Барқарор ривожланиш маркази 

  • O‘zbek
  • Ўзбек
  • Русский
  • English
  • Français

Аёллар учун алоҳида вагонлар: хавфсизлик ва ижтимоий маданият масаласи

13-03-2026 314

Дунёнинг айрим мамлакатларида жамоат транспортида аёллар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида фақат аёллар учун мўлжалланган метро ёки поезд вагонлари жорий қилинган. Масалан, Япония метро тизимида “Women Only” вагонлари кенг қўлланилади. Бу вагонлар тирбанд соатларда фаол ишлатилади ва у ерда эркакларнинг юриши тақиқланади. Бундай тизимнинг жорий этилишига сабаб жамоат транспортида аёлларга нисбатан жинсий тажовуз ҳолатларининг кўп учраши бўлган. Маълумотларга кўра, ҳар йили Японияда жамоат транспортида аёлларга нисбатан тегажоғлик қилган минглаб эркаклар қўлга олинади. Шу сабабли Токио ва бошқа йирик шаҳарларда аёллар учун алоҳида вагонлар ташкил этилган. Шунга ўхшаш амалиёт Ҳиндистонда ҳам мавжуд. Кўплаб поездларда аёллар учун махсус вагонлар ажратилган. Айрим ҳолларда эркаклар аёллар вагонларига ўтишга ҳатто ҳаракат ҳам қилмайди ва транспорт маданияти шу тарзда шаклланган.

Бразилиянинг Рио-де-Жанейро метро тизимида ҳам аёллар учун алоҳида вагонлар мавжуд. Бу вагонлар одатда пушти ранг билан ажратиб кўрсатилади ва тирбанд пайтларда эркаклар учун кириш чекланади. Айрим станцияларда ҳатто қўриқчилар туриб, ушбу қоидаларга риоя қилинишини назорат қилади. Бунга сабаб жамоат транспортида аёлларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари кузатилганидир.

Миср пойтахти Қоҳира метро тизимида ҳам аёллар учун махсус вагонлар мавжуд. Айрим араб мамлакатларида эса жамоат транспортида эркаклар ва аёллар учун алоҳида жойлар ажратилиши одатий ҳол ҳисобланади. Масалан, автобусларда олд қисми кўпинча аёллар учун мўлжалланган бўлади.

Мутахассислар бу тизимни фақат транспорт масаласи сифатида эмас, балки жамоат хавфсизлиги ва ижтимоий маданиятни таъминлаш воситаси сифатида ҳам баҳолайдилар. Айниқса аҳолиси зич бўлган йирик шаҳарларда аёллар, қизлар ва болаларнинг жамоат транспортида ўзини хавфсиз ҳис қилиши муҳим омил ҳисобланади.

Ўзбекистонда ҳам метро ва жамоат транспортидан фойдаланувчилар сони йил сайин ортиб бормоқда. Шу сабабли келажакда халқаро тажрибани ўрганиш, айниқса аёллар, болалар ва ҳомиладор аёллар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган шундай ташаббусларни кўриб чиқиш жамоат транспортида хавфсизлик, ҳурмат ва ижтимоий маданият муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши мумкин.

Мадинабону Шарифова Барқарор ривожланиш маркази бош мутахассиси