Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) кўрсаткичларини инсон қадри, маҳалла ободлиги ва ҳаёт сифати билан боғлаш вақти келди.
Барқарор ривожланиш мақсадлари ҳақида гап кетганда, кўпинча халқаро рейтинглар, миллий индикаторлар, стратегиялар ва ҳисоботлар тилга олинади. Албатта, буларнинг барчаси муҳим. Чунки ҳар қандай давлат ўз тараққиёт йўлини аниқ рақамлар, солиштирма маълумотлар ва халқаро мезонлар орқали баҳолайди.
Аммо оддий инсон учун барқарор ривожланиш тушунчаси бутунлай бошқача маънога эга. У учун бу — уйида тоза ичимлик суви бўлиши, фарзанди яхши мактабда ўқиши, поликлиникада соатлаб навбат кутмаслиги, ёшларнинг иш топиши, маҳаллада йўл ва ёритиш яхшиланиши, ҳавонинг тозалиги, тадбиркорнинг ортиқча тўсиқларсиз ишлаши, давлат идорасида масаласи адолатли ҳал бўлишидир.
Шу маънода, БРМ фақат БМТ кун тартиби ёки халқаро мажбурият эмас. У, аввало, инсон қадри, оила фаровонлиги, маҳалла ободлиги ва мамлакат келажагини таъминлайдиган ҳаётий мезондир.
Ўзбекистон сўнгги йилларда БРМни миллий тараққиёт сиёсати билан уйғунлаштириш борасида муҳим институционал асос яратди. “Ўзбекистон — 2030” стратегияси 5 та устувор йўналиш доирасида 100 та мақсадни қамраб олган бўлиб, мамлакатнинг кейинги тараққиёт босқичини инсон салоҳияти, ижтимоий адолат, иқтисодий ўсиш, экологик барқарорлик ва халқ хизматидаги давлат бошқаруви билан боғлайди.
Бироқ бугунги босқичда энг муҳим савол қуйидагича қўйилиши керак: мазкур мақсадлар оддий одам ҳаётида қанчалик сезиляпти?
Чунки тараққиётнинг ҳақиқий мезони фақат ялпи ички маҳсулот ўсиши, рейтингдаги ўрин ёки қабул қилинган дастурлар сони билан ўлчанмайди. У одамларнинг кундалик ҳаётидаги ўзгариш билан баҳоланади.
Рақамлар бор, энди улар ҳаётга янада чуқурроқ кириши керак
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 26 декабрдаги Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида мамлакат иқтисодий ўсиши, инфратузилма ривожи ва аҳоли турмуш шароити билан боғлиқ муҳим натижалар қайд этилди. Жумладан, электр энергияси ишлаб чиқариш 85 миллиард киловатт-соатга етгани, 715 минг аҳоли хонадонига биринчи марта тоза ичимлик суви етиб боргани, яна 2,3 миллион аҳоли учун сув таъминоти яхшилангани таъкидланди. Шунингдек, камбағаллик даражаси йил бошидаги 8,9 фоиздан 5,8 фоизга тушгани маълум қилинди.
Бу рақамлар, шубҳасиз, катта ижобий ўзгаришлардан далолат беради. Лекин БРМ нуқтаи назаридан яна бир савол муҳим: бу натижалар барча ҳудудлар, барча маҳаллалар ва барча ижтимоий гуруҳлар ҳаётида бирдек сезиляптими?
Агар республика бўйича ўртача кўрсаткич яхши бўлса-ю, айрим чекка маҳаллада сув танқислиги сақланса; шаҳарда янги уйлар қурилса-ю, бошқа ҳудудда ёшлар барқарор иш топишда қийналса; умумий таълим қамрови ошса-ю, айрим мактабларда сифат муаммоси қолса — демак, БРМни амалга оширишнинг навбатдаги босқичи ҳали олдинда.
Бошқача айтганда, Ўзбекистон учун бугунги вазифа — катта стратегияларни маҳалла, оила ва инсон ҳаётига янада чуқурроқ туширишдир.
Қўшни мамлакатлар билан қиёсий таҳлиллар нима кўрсатади?
