БРМ глобал кун тартибини маҳаллийлаштириш ҳамда «Ўзбекистон – 2030» стратегияси вазифаларининг бевосита маҳалла даражасидаги ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент вилояти Оққўрғон туманида Барқарор ривожланиш маркази Тошкент вилоят бўлими ҳамда туман ҳокимлиги ҳамкорлигида “Барқарор ривожланиш мақсадлари доирасида гендер тенглик ва муносиб меҳнат шароитларига эришишда маҳалланинг ўрни” мавзусида республика БРМ ойлигининг амалий босқичи сифатида жамоатчилик муҳокамаси ўтказилди. “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” доирасида ташкил этилган ушбу анжуманда 29 та маҳалланинг «маҳалла еттилиги» таркибига кирувчи ижтимоий соҳа ходимлари иштирок этди.
Тадбирда Оққўрғон тумани ҳокимлиги вакили Д. Холтўраев, Барқарор ривожланиш маркази вилоят бўлими раҳбари А. Туляганов ва марказ эксперти Ш. Азизовлар маъруза қилиб, БРМнинг 5-мақсади (Гендер тенглиги) ҳамда 8-мақсади (Муносиб меҳнат ва иқтисодий ўсиш)нинг ўзаро детерминантли алоқадорлигини илмий-амалий асослаб бердилар. Таъкидланганидек, аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари, хусусан, хотин-қизлар ва ногиронлиги бўлган шахсларни муносиб меҳнат шароитлари билан таъминлаш ҳамда уларнинг иқтисодий-сиёсий фаоллигини оширишда маҳалла институти асосий локомотив вазифасини ўтайди.
Муҳокамалар давомида ижтимоий ходимлар томонидан БРМнинг ушбу устувор мақсадларига эришишга қаратилган концептуал ва амалий таклифлар илгари сурилди. Хусусан, боқувчисини йўқотган аёллар оилаларини «Ижтимоий реестр»га киритишда даромад мезонларини қайта кўриб чиқиш ва ижтимоий ҳимоя механизмларини мақбуллаштириш (М. Буриева), маҳаллаларда мослашувчан иш графигига эга кичик ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш қувватларини (сутни қайта ишлаш, қадоқлаш, текстиль цехлари) ташкил этиш орқали хотин-қизлар бандлигини таъминлаш (Д. Буронова) ҳамда ёзги мавсумда мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятидаги узилишлар сабабли юзага келадиган гендер ва молиявий юкламаларни камайтириш масалалари кўтарилди.
Республика даражасидаги институционал муҳокамалар ва Тошкент вилоятида ўтказилган амалий жамоат муҳокамаси БРМ доирасида гендер тенгликка эришиш ва муносиб меҳнат шароитларини яратишда маҳалла институтининг беқиёс ўрнини намоён этиб, мамлакатда барқарор тараққиёт ва инсон манфаатларини таъминлашга хизмат қилади.