Барқарор ривожланиш маркази 

  • O‘zbek
  • Ўзбек
  • Русский
  • English
  • Français

Юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш: сифат жиҳатидан янги босқичга ўтиш зарурати

12-03-2026 236

        Бугунги глобал иқтисодий тебранишлар, геосиёсий ва ташқи бозорлардаги ўзгаришлар шароитида миллий иқтисодиётнинг барқарор ва юқори суръатларда ривожланишини таъминлаш ҳар бир давлат олдида турган устувор вазифалардан биридир. Айниқса, ривожланаётган мамлакатлар учун иқтисодий ўсиш нафақат миқдорий кўрсаткичлар, балки унинг сифат жиҳатлари самарадорлик, рақобатбардошлик, инновационлик ва юқори қўшилган қиймат яратиш билан баҳоланади.

        Хусусан, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, инвестиция сиёсатидаги очиқлик ва тадбиркорлик муҳитини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар иқтисодий ўсишнинг янги моделини шакллантиришга хизмат қилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар айнан шу мақсад – юқори иқтисодий ўсиш суръатларини янги босқичга олиб чиқиш заруратини яна бир бор долзарб масала сифатида кун тартибига қўйди.

        Макроиқтисодий натижаларга назар ташласак, 2025 йил якунига кўра ялпи ички маҳсулот    7,7 фоизга ўсиб,    147 млрд. доллардан ошди. Иқтисодий ўсишнинг ярмидан кўпи хизматлар соҳаси ҳисобига таъминлангани иқтисодиёт таркибий диверсификацияси чуқурлашаётганини англатади. Бу ҳолат саноат ва аграр сектор билан бир қаторда хизматлар соҳасининг ҳам ўсиш драйверига айланаётганини кўрсатади.

        Қишлоқ хўжалигида гектаридан ўртача даромад    4,5 минг доллардан    5 минг долларгача ошгани, меҳнат унумдорлиги    4,7 фоизга кўтарилгани аграр соҳада самарадорликка қаратилган ислоҳотлар натижа бераётганини тасдиқлайди. Бу жараён ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, интенсив технологияларни жорий этиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг бозорбоплигини ошириш билан бевосита боғлиқ.

        Иқтисодий ўсиш сифатини белгилайдиган муҳим омиллардан бири бу – энергия самарадорлигидир. Бир йил ичида бир долларлик қўшилган қиймат яратишга сарфланган энергия харажатларининг    15 фоизга камайгани юқори қўшилган қиймат берадиган лойиҳалар сони ортиб бораётгани, технологик янгиланиш ва энергия тежамкор ускуналарнинг кенг жорий этилаётганини англатади. Бу эса миллий иқтисодиётнинг барқарор ва рақобатбардош ривожланиши учун мустаҳкам асос яратади.

        2026 йил учун    6,6 фоиз    иқтисодий ўсиш орқали ЯИМ ҳажмини    167 млрд. долларга етказиш мақсад қилинаётгани асосий вазифалар сифатида кўрсатиб ўтилди. Геосиёсий беқарорлик ва ташқи иқтисодий тебранишлар шароитида бу эҳтиёткор прогноз сифатида баҳоланмоқда. Шу билан бирга, ресурслардан самарали фойдаланиш, янги экспорт бозорларини очиш, рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали ушбу кўрсаткичларни янада юқори даражага олиб чиқиш имкониятлари мавжудлиги таъкидланди. Бу эса иқтисодий ўсишнинг янги драйверларини шакллантиришга қаратилган стратегик ёндашувни ифода этади.

        Бундан ташқари, стратегик корхоналар самарадорлигини ошириш масаласи ҳам устувор вазифалар қаторида белгиланди.    “Franklin Templeton”    компанияси таҳлилларига кўра, логистика, корпоратив маданият, рақамлаштириш ва энергия самарадорлиги соҳаларида катта захиралар мавжуд. Шу билан бирга,    19 та    стратегик корхонада таннархни    10–15 фоизга қисқартириш вазифаси қўйилгани саноат рақобатбардошлигини оширишга қаратилган тизимли чора ҳисобланади. Бунда иқтисод қилиш ишлаб чиқариш ҳажмини қисқартириш орқали эмас, балки самарадорликни ошириш ҳисобига таъминланиши лозимлиги алоҳида таъкидланди. Бу    “кам харажат – юқори қўшилган қиймат”    тамойилини мустаҳкамлайди.

