Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг асосий мақсади мамлакат иқтисодиётининг барқарор ўсишини таъминлаш, унинг рақобатбардошлигини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли фаровонлигини юксалтиришдан иборат. Бу жараёнда иқтисодиёт тармоқларини модернизация қилиш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, инвестицияларни жалб этиш ва мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш барқарор иқтисодиётни шакллантиришнинг муҳим омиллари сифатида намоён бўлмоқда.
Иқтисодий тараққиётнинг замонавий модели нафақат юқори ўсиш суръатларига, балки унинг узоқ муддатли натижадорлигига ҳам асосланади. Шу боис ресурсларни тежаш, энергия самарадорлигини ошириш, сувдан оқилона фойдаланиш, экологик хавфларни камайтириш ва ишлаб чиқаришда замонавий технологиялардан фойдаланиш иқтисодий сиёсатнинг муҳим таркибий қисмига айланмоқда. Бундай ёндашув иқтисодий ўсиш билан бир қаторда атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтириш ва келажак авлодлар манфаатларини инобатга олиш имконини беради.
2026 йил 26 август куни Барқарор ривожланиш маркази ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Молия органлари ҳамда бюджет ташкилотларининг молия-ҳисоб бўлинмалари ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ўқув маркази билан ҳамкорликда “Барқарор иқтисодиёт - фаровон ҳаёт ва муносиб келажак пойдевори” мавзусида соҳа мутахассислари ва экспертлари иштирокида семинар ташкил этилди. Тадбирда молия соҳасида фаолият юритаётган мутахассислар, давлат молия органлари ва бюджет ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Мазкур тадбирда барқарор иқтисодиётни шакллантиришнинг асосий шартлари, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, инвестицияларнинг натижадорлигини ошириш, давлат қарзини самарали бошқариш ҳамда иқтисодий сиёсатнинг узоқ муддатли таъсирини баҳолаш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, глобал иқтисодий ўзгаришлар ва ташқи хатарлар шароитида миллий иқтисодиётнинг барқарорлигини мустаҳкамлаш, иқтисодий имкониятлардан самарали фойдаланиш ва аҳоли фаровонлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир давомида саноатни модернизация қилиш ва инновацион технологияларни жорий этиш, экспорт салоҳиятини ошириш, логистика тизимини такомиллаштириш ҳамда ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятидан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар билдирилди. Кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик учун қулай шароитлар яратиш ва янги иш ўринларини ташкил этиш орқали аҳоли даромадларини ошириш барқарор иқтисодиётнинг муҳим натижаларидан бири сифатида қайд этилди.
Барқарор иқтисодиётни таъминлашда молия тизимининг ўрни ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Бюджет маблағларидан самарали ва натижага йўналтирилган ҳолда фойдаланиш, солиқ тизимини такомиллаштириш, давлат молиясининг барқарорлигини таъминлаш ҳамда хусусий ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш механизмларини такомиллаштириш иқтисодий барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шунингдек, замонавий иқтисодиётнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучларидан бири бўлган инсон капиталига инвестиция киритиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Таълим ва кадрлар тайёрлаш тизимини иқтисодиёт эҳтиёжлари билан уйғунлаштириш, рақамли технологиялар, инновациялар ва замонавий касблар бўйича малакали мутахассислар тайёрлаш мамлакатнинг узоқ муддатли иқтисодий салоҳиятини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Умуман олганда, барқарор иқтисодиёт мамлакатнинг узоқ муддатли тараққиёти, аҳоли фаровонлиги ва келажак авлодлар учун муносиб ҳаёт шароитларини шакллантиришнинг мустаҳкам асосидир. Иқтисодий ўсишни инсон манфаатлари, инновациялар ва самарали ресурслардан фойдаланиш билан уйғунлаштириш орқали жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини янада юксалтириш мумкин.