Ўзбекистоннинг БРМ бўйича натижаларини баҳолашда қўшни давлатлар билан қиёсий таҳлил муҳим. Чунки Марказий Осиё мамлакатлари бир-бирига яқин муаммолар билан юзма-юз турибди: сув танқислиги, иқлим ўзгариши, энергетика хавфсизлиги, меҳнат миграцияси, ҳудудлар ўртасидаги тафовут, ёшлар бандлиги ва экологик хавфлар.
Барқарор ривожланиш бўйича 2025 йилги халқаро ҳисобот маълумотларига кўра, Марказий Осиё давлатлари орасида Қирғизистон ва Ўзбекистон нисбатан юқори натижа кўрсатган. Хусусан, Қирғизистон 74,50 балл, Ўзбекистон 73,08 балл, Қозоғистон 71,52 балл, Тожикистон 68,27 балл ва Туркманистон 67,25 балл билан баҳоланган.
Бу ҳолат Ўзбекистонда БРМ бўйича ижобий динамика борлигини, аммо кейинги босқичда сифат, ҳудудий тенглик ва экологик барқарорлик масалаларига янада жиддий эътибор қаратиш зарурлигини кўрсатади.
Бироқ рейтингдаги ўрин ёки умумий балл барча соҳаларда муаммолар ҳал бўлганини билдирмайди. Масалан, Қирғизистон БРМ индексида юқорироқ натижа кўрсатган бўлса-да, инсон тараққиёти индексида Ўзбекистондан пастда туради. Қозоғистон эса инсон тараққиёти ва даромадлар даражаси бўйича минтақада олдинда, аммо БРМ умумий бали бўйича Ўзбекистондан пастроқ натижа қайд этган. Бу ҳолат муҳим сабоқ беради: барқарор ривожланиш фақат иқтисодий ўсиш эмас, балки ижтимоий тенглик, экологик мувозанат ва самарали бошқарув уйғунлигидир.
БМТ Тараққиёт дастурининг 2025 йилги Инсон тараққиёти индексида Қозоғистон 60-ўринда, Туркманистон 95-ўринда, Ўзбекистон 107-ўринда, Қирғизистон 117-ўринда, Тожикистон 128-ўринда қайд этилган. Ўзбекистон юқори инсон тараққиёти гуруҳига киритилгани ижобий ҳолат, аммо мазкур қиёс таълим сифати, соғлиқни сақлаш, аҳоли даромадлари ва меҳнат унумдорлиги соҳаларида ҳали катта захира борлигини кўрсатади.
Демак, Ўзбекистон учун асосий мақсад фақат рейтингда юқорилаш эмас. Асосий вазифа — иқтисодий ўсишни инсон тараққиёти, ижтимоий адолат, экологик барқарорлик ва ҳудудий тенглик билан боғлашдир.
Халқаро индекслар — мақсад эмас, кўзгу
Халқаро индекслар мамлакат учун муҳим кўзгу вазифасини бажаради. Улар қайси соҳада олдинга силжиш борлигини, қайси йўналишда эса қўшимча ҳаракат зарурлигини кўрсатади.
Масалан, Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти томонидан эълон қилинадиган Глобал инновациялар индексида Ўзбекистон 2025 йилда 139 та иқтисодиёт орасида 79-ўринни эгаллади. Ушбу маълумотларга кўра, мамлакат қуйи ўрта даромадли иқтисодиётлар гуруҳида 7-ўринда, Марказий ва Жанубий Осиё минтақасида эса 3-ўринда қайд этилган.
Бу — муҳим имконият. Аммо инновация фақат IT-парк, стартап ёки университет лабораторияси доирасида қолиб кетмаслиги керак. У оддий одам ҳаётига кириб бориши лозим: мактабда ўқув натижасини аниқ баҳолаш, поликлиникада навбатни рақамли бошқариш, маҳаллада сув йўқотишини камайтириш, фермер учун сув тежовчи технологияни арзонлаштириш, ногиронлиги бўлган шахс учун давлат хизматларига киришни енгиллаштириш — ҳақиқий инновация ана шунда кўринади.
Экологик самарадорлик индекси ҳам Ўзбекистон учун муҳим сигнал беради. 2024 йилги ушбу халқаро индекс маълумотларига кўра, Ўзбекистон 107-ўринда, умумий бали 42,6 даражасида қайд этилган. Бу ҳаво сифати, сув ресурслари, чиқиндиларни бошқариш, биохилма-хиллик, иқлим ўзгариши ва шаҳар муҳити йўналишларида амалий чораларни янада кучайтириш зарурлигини кўрсатади.
