Барқарор ривожланиш мақсадлари доирасида озиқ-овқат хавфсизлигига эришишда маҳалланинг ўрни
Бўка туманида Барқарор ривожланиш мақсадлари доирасида озиқ-овқат хавфсизлиги ва маҳалланинг бу жараёндаги ўрни муҳокама қилинди.
Бугун озиқ-овқат хавфсизлиги нафақат қишлоқ хўжалиги ёки иқтисодиёт, балки аҳоли фаровонлиги, ижтимоий барқарорлик ва миллий хавфсизлик билан бевосита боғлиқ масалалардан бирига айланмоқда. Шу боис озиқ-овқатнинг етарлилиги билан бир қаторда унинг сифати, хавфсизлиги, аҳоли учун ҳамёнбоплиги ва барқарор етказиб берилиши дунё мамлакатлари олдида турган муҳим вазифалардан ҳисобланади.
Айнан шу масалалар 18 август куни Бўка туманида ўтказилган жамоатчилик муҳокамасида марказий мавзу бўлди.
Тадбир Барқарор ривожланиш маркази Тошкент вилояти бўлинмаси, Бўка тумани ҳокимлиги ҳамда туман маҳалла уюшмаси ҳамкорлигида, «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили» шиори остида «Барқарор ривожланиш мақсадлари доирасида озиқ-овқат хавфсизлигига эришишда маҳалланинг ўрни» мавзусида ташкил этилди.
Унда туман давлат органлари ходимлари, 28 та маҳалла раиси ва фаоллари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этиб, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда маҳалланинг имкониятлари, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан фикр алмашди.
Бугун дунёда озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи янада долзарб тус олмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)нинг 2026 йилги Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича маълумотларига кўра, 2025 йилда дунё аҳолисининг қарийб 7,8 фоизи — 645 миллион киши сурункали очликдан азият чеккан. Шу йилда 2,1 миллиард киши, яъни жаҳон аҳолисининг 25,8 фоизи ўртача ёки оғир даражадаги озиқ-овқат хавфсизлиги муаммосига дуч келган.
Бу рақамлар озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи ҳали ҳам инсоният олдида турган энг катта вазифалардан бири эканини кўрсатади.
Шу билан бирга, дунёда иқлим ўзгариши, қурғоқчилик ва сув танқислиги, қуролли можаролар, логистикадаги узилишлар, озиқ-овқат ва ўғитлар нархининг ўзгарувчанлиги каби омиллар озиқ-овқат тизимларига босим ўтказмоқда. БМТ маълумотларида ҳам барқарор озиқ-овқат тизимларини яратиш, кичик ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ва иқлимга мос қишлоқ хўжалигига сармоя киритиш зарурлиги таъкидланган.
Демак, бугун озиқ-овқат хавфсизлигига фақат «қанча маҳсулот ишлаб чиқарилди?» деган савол билан эмас, балки «аҳоли уни сотиб олиш имкониятига эгами?», «маҳсулот сифатлими?», «ишлаб чиқариш барқарорми?», «аҳоли соғлом овқатлана оляптими?» деган саволлар билан ҳам ёндашиш талаб этилмоқда.
Жамоатчилик муҳокамасида Барқарор ривожланиш мақсадларининг 17 та йўналиши ўзаро боғлиқ экани, уларнинг аксарияти мамлакатимиз тараққиёт стратегияларида ҳам ўз ифодасини топаётгани таъкидланди.
Хусусан, тадбирнинг асосий мавзуси бўлган Барқарор ривожланиш мақсадларидан 2-мақсад — «Очликка барҳам бериш, озиқ-овқат хавфсизлигига ва яхшиланган овқатланишга эришиш ҳамда қишлоқ хўжалигининг барқарор ривожланишига кўмаклашиш» — бугунги муҳокама учун бевосита долзарбдир.
Бу мақсад фақат очликни бартараф этишни эмас, балки ҳар бир инсоннинг сифатли ва тўйимли озиқ-овқатга эга бўлишини, қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантиришни, кичик ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашни ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишни назарда тутади.
Муҳокамада таъкидланганидек, озиқ-овқат хавфсизлиги масаласини маҳалладан айри ҳолда тасаввур этиб бўлмайди.
Чунки маҳалла — аҳолининг кундалик эҳтиёжлари, оилавий даромадлари, томорқа имкониятлари, иш билан таъминланиши, истеъмол маданияти ва ижтимоий эҳтиёжларини энг яқиндан биладиган жамоат институтидир.
Барқарор ривожланиш маркази Тошкент вилояти бўлинмаси раҳбари Абдуманоп Тўлаганов ўз чиқишида Барқарор ривожланиш мақсадларининг аҳамияти, хусусан, 2-мақсаднинг мазмун-моҳияти ва уни маҳалла даражасида амалга ошириш имкониятларига тўхталди.
Барқарор ривожланиш маркази эксперти Шодиёр Азизов эса озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда маҳалланинг фаол иштирокини кучайтириш, замонавий ёндашувларни жорий этиш ва аҳолининг бу жараёндаги ташаббускорлигини ошириш зарурлигини қайд этди.
