Барқарор ривожланиш маркази 

Сайт синов режимида ишламоқда
  • O‘zbek
  • Ўзбек
  • Русский
  • English
  • Français

«10 минг корхона учун - сунъий интеллект ҳамкор» дастури меҳнат бозорига қандай ўзгаришлар олиб келади?

18-08-2026 180

    Бугун сунъий интеллект шунчаки замонавий технология эмас, балки иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини оширадиган, иш жараёнларини енгиллаштирадиган ва янги касбларга йўл очадиган амалий воситага айланмоқда. Маълумотларни тез таҳлил қилиш, сарфларни камайтириш, маҳсулот сифатини назорат қилиш ҳамда бозор талабини олдиндан баҳолаш корхона самарадорлигига бевосита таъсир қилмоқда. Шу боис сунъий интеллектни алоҳида синовлар доирасида қолдирмай, корхоналарнинг кундалик иш жараёнига олиб кириш масаласи кун тартибига чиқмоқда.

    2026 йил 18 август куни Хивада ўтказилган тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда Президент Шавкат Мирзиёев «10 минг корхона учун - сунъий интеллект ҳамкор» дастури бошланишини маълум қилди. Бу рақам ортида 10 мингта корхонанинг технологик янгиланиши, минглаб амалий вазифа ва буюртмалар турибди. Корхона маълумотларини тартибга солиш, дастурни иш жараёнига мослаштириш, ускуналарга улаш ва ходимларни ўқитиш дастурчи, тизим муҳандиси ҳамда техник мутахассислар меҳнатини талаб қилади. Бундай кўлам маҳаллий ишлаб чиқувчилар ва ёш мутахассислар учун янги иш майдонини, ҳудудлар учун эса қўшимча бандлик манбаини шакллантириши мумкин.

    Сунъий интеллект корхоналарга кириб келган сари меҳнатнинг мазмуни ҳам ўзгаради. Бир хил тартибда бажариладиган вазифалар автоматлашади, ишлаб чиқариш оператори автоматлашган бошқарув панели билан ишлашни, технолог маҳсулот сифатига оид маълумотларни таҳлил қилишни, таъминот мутахассиси эса талабни олдиндан баҳолайдиган дастурдан фойдаланишни ўрганади. Бу ўзгариш янги рақамли касбларни юзага келтириш билан бирга, амалдаги касб эгаларининг малакасини оширишга ҳам туртки беради. Жараённинг шу жиҳати Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (БМТ) Барқарор ривожланиш мақсадларидан 8-мақсад - муносиб меҳнат ва иқтисодий ўсиш билан бевосита боғлиқ. Чунки замонавий иқтисодиётда иш ўринларининг сони билан бирга, уларнинг сифати, меҳнат унумдорлиги ва ходимларнинг касбий салоҳияти ҳам катта аҳамиятга эга.

    Корхона учун энг сезиларли енгиллик - сунъий интеллектни жорий этиш харажатининг ярми қопланишидир. Рақамли ҳукумат марказида биринчи суперкомпьютер кластери ишга туширилган бўлиб, келгуси йил унинг қувватини уч карра ошириш режалаштирилган. Янги маҳсулот учун сунъий интеллект моделини яратаётган корхоналар мазкур кластердан бепул фойдаланиш имконига эга бўлади. Корхоналарнинг янги маҳсулот яратиш ва илғор технологияларни жорий этишга доир илмий-тадқиқот харажатлари ҳам бюджетдан қопланади. Тайёр дастурлар барча тадбиркорлар фойдаланиши мумкин бўлган очиқ платформага жойлаштирилади, дастурнинг дастлабки босқичига эса 100 миллион доллар ажратилади. Очиқ платформадаги ечимларни муайян корхонага мослаштириш, ускуналарга улаш ва кейинги техник хизмат маҳаллий дастурчилар, тизим муҳандислари ҳамда автоматлаштириш мутахассислари учун мунтазам буюртмалар пайдо қилиши мумкин.

    Рақамлар бу жараённинг меҳнат бозорига таъсирини яққол кўрсатади. Президент нутқида қайд этилганидек, замонавий бошқарув ва сунъий интеллект ёндашувларини қўллаган тадбиркорларнинг 54 фоизида маҳсулотга талаб кескин ошган, 25 фоизида таннарх сезиларли камайган. Эътиборлиси, корхоналарнинг 40 фоизида даромад кўпайиши ортидан ишчилар ойлиги 10 фоиздан зиёд ошган. Яъни технологиядан олинаётган самара корхона кўрсаткичларидагина эмас, ходимларнинг даромадида ҳам акс этмоқда.