Коррупцияни идрок этиш индекси ҳам БРМ нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга. Чунки барқарор ривожланиш фақат иқтисодий ўсиш ёки ижтимоий дастурлар билан чекланмайди; у, аввало, давлат бошқарувида очиқлик, адолат ва ишонч муҳитини талаб этади.
Коррупцияга қарши кураш соҳасида халқаро мониторинг олиб борадиган Transparency International ташкилоти маълумотларига кўра, Ўзбекистон бу йўналишда сўнгги йилларда ижобий силжишга эга бўлсада, давлат хизматлари, маҳаллий бюджетлар, давлат харидлари, қурилиш, субсидиялар ва ижтимоий ёрдам тизимида шаффофликни янада кучайтириш зарур. Зеро, ҳар қандай яхши дастур халқ ҳаётида натижа бериши учун маблағлар адолатли тақсимланиши, қарорлар очиқ қабул қилиниши ва жамоатчилик назорати амалда ишлаши керак.
Бу индекслардан чиқадиган асосий сабоқ шу: БРМни амалга ошириш учун фақат маблағ, стратегия ва дастурлар етарли эмас. Улар очиқлик, адолат, самарали ижро ва жамоатчилик назорати билан тўлдирилсагина халқ ҳаётида натижа беради.
Камбағалликни қисқартириш: ёрдамдан барқарор даромадга ўтиш зарур
Камбағалликни қисқартириш Ўзбекистонда сўнгги йилларда давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бирига айланди. Зеро, барқарор тараққиётнинг энг муҳим шарти — инсоннинг муносиб турмуш кечириши, барқарор даромадга эга бўлиши ва ҳаётда ўз имкониятини рўёбга чиқара олишидир.
Жаҳон банки маълумотларига кўра, 2024–2025 йилларда Ўзбекистонда аҳоли даромадларининг ўсиши, айниқса, паст даромадли қатламлар учун ижобий таъсир кўрсатган. Натижада миллий камбағаллик даражаси 8,9 фоиздан 5,8 фоизга тушган, аҳоли даромадлари ўртасидаги тафовут ҳам бироз қисқарган.
Бу ижобий натижани энди мустаҳкамлаш керак. Камбағал оилага нафақа ёки бир марталик ёрдам бериш зарур, аммо ундан ҳам муҳимроғи — шу оиланинг барқарор даромад манбаига эга бўлишидир. Бунинг учун ҳар бир камбағал оила бўйича “даромад харитаси” ишлаб чиқилиши мақсадга мувофиқ: ким касб ўрганади, ким ишга жойлашади, ким микробизнес бошлайди, кимга ижтимоий хизмат керак, кимни кооперацияга улаш мумкин — булар қоғозда эмас, маҳалла даражасида аниқ кўриниши лозим.
Камбағалликни қисқартиришнинг кейинги босқичи “ижтимоий ёрдам”дан “иқтисодий фаоллик”ка ўтиш билан боғлиқ бўлиши керак. Яъни ёрдам олувчи оила аста-секин ўз даромади, касби, бизнеси ёки меҳнат бозоридаги ўрни орқали мустақилликка чиқиши лозим. Бу БРМнинг ҳақиқий натижаси бўлади.
Таълимда қамровдан сифатга ўтиш вақти келди
Таълим БРМнинг энг муҳим йўналишларидан бири. Чунки сифатли таълим бўлмаса, камбағалликни қисқартириш ҳам, инновацион иқтисодиёт қуриш ҳам, муносиб иш ўринларини яратиш ҳам қийин.
Ўзбекистонда мактабгача таълим, умумий ўрта таълим ва олий таълим қамровини кенгайтириш бўйича катта ишлар амалга оширилди. Лекин кейинги босқичда асосий урғу қамровдан сифатга кўчиши керак. Болалар мактабга бораяптими — бу биринчи савол. Аммо ундан ҳам муҳим савол бор: бола мактабда нимани ўрганаяпти?
Битирувчи мустақил фикрлай оладими? Рақамли кўникмаларга эгами? Меҳнат бозорида ўз ўрнини топа оладими? Касб танлашга тайёрми? Олий таълим ёки касб-ҳунар тизими уни реал иқтисодиётга боғлай оляптими?
