Жорий йилнинг 19 январь куни Барқарор ривожланиш маркази директори Марифжон Усманов ҳамда Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТИКА) ваколатхона раҳбари Жемалеттин Туней билан учрашув бўлиб ўтди.
Мазкур агентлик Туркия Республикаси Бош Вазири девони ҳузуридаги техникавий ёрдам кўрсатиш ташкилоти бўлиб, 1992 йилда ташкил этилган. Ҳозирда ташкилотнинг Европа, Осиё ва Африка қитъаларидаги 140 га яқин давлатда 50 дан ортиқ ваколатхонаси фаолият кўрсатмоқда.
Учрашув давомида Марказ раҳбари М. Усманов Ўзбекистонда нодавлат нотижорат ташкилотларининг жамият ҳаётидаги ўрни ва ривожланиш истиқболлари, фуқаролик жамиятини шакллантиришда давлат сиёсатида айнан шу масалани рўёбга чиқариш, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлаш, уларга ижтимоий ҳаётда иштирок этиш учун тенг ҳуқуқий имкониятлар яратиб бериганлиги, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ички ва ташқи сиёсатнинг мазмун-моҳияти, барқарор ривожланиш мақсадлари доирасида амалга оширилаётган ишлар натижалари, шунингдек, Барқарор ривожланиш марказининг мақсад ва вазифалари, фаолият кўлами билан яқиндан таништириб ўтди.
Музокара давомида Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТИКА) ваколатхонаси ва Барқарор ривожланиш маркази ўртасида икки томонлама ҳамкорлик масалаларини ҳам атрофлича муҳокама қилинди.
Жумладан, икки мамлакат ўртасидаги истиқболли ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошириш, ҳамкорликни янада жадаллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув якунида Туркия ва Ўзбекистон мутахассислари
ва экспертлари иштирокида ҳалқаро конференция ва давра суҳбатлари ўтказишга келишиб олинди.