Ўзбекистонда хотин-қизлар ҳуқуқларини мустаҳкамлаш ва уларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар халқаро даражада ўз натижасини кўрсатиб бормоқда. Жаҳон банкининг “Аёллар, бизнес ва қонун” индекси бўйича 2026 йилги ҳисоботида мамлакатимиз 190 та давлат орасида 82,1 балл тўплаб, 43 поғонага юқорилади ва кучли 50 таликдан ўрин олди. Айниқса, “Эркинлик”, “Оила”, “Меҳнатга ҳақ тўлаш”, “Бола парвариши” ҳамда “Мулк ва мерос” йўналишлари бўйича максимал — 100 балл натижа қайд этилди. “Меҳнат” индикатори 50 баллдан 91,75 баллгача, “Пенсия” кўрсаткичи эса 50 баллдан 66,75 баллгача ошди. Шунингдек, Ўзбекистон барча асосий кўрсаткичлар бўйича жаҳон ўртача даражасидан юқори натижаларни намойиш этди. “Европа ва Марказий Осиё” минтақасида ҳам ўртача кўрсаткичлардан устунлик қайд этилди. Иқтисодий имкониятлари ўхшаш давлатлар билан таққослаганда, ҳуқуқий тенглик борасида қарийб 24 баллга илгарилагани алоҳида эътиборга молик.
Бу натижалар изчил олиб борилган ислоҳотлар самарасидир. 2020 йилда Ўзбекистон хотин-қизлар ҳуқуқлари ва гендер тенглик бўйича муҳим ўзгаришларни амалга оширган 27 та давлат қаторидан жой олди. Шундан кейин кўрсаткичлар босқичма-босқич яхшиланиб борди: 2021–2023 йилларда индекс бўйича 70,6 балл қайд этилди. 2024 йилда эса 82,5 балл билан Марказий Осиёда биринчи ўринни қайд этди.
2023 йил октябрдан 2025 йил октябргача бўлган даврда Ўзбекистон гендер тенглик йўналишида фаол ислоҳотлар ўтказган 68 та давлат қаторига киритилди. Биргина “Тадбиркорлик” йўналишида давлат харидлари тизимига гендер тамойилларини жорий этган етакчи 6 давлатдан бири сифатида эътироф этилди.
Ушбу натижалар мамлакатимизда хотин-қизлар учун тенг ҳуқуқий шароит яратиш ва уларнинг иқтисодий фаоллигини қўллаб-қувватлаш борасида амалий ишлар олиб борилаётганини кўрсатади.