Шунинг учун ҳар бир ҳудудда таълим натижалари маҳаллий иқтисодиёт эҳтиёжлари билан боғланиши керак. Қайси туманда агро қайта ишлаш ривожланмоқда, қайси ҳудудда туризм, қайси жойда саноат, қайси шаҳарда хизмат кўрсатиш ва рақамли иқтисодиёт ўсмоқда — таълим ва касбга тайёрлаш дастурлари шу эҳтиёжларга мослашиши лозим.
Сифатли таълимнинг ҳақиқий мезони фақат мактаблар сони ёки қамров даражаси билан ўлчанмайди. У, аввало, боланинг билими, ўқитувчининг салоҳияти, мактаб муҳити, касбий йўналтириш, рақамли имкониятлар ва битирувчининг мустақил ҳаётга тайёрлигида намоён бўлади.
Соғлиқни сақлашда энг яқин бўғин ҳал қилувчи аҳамиятга эга
Фуқаро учун соғлиқ соҳасидаги ислоҳот аввало ўз маҳалласида, ўз поликлиникасида сезилади. Йирик тиббиёт марказлари, замонавий ускуналар ва ихтисослашган клиникалар муҳим. Лекин оддий одам учун энг биринчи савол бошқача: у шифокорга ўз вақтида кира оляптими? Дори топиляптими? Таҳлил топшириш осонми? Боласига профилактик ёрдам борми? Кекса ота-онасига тиббий хизмат етиб боряптими?
Шу боис соғлом турмуш ва фаровонлик мақсади — бирламчи тиббий хизматни кучайтириш билан чамбарчас боғлиқ. Поликлиникада навбат, шифокор юкламаси, дори-дармон мавжудлиги, оналар ва болалар саломатлиги, сурункали касалликларни эрта аниқлаш, тиббий хизматдан қониқиш даражаси очиқ ва доимий баҳоланадиган кўрсаткичга айланиши керак.
Соғлиқни сақлашдаги энг катта самара касалликни даволашдан олдин унинг олдини олишда кўринади. Шунинг учун профилактика, соғлом овқатланиш, жисмоний фаоллик, экологик хавфлар ва аҳоли саломатлиги ўртасидаги боғлиқлик маҳалла даражасида ҳам тушунтирилиши лозим.
Яшил иқтисодиёт оддий хонадонгача етиб бориши керак
Ўзбекистон иқлим ўзгариши таъсирини чуқур ҳис этаётган мамлакатлардан бири. Сув танқислиги, ер деградацияси, ҳаво сифати, чўлланиш, энергия самарадорлиги ва шаҳарларда экологик босим — буларнинг барчаси БРМ билан бевосита боғлиқ.
Яшил иқтисодиёт деганда фақат йирик қуёш ёки шамол электр станциялари тушунилмаслиги керак. Албатта, бундай лойиҳалар стратегик аҳамиятга эга. Лекин оддий инсон учун яшил иқтисодиёт — уйида электр таъминоти барқарор бўлиши, иситиш харажати камайиши, кўчасида дарахтлар кўпайиши, чиқинди ўз вақтида олиб кетилиши, сув тежовчи технология арзон ва қулай бўлиши, жамоат транспорти яхшиланиши, ҳаво сифати яхшиланишидир.
Шунинг учун тоза сув ва санитария, арзон ва тоза энергия, барқарор шаҳарлар, иқлим ўзгаришига қарши кураш ҳамда ер ресурслари ва экотизимларни муҳофаза қилиш билан боғлиқ мақсадлар бир-биридан ажралган ҳолда эмас, ягона ҳаётий занжир сифатида кўрилиши керак. Сув тежалса — қишлоқ хўжалиги барқарорлашади. Энергия самарадорлиги ошса — корхона харажати камаяди. Ҳаво тозаланса — аҳоли саломатлиги яхшиланади. Шаҳарлар яшиллашса — ҳаёт сифати ортади.
Экологияни фақат “табиатни муҳофаза қилиш” мавзуси сифатида эмас, иқтисод, соғлиқ, таълим, шаҳарсозлик ва ижтимоий адолат билан боғлиқ умуммиллий масала сифатида қараш вақти келди.
Маҳалла даражасида БРМ паспорти керак
БРМ кўрсаткичлари халқ ҳаётида сезилиши учун уларни маҳалла даражасигача тушириш зарур. Республика ёки вилоят бўйича ўртача рақамлар муҳим, аммо улар ҳар доим ҳам аниқ муаммони кўрсатиб бермайди.