        Шунингдек, стратегик корхоналарни    “Ягона ғазначилик”    ахборот тизими билан қамраб олиш ва давлат харидларини риск-таҳлил асосида тоифалаш бюджет интизомини кучайтиришга хизмат қилади. Давлат харидларида маҳаллий маҳсулотлар улушини ошириш ҳам ички ишлаб чиқаришни рағбатлантиришнинг муҳим механизми сифатида кўрилмоқда.

        Ҳудудий саноатни ривожлантиришдаги номувозанатлар ҳам танқидий таҳлил қилинди. Сўнгги уч йилда республика саноати    21 фоизга ўсган бўлса-да, айрим туманларда бу кўрсаткич    10 фоизга ҳам етмаган. Бу ҳолат кредит ресурслари ва инвестициялар ўсиши саноат ўсишига мутаносиб таъсир кўрсатмаётганини, бошқарув ва лойиҳа самарадорлигида тизимли муаммолар борлигини кўрсатади. Шу боис саноатни камида    8,5 фоизга ошириш бўйича тармоқбай ва ҳудудбай режаларни тасдиқлаш мақсадли бошқарув моделини жорий этишнинг муҳим босқичидир.

        Автомобилсозлик соҳасида    650 минг дона    қувватга эга    4 та    йирик корхона мавжудлиги, 2026 йилда ишлаб чиқаришни    510 мингтага етказиш режаси ва    763 та    янги детални маҳаллийлаштириш вазифаси кооперация ва локализация даражасини ошириш орқали импортга қарамликни қисқартириш ҳамда қўшимча қиймат занжирини кенгайтиришга хизмат қилади.

        Инвестиция сиёсатида ҳам сифатга устуворлик берилаётгани диққатга сазовор. 2026 йилда    50 млрд. доллар    хорижий инвестиция жалб этиш режаси белгиланган бўлса-да, асосий эътибор ҳар бир лойиҳанинг бозори, экспорт салоҳияти, қўшилган қиймати ва яратадиган иш ўринларига қаратилиши таъкидланди. Бу ёндашув инвестицияларнинг натижадорлигини ошириш, самарасиз лойиҳаларнинг олдини олиш ва иқтисодиёт таркибий сифатини яхшилашга хизмат қилади.

        Қурилиш соҳаси ҳажмни    400 триллион сўмга етказиш ва    17 фоиз    ўсишни таъминлаш вазифаси ички талабни қўллаб-қувватлаш билан бирга саноат, қурилиш материаллари, металлургия ва электротехника тармоқлари учун кенг бозор яратади. Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси учун бюджетдан    40 триллион сўмажратилиши қурилиш, қурилиш материали, металлургия ва электротехника корхоналари учун катта бозор экани қайд этилди.

        Энергия самарадорлиги ва ресурс тежаш чоралари иқтисодий барқарорликнинг муҳим шартидир. 2026 йилда кичик ва ўрта корхоналарда    100 миллион куб метр    газ ва    500 миллион киловатт-соат    электр тежаш режаси белгиланган. Шунингдек,    917 мингтаёритиш чироқларини модернизация қилиш орқали йилига    330 миллион киловатт-соатэлектр тежаш имконияти мавжуд. Бу чоралар инфляцион босимни пасайтириш, ишлаб чиқариш харажатларини қисқартириш ва энергия тежамкорликни таъминлашга хизмат қилади.

        Хулоса қилиб айтганда, белгиланган вазифалар Ўзбекистон иқтисодиёти янги сифат босқичига ўтаётганини кўрсатади. Эндиги устувор йўналишлар самарадорликни ошириш, юқори қўшилган қиймат яратиш, экспорт географиясини кенгайтириш, энергия тежамкорлик ва рақамлаштиришни чуқурлаштиришдан иборат. Юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш фақат макроиқтисодий кўрсаткичлар эмас, балки ҳар бир тармоқ ва ҳудуд кесимидаги аниқ натижалар орқали амалга оширилади. Белгиланган чора-тадбирлар тизимли ва қатъий назорат асосида ҳаётга татбиқ этилса, 2026 йил ва ундан кейинги даврда иқтисодий ўсишни янада юқори босқичга олиб чиқиш учун барча зарур шарт-шароитлар мавжуд.

    Искандар ЎРОҚБОЕВ

    Барқарор ривожланиш маркази    

    бўлим бошлиғи