    Технология қанчалик илғор бўлмасин, уни ишга туширадиган ва натижага айлантирадиган куч - малакали кадр. Урганч шаҳридаги Касбий маҳорат техникуми ва Касблар шаҳарчаси бунинг аниқ мисолидир: бу ерда мактаб ўқувчилари иқтидорига қараб, Германия ва Хитой тажрибаси асосида талаб юқори бўлган 10 турдаги касбга йўналтирилмоқда. Энди ушбу тажрибани барча ҳудудларга ёйиб, 1 миллион нафар ёшни замонавий касблар билан қамраб олиш ва мамлакатнинг ўзида юқори даромадли ишларга жойлаштириш мақсади белгиланди. Шу маънода, дастур қамраб оладиган 10 минг корхона ёш мутахассислар учун касбни амалда ўрганиш майдонига айланиши мумкин.

    Рақамли ечимнинг амалий қиймати у корхона цехида ишлай бошлаганида кўринади. Президент нутқида тўқимачиликда автоматлашган бошқарув тизимларини жорий этиш харажатининг ярми қопланаётгани, энди бу тартиб электротехника, қурилиш материаллари ва озиқ-овқат саноати корхоналарига ҳам татбиқ этилиши айтилди. Бундай тизимни ишлаб чиқариш жараёнига улашда дастурчи билан бирга муҳандис, технолог, ускуна созловчи ва техник хизмат мутахассиси ҳам иштирок этади. Шу тариқа рақамли касблар доираси ахборот технологиялари соҳаси билан чекланмай, бевосита ишлаб чиқариш майдонларига қадар кенгаяди.

    Кадрлар тайёрлашда бизнеснинг бевосита иштирокини кенгайтириш учун ҳам аниқ рағбатлар таклиф этилди. Президент нутқида Саудия Арабистонининг ACWA Power компанияси учта вилоятда техникумларни жиҳозлаб, ҳар йили юзлаб ёшларни замонавий касбларга ўргатаётгани мисол қилиб келтирилди. Шу учрашувда ўз техникумини ташкил этган ёки давлат техникумини қабул қилиб, халқаро талабларга мос кадр тайёрлаган тадбиркорнинг харажатини солиқдан чегириш, бу мақсадда ер сотиб олган бўлса, сарфланган маблағни ер нархидан камайтириш таклиф этилди. Мазкур тартибни белгилайдиган қарор бир ой ичида қабул қилиниши билдирилди. Бундай рағбат сунъий интеллектни жорий этадиган корхоналар учун зарур мутахассисларни иш берувчининг бевосита эҳтиёжи асосида тайёрлашга хизмат қилиши мумкин.

    Меҳнат бозоридаги бу янгиланишлар Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиш йўлидаги натижаларига ҳам ҳисса қўшиши мумкин. Барқарор ривожланиш бўйича 2026 йилги ҳисоботда мамлакатимиз 72,95 балл билан 169 давлат орасида 65-ўринни эгаллаган, 8-мақсад - муносиб меҳнат ва иқтисодий ўсиш йўналишидаги ҳаракат эса мўътадил суръатда яхшиланаётгани қайд этилган. Дастурнинг бу йўналишга қўшган ҳиссасини малака оширган ходимлар, меҳнат унумдорлиги ва иш ҳақидаги ўзгаришлар, шунингдек, ҳудудларда яратилган барқарор иш ўринлари орқали баҳолаш мумкин. Ана шу мезонлар рақамли янгиланишнинг инсон ҳаётидаги амалий натижасини кўрсатади.

    Технология корхонага кирганида у фақат ускуналарни эмас, одамнинг кундалик меҳнатини ҳам рақамларда акс эттира бошлайди. Айрим сунъий интеллект тизимлари ходимнинг иш суръати, бажарган вазифалари ва маҳсулот сифатига оид кўрсаткичларни таҳлил қилиши мумкин. Бу маълумотлар иш ҳақи ёки касбий баҳога таъсир қилар экан, ходим ўзига доир маълумотлар билан танишиш ва хато бўлса, уни тузатиш имконига эга бўлиши керак. Сунъий интеллект чиқарган хулосани масъул мутахассис қайта кўриб чиқиши эса бир техник хато инсон меҳнатига берилган баҳони белгилаб қўйишининг олдини олади. Шунда рақамли бошқарув тезкорлик билан бирга адолат ва ишончни ҳам мустаҳкамлайди.

    Дастур номида 10 минг корхона тилга олинган, аммо унинг таъсири бу рақам билан чекланмайди. Ҳар бир янгиланган цехда янги ечимни яратадиган дастурчига, уни ишга туширадиган муҳандисга ва у билан ишлайдиган малакали ходимга эҳтиёж пайдо бўлади. Сунъий интеллект ишлаб чиқаришни жадаллаштириб, корхона даромади ва ходимларнинг меҳнат ҳақида ижобий ўзгариш яратса, у ҳақиқатан ҳам бизнеснинг ҳамкорига айланади. Дастурнинг кенг истиқболи ҳам шунда: технология корхонани янгилайди, малака ходимнинг меҳнат бозоридаги ўрнини мустаҳкамлайди, иқтисодиёт эса замонавий кўникмаларга эга мутахассислар ҳисобига янги суръат олади.

        

    Алишер Азизов,

“Барқарор ривожланиш маркази” ННТ бош мутахассиси