Масалан, вилоятда ичимлик суви қамрови ошган бўлиши мумкин, аммо айрим маҳаллада ҳали сув муаммоси сақланиши мумкин. Туманда ишсизлик камайгани ҳақида маълумот бўлиши мумкин, аммо муайян маҳаллада ёшлар иш топишда қийналиши мумкин. Шаҳарда йўллар таъмирлангани айтилса-да, айрим кўчаларда ёритиш ёки пиёдалар хавфсизлиги муаммоси қолиши мумкин.
Шунинг учун ҳар бир туман ва маҳалла кесимида “БРМ ҳаётий паспорти”ни жорий этиш мақсадга мувофиқ. Унда аҳоли учун энг муҳим кўрсаткичлар акс этиши керак: ичимлик суви, электр таъминоти, йўл ҳолати, мактаб ва боғча шароити, поликлиника хизмати, чиқинди йиғиш, ёшлар бандлиги, аёллар даромади, ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай муҳит, ҳаво сифати, интернет ва давлат хизматлари.
Бу маълумотлар фақат идоралар учун эмас, аҳоли учун ҳам очиқ ва тушунарли бўлиши лозим. Одамлар ўз маҳалласида қайси кўрсаткич яхшиланганини, қайси муаммо сақланаётганини, қайси лойиҳага қанча маблағ ажратилганини билиши керак.
Бюджет натижага боғланса, ислоҳот самараси ортади
БРМни амалий натижага айлантириш учун маҳаллий бюджетлар ва инфратузилма лойиҳаларини аниқ натижалар билан боғлаш зарур. Ҳудудга маблағ ажратишда фақат аҳоли сони ёки умумий эҳтиёж эмас, балки натижа ҳам ҳисобга олиниши керак.
Масалан, қайси туманда ичимлик суви таъминоти яхшиланди, қайси маҳаллада ишсиз ёшлар сони камайди, қайси ҳудудда мактабгача таълим қамрови ошди, қайси шаҳарда ҳаво сифати яхшиланди, қайси жойда фуқаролар давлат хизматларидан кўпроқ қониқди — шу натижалар ҳудудлар фаолиятини баҳолашда асосий мезонга айланиши лозим.
Бошқача айтганда, маблағ сарфлангани эмас, натижа бергани муҳим. Қурилиш қилингани эмас, аҳоли ундан фойдаланаётгани муҳим. Дастур қабул қилингани эмас, одамлар ҳаётида ўзгариш сезилгани муҳим.
Бу ёндашув давлат бошқарувида ҳам, жамоатчилик назоратида ҳам янги маданиятни шакллантиради.
Очиқлик ва жамоатчилик назорати — БРМнинг асосий шартларидан бири
БРМни амалга оширишда фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари, маҳаллий кенгашлар, илмий марказлар ва мустақил экспертлар фаол иштирок этиши керак. Чунки фақат идоралар ҳисоботига таянилса, айрим муаммолар кўринмай қолиши мумкин.
Давлат харидлари, қурилиш, субсидия, ижтимоий ёрдам, ер ажратиш, коммунал хизматлар ва маҳаллий инфратузилма лойиҳалари бўйича “ажратилган маблағ — бажарилган иш — фуқаро баҳоси” занжири очиқ бўлиши лозим. Ҳар бир маҳаллада қайси лойиҳага қанча маблағ ажратилди, ким бажарди, муддат қандай, аҳоли бу ишдан розими — бу маълумотлар содда тилда эълон қилинса, давлат бошқарувида очиқлик ва жамоатчилик ишончи янада мустаҳкамланади.Бу ерда жамоатчилик назорати давлатга қарши эмас, аксинча ислоҳотларнинг сифатини оширишга хизмат қиладиган конструктив механизмдир. Фуқаролик жамияти институтлари айнан шу жараёнда давлат ва аҳоли ўртасида ишонч кўприги вазифасини бажариши мумкин.
Марказий Осиё учун умумий вазифа: рақобат эмас, ҳамкорлик
БРМни амалга оширишда Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан ҳамкорлиги алоҳида аҳамиятга эга. Чунки сув, иқлим, энергетика, транспорт, савдо, миграция ва экологик хавфлар миллий чегарани танламайди.
