2026 йил 13 май куни Тошкент шаҳрида «Петербург мулоқоти» форумининг «Иқтисодиёт» ишчи гуруҳи доирасида «Катта Евроосиё, Россия ва Европа мамлакатларининг савдо-иқтисодий ҳамкорлиги: чақириқлар ва имкониятлар» мавзусида халқаро форум бўлиб ўтди.
Халқаро тадбирда Ўзбекистон, Россия ва Германиянинг илмий-таҳлилий марказлари, иқтисодий институтлари, бизнес ва эксперт доиралари вакиллари иштирок этди. Жумладан, Форумнинг «Иқтисодиёт» ишчи гуруҳи раҳбарияти, ВЭБ.РФ, ВЭБ Институти, СПбДУнинг Тошкент филиали, Россия Фанлар академияси, халқаро экспертлар, тадқиқотчилар ҳамда иқтисодий ҳамкорлик ва барқарор ривожланиш соҳаси мутахассислари ўз фикр-мулоҳазалари билан қатнашди.
Форумнинг иккинчи сессияси «Марказий Осиё мамлакатларининг барқарор ривожланиш соҳасидаги ҳамкорлиги» мавзусига бағишланди. Унда ер, сув ва инсон ресурсларидан самарали фойдаланиш, экологик стандартларни уйғунлаштириш, шаҳар муҳити сифатини яхшилаш, энергетик ўтиш ва “яшил” трансформация самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Сессияда «Барқарор ривожланиш маркази» ННТ вакили «Марказий Осиё мамлакатларининг барқарор ривожланиш соҳасидаги ҳамкорлиги: ресурслар, стандартлар, технологиялар ва жамоатчилик шериклиги» мавзусида кириш маърузаси билан иштирок этди.
Маърузада Марказий Осиё учун барқарор ривожланиш фақат экологик кун тартиби эмас, балки сув, ер, энергия, озиқ-овқат хавфсизлиги, инсон капитали, шаҳар инфратузилмаси ва минтақавий ишонч билан бевосита боғлиқ стратегик масала экани таъкидланди.
Шунингдек, минтақада сув — ер — энергия — озиқ-овқат — экология — инсон ўртасидаги ўзаро боғлиқликни инобатга олган ҳолда, ҳамкорликни амалий лойиҳалар, қўшма таҳлиллар, таълим дастурлари, пилот ташаббуслар ва жамоатчилик мулоқоти орқали ривожлантириш зарурлиги қайд этилди.
«Барқарор ривожланиш маркази» барқарор ривожланиш мақсадларини жамият учун тушунарли қилиш, минтақавий сиёсатда инобатга олиш ва уларни амалий таклифлар ҳамда лойиҳаларга айлантириш йўлида экспертлик, жамоатчилик мулоқоти ва халқаро шерикликни ривожлантиришга тайёрлигини билдирди.