Таълим — инсон капитали ривожи, жамият тараққиёти ва барқарор келажакни таъминлашнинг асосий стратегик омилларидан биридир. БМТ Бош Ассамблеясининг 2018 йил 3 дeкабрдаги резолюциясига мувофиқ, 24 январь – Халқаро таълим куни сифатида белгиланиши таълимнинг тинчликни мустаҳкамлаш, ижтимоий тенгликни таъминлаш ва инновацион тараққиётга хизмат қилишдаги ўрнини халқаро миқёсда эътироф этишга қаратилган.
Замонавий шароитда таълим нафақат билим бериш воситаси, балки шахснинг танқидий фикрлаш, ижтимоий масъулият ва глобал фуқаролик компетенцияларини шакллантирувчи муҳим механизм сифатида намоён бўлмоқда. Айниқса, Барқарор ривожланиш мақсадларининг 4-мақсади— сифатли, инклюзив ва тенг таълимни таъминлаш — ҳар бир мамлакат учун устувор вазифа ҳисобланади.
Халқаро таълим куни таълим соҳасида инновацион ёндашувларни қўллаб-қувватлаш, рақамли трансформацияни жадаллаштириш, таълимда тенг имкониятларни таъминлаш ва умрбод таълим тамойилларини қарор топтириш зарурлигини яна бир бор ёдга солади.