Қозоғистондан саноат кооперацияси, рақамли хизматлар, меҳнат унумдорлиги ва юқори қўшилган қийматли тармоқларни ривожлантириш бўйича ўрганиш мумкин. Қирғизистон ва Тожикистон билан сув-энергетика мувозанати, тоғли ҳудудларда иқлим хавфлари, чегараолди савдо ва меҳнат миграцияси масалаларида қўшма ечимлар зарур. Туркманистон билан энергетика, транспорт ва экологик барқарорлик бўйича амалий ҳамкорлик БРМ нуқтаи назаридан муҳим.
Ўзбекистоннинг сўнгги йилларда Марказий Осиёда яхши қўшничилик муҳитини мустаҳкамлаш, чегара масалаларини ҳал этиш, транспорт боғлиқлигини кенгайтириш ва минтақавий мулоқотни кучайтириш борасидаги ташаббуслари барқарор тараққиёт учун шериклик ва ўзаро ишонч қанчалик муҳим эканини кўрсатмоқда. Президент Мурожаатномасида ҳам 2025 йилда Самарқандда Марказий Осиё — Европа Иттифоқи саммити ва Халқаро иқлим форуми ўтказилгани, шунингдек, Хўжандда Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон етакчилари учрашувида муҳим келишувларга эришилгани минтақавий барқарорлик нуқтаи назаридан алоҳида қайд этилди.
Бу жараёнлар шуни кўрсатадики, Ўзбекистон учун БРМ нафақат ички ислоҳотлар, балки минтақавий барқарорлик ва ҳамкорлик кун тартибининг ҳам муҳим қисмига айланмоқда.
Янги бошқарув формуласи: индекс, маҳалла ва фуқаро баҳоси
Ўзбекистонда БРМни янги босқичга олиб чиқиш учун учта мезонни бирлаштириш зарур.
Биринчи мезон — халқаро индекслар. Улар мамлакатнинг дунёдаги ўрнини, кучли ва заиф томонларини кўрсатади.
Иккинчи мезон — маҳалла кесимидаги реал кўрсаткичлар. Улар қайси ҳудудда қайси муаммо борлигини аниқлашга ёрдам беради.
Учинчи мезон — фуқаро баҳоси. Чунки ислоҳотнинг энг адолатли баҳоловчиси — оддий инсоннинг ўз ҳаётидаги ўзгаришни сезиши ёки сезмаслигидир.
Агар ушбу уч мезон бирлашса, БРМ мониторинги фақат ҳисобот тайёрлаш воситаси эмас, давлат бошқаруви ва жамоатчилик назоратининг амалий инструментига айланади.
Хулоса ўрнида
Ўзбекистонда БРМни амалга ошириш учун сиёсий ирода ҳам, стратегик асос ҳам, ислоҳотлар тажрибаси ҳам мавжуд. “Ўзбекистон — 2030” стратегияси, камбағалликни қисқартириш сиёсати, маҳаллабай ишлаш тизими, яшил энергетика, сув тежаш, таълим ва соғлиқни сақлаш ислоҳотлари, рақамли давлат хизматлари ва минтақавий ҳамкорлик ташаббуслари БРМ билан бевосита уйғун.
Аммо кейинги босқичда асосий мезон ўзгариши керак: энди “қанча дастур қабул қилинди?” деган савол эмас, “одамлар ҳаётида нима ўзгарди?” деган савол биринчи ўринга чиқиши лозим.
Барқарор ривожланиш мақсадлари халқ учун тушунарсиз халқаро атама бўлиб қолмаслиги керак. У маҳалладаги тоза сувда, боланинг сифатли таълимида, онанинг тиббий хизматга етишида, ёшнинг иш топишида, тадбиркорнинг эркин фаолиятида, шаҳар ҳавосининг тозаришида ва фуқаронинг давлатга ишончида намоён бўлиши лозим.
Шундагина БРМ Ўзбекистон учун ташқи ҳисобот эмас, Янги Ўзбекистон тараққиётининг ҳаётий мазмунига айланади. Барқарор ривожланишнинг асл мақсади ҳам шу — рақамларни эмас, инсон қадрини юксалтириш.
Жаҳонгир Исаев,
“Барқарор ривожланиш маркази” ННТ бўлим бошлиғи