар ва гигиеник муаммоларни келтириб чиқараётгани қайд этилди.

    Ўзбекистонда аҳолини марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш, олис маҳаллаларга сув тармоқларини тортиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, маърузачи сув танқислиги ва ундан оқилона фойдаланиш муаммоси бугунги кунда бутун дунё учун долзарб эканини таъкидлади.

    Шу боис ҳар биримиз сувга бўлган муносабатимизни ўзгартиришимиз, уни қадрлашимиз ва тежаб ишлатишни кундалик ҳаёт маданиятига айлантиришимиз зарур.

    Жамоатчилик муҳокамаси якунларида маҳалла фаоллари томонидан сув таъминоти ва санитария соҳасидаги мавжуд муаммоларни ҳал этишга қаратилган қатор амалий таклифлар илгари сурилди.

    Хусусан, Унгут маҳалласи раиси томонидан Увак, Алишер, Ёнариқ, Ялпоқтепа, Қарахитой ва Унгут маҳаллаларидан чиқадиган оқова сувларни ягона тизим асосида чиқариш имкониятларини ўрганиш таклиф этилди. Бунинг учун Янгиангрен ГЭС ҳудудидаги мавжуд инфратузилма имкониятларидан самарали фойдаланиш масаласини кўриб чиқиш зарурлиги қайд этилди.

    Чўлдоқ маҳалласида эса 4 минг 121 нафар аҳолини марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш масаласини устувор тартибда ҳал қилиш, ушбу ҳудудда сув таъминоти тармоқларини қуриш бўйича белгиланган режаларни амалга ошириш таклифи билдирилди.

    Қорасуяк маҳалласи фаоллари томонидан туманда оқова сувларни чиқариш тизимини такомиллаштириш, бунинг учун зарур махсус техникалар билан таъминлаш, шунингдек, қудуқлар ва санитария иншоотларининг жойлашуви ҳамда аҳоли истеъмол қилаётган сув сифати устидан назоратни кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

    Янгиобод маҳалласида эса аҳоли фойдаланаётган ичимлик суви тармоқларининг масъул ташкилотлар балансига қабул қилиниши, уларни сақлаш ва таъмирлаш билан боғлиқ масалаларга аниқлик киритиш таклиф этилди.

    Шунингдек, муҳокамада сув ва санитария соҳасидаги маҳаллий муаммоларни ҳал қилиш учун грант маблағлари, давлат ижтимоий буюртмалари ва фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлашга қаратилган мавжуд имкониятлардан кенг фойдаланиш зарурлиги қайд этилди.

    Қарахитой маҳалласи фаоллари томонидан эса Оҳангарон дарёси ҳавзасида ер ости сув ресурсларидан кенг фойдаланишнинг келгуси экологик оқибатларини атрофлича ўрганиш, сув захиралари ҳолати бўйича мунтазам мониторинг олиб бориш масаласи ўртага ташланди.

    Энг муҳими, мазкур учрашув маҳалла фаоллари учун мавжуд муаммоларни санаб ўтиш майдонигина эмас, балки уларнинг аниқ ечимлари бўйича таклифларни шакллантириш имконияти ҳам бўлди.

    Билдирилган таклифлар сув таъминоти ва санитария инфратузилмасини яхшилаш, экологик хавфсизликни таъминлаш, аҳолининг экологик маданиятини ошириш ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

    Зеро, барқарор ривожланиш муаммоларни кўришдан эмас, уларга биргаликда ечим топишдан бошланади. Бунда маҳалла аҳолининг ҳақиқий эҳтиёжини ифода этса, давлат идоралари уни ҳал этиш механизмларини ишга солади, фуқаролик жамияти институтлари эса жамоатчилик иштироки ва назоратини таъминлайди.

    Шу маънода, Оҳангарон туманида Барқарор ривожланиш ойлиги доирасида ташкил этилган мазкур жамоатчилик муҳокамаси давлат, маҳалла ва фуқаролик жамияти ўртасидаги ижтимоий ва амалий кўприкнинг ёрқин намунаси бўлди.

    Муаммо очиқ айтилган жойда ечимга йўл очилади. Таклифлар эшитилган жойда эса жамоатчилик иштироки амалий натижага айланади. Ана шу жараён Барқарор ривожланиш мақсадларини ҳар бир маҳалла, ҳар бир хонадон ва ҳар бир инсон ҳаётига яқинлаштиришнинг энг муҳим омилларидан биридир.