Тадбирнинг муҳим жиҳати шунда бўлдики, унда озиқ-овқат хавфсизлиги назарий тушунча сифатида эмас, балки маҳалла ва оила ҳаётида учраётган амалий масалалар билан боғлиқ ҳолда муҳокама қилинди.
Жумладан, «Тошлоқ» маҳалласи раиси Рустам Амиров чорва молларини идентификация қилиш ва уларга паспорт бериш тизимининг аҳамиятини қайд этиб, қишлоқ жойларда полиз экинлари етиштириш ҳажмини ошириш, маҳсулот экспортини кенгайтириш ҳамда бу жараёндаги ҳужжатбозликни соддалаштириш бўйича таклиф билдирди.
Бу таклифнинг аҳамияти шундаки, маҳаллий ишлаб чиқаришни кўпайтириш нафақат ички бозорни маҳсулот билан таъминлаш, балки аҳоли даромадларини ошириш ва қишлоқ жойларда янги иқтисодий имкониятлар яратишга хизмат қилиши мумкин.
«Бунёдкор» маҳалласи раиси Ражаб Сунатов эса муҳокамани янада кенгроқ ижтимоий масалага бурди: аҳолининг барқарор ривожланиш шароитида танлаш имконияти қанчалик юқори?
Унинг фикрича, инсоннинг озиқ-овқат танлови кўп жиҳатдан унинг иқтисодий имкониятига боғлиқ. Даромад қанча юқори бўлса, сифатли ва соғлом озиқ-овқат маҳсулотларини танлаш имконияти ҳам шунча ортади.
Шу нуқтаи назардан, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масаласи аҳоли бандлиги, даромадларини ошириш, муносиб иш ўринлари яратиш ва оилавий фаровонликни таъминлаш билан бир бутун жараён сифатида қаралиши лозим.
Халқаро тажрибада ҳам озиқ-овқат хавфсизлигига ёндашув ўзгариб бормоқда.
БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) ҳамда ҳамкор ташкилотларнинг 2025-йилги глобал ҳисоботида озиқ-овқат нархларининг юқори инфляцияси аҳоли харид қобилиятини пасайтириб, айниқса кам даромадли оилаларнинг соғлом овқатланиш имкониятига салбий таъсир кўрсатаётгани қайд этилган. Ҳисобот озиқ-овқат тизимларини барқарорлаштириш, кичик ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг соғлом рационга етишини таъминлашни муҳим вазифа сифатида кўрсатади.
Шунинг учун замонавий ёндашувда озиқ-овқат хавфсизлиги деганда фақат маҳсулот миқдори эмас, балки маҳсулотнинг сифати, хавфсизлиги, озуқавий қиймати ва аҳоли учун иқтисодий жиҳатдан ҳамёнбоплиги ҳам тушунилади.
Бу эса маҳалла даражасида аҳоли билан ишлаш, эҳтиёжманд оилаларни аниқлаш, томорқалардан самарали фойдаланиш, кичик ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ва соғлом овқатланиш маданиятини кенг тарғиб қилиш каби вазифаларни янада муҳим қилади.
Бўка туманидаги учрашувнинг аҳамияти шундаки, унда давлат органлари, маҳалла фаоллари ва фуқаролик жамияти вакиллари бир майдонда тўпланиб, муаммоларни бевосита муҳокама қилиш имконига эга бўлди.
Бундай очиқ мулоқотлар, аввало, жойлардаги реал эҳтиёжларни аниқлаш, аҳолининг таклифларини эшитиш, мавжуд тўсиқларни кўрсатиб бериш ва амалий ечимларни ишлаб чиқиш имконини беради.
Энг муҳими, жамоатчилик муҳокамасида билдирилган таклифлар тегишли ташкилотлар эътиборига етказилса, улар маҳаллий дастурлар ва амалий чора-тадбирларни такомиллаштиришга хизмат қилиши мумкин.
Бундай мулоқотлар орқали маҳалла фақат ижтимоий масалаларни ҳал этувчи институт эмас, балки маҳаллий иқтисодий ривожланиш, озиқ-овқат хавфсизлиги ва барқарор тараққиётнинг фаол иштирокчисига айланади.
Барқарор ривожланиш ойлиги доирасида ўтказилаётган бундай тадбирлар Барқарор ривожланиш мақсадларини қоғоздаги глобал мақсадлардан аҳоли кундалик ҳаёти билан боғлиқ амалий вазифаларга айлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Чунки Барқарор ривожланиш мақсадлари фақат давлат органлари ёки халқаро ташкилотларнинг вазифаси эмас. Уларнинг ҳар бири — камбағалликни қисқартириш, сифатли таълим, муносиб меҳнат, соғлом турмуш, озиқ-овқат хавфсизлиги, тоза сув, гендер тенглиги, экологик барқарорлик каби масалалар — бевосита маҳалла ва ҳар бир оила ҳаётига дахлдор.
Шу маънода, Бўка туманидаги жамоатчилик муҳокамаси Барқарор ривожланиш ойлиги доирасидаги навбатдаги тадбир эмас, балки глобал мақсадларни маҳаллий даражада амалга оширишнинг амалий намунаси сифатида аҳамиятлидир.
Зеро, барқарор ривожланиш юқоридан берилган қарорлар билангина эмас, балки маҳалладаги ҳар бир инсоннинг эҳтиёжи, ташаббуси ва иштирокидан бошланади.