Барқарор ривожланиш маркази 

  • O‘zbek
  • Ўзбек
  • Русский
  • English
  • Français

Аёллар ва болалар ҳуқуқлари ҳимояси – Соғлом жамият кафолати

06-03-2026 105

        Аёллар ва болалар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш ҳамда оила институтини мустаҳкамлаш жамиятда соғлом ижтимоий муҳитни шакллантиришнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади. Шу боис мамлакатимизда эрта никоҳ, эрта ёшдаги туғруқ ҳамда хотин-қизлар ва болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш масалалари давлат сиёсатида доимий эътибор марказида бўлиб келмоқда.

        Мазкур йўналишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва мутасадди идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида идоралараро кенгаш фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, аёллар ва болалар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган қатор ҳуқуқий ва ташкилий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, шаҳвоний шилқимлик учун белгиланган 5 суткагача маъмурий қамоқ жазосини қатъийлаштириш, педофилия каби оғир жиноятлар учун умрбод озодликдан маҳрум қилишгача бўлган жазо чораларини белгилаш, шунингдек, Жиноят кодексининг 118 ва 119-моддаларида назарда тутилган жинсий жиноятларни вояга етмаган шахсларга нисбатан содир этган маҳкумларни манзил-колонияларга ўтказмаслик, жинсий жиноятларга оид қатор моддалар бўйича ишларни тергов қилиш ваколатини ички ишлар органларидан прокуратура органларига ўтказиш    каби чоралар назарда тутилган.

        Аёллар ва болаларга нисбатан содир этиладиган зўравонлик жиноятлари билан махсус тайёргарликдан ўтган адвокатлар, терговчилар ва судьялар шуғулланиши ҳам мазкур йўналишдаги муҳим чоралардан бири ҳисобланади. Зўравонликдан жабрланган ва ҳимоя ордери берилган хотин-қизлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида уларнинг телефон қурилмаларига махсус “SOS” иловаларини ўрнатиш механизми жорий этилмоқда. Ушбу тизимга кўра, чақирув тугмаси босилганда 5 километр радиусдаги ички ишлар ходимлари 10 дақиқа ичида манзилга етиб келиши кўзда тутилган. Эрта никоҳнинг олдини олиш ва ёшларни оила қуришга масъулият билан ёндашишга рағбатлантириш масалалари ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Маълумотларга кўра, юртимизда никоҳларнинг тахминан 40 фоизи 18–19 ёшдагилар ўртасида тузилади. Халқаро ташкилотлар эса энг мақбул никоҳ ёши сифатида 21 ёшни тавсия этади. Бу ёшга етган шахслар одатда молиявий мустақилликка эришиб, оила қуришга ҳар томонлама тайёр бўлади. Шу асосда никоҳни 21 ёшга етган шахслар ўртасида тузилишини рағбатлантириш мақсадида қўшимча молиявий қўллаб-қувватлаш механизмларини жорий этиш, давлат божидан имтиёзлар бериш орқали никоҳ шартномаларини кенг оммалаштириш каби чоралар белгиланди.

        Шунингдек, никоҳ ёшига оид қонунчиликни бузганлик учун белгиланган жариманинг 15 фоизини бундай ҳолат ҳақида хабар берган шахсларга бериш тартибини жорий этиш орқали эрта никоҳларни аниқлаш самарадорлигини ошириш таклиф этилди. Эрта никоҳ ва 16 ёшгача бўлган ҳомиладорлик ҳолатлари ҳақида ички ишлар органлари ҳамда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларига хабар бериш бўйича идоралараро тизим йўлга қўйилиб, бундай ҳолатлар ҳақида хабар бермаслик учун маъмурий жавобгарлик белгилаш ҳам назарда тутилган.    

        Аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган мазкур чора-тадбирлар жамиятда адолат, хавфсизлик ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Зеро аёл ва бола қадри улуғланган жамиятда соғлом оила, барқарор тараққиёт ва фаровон келажак учун мустаҳкам пойдевор яратилади.