Ер масаласи фақат кадастр, мулк ёки ижара муносабати эмас. Бу — озиқ-овқат хавфсизлиги, тадбиркорлик муҳити, уй-жой сиёсати, инвестиция жозибадорлиги, сув ресурслари ва экологик барқарорлик билан боғлиқ стратегик йўналишдир. Ўзбекистонда сўнгги йилларда ер ажратишда очиқлик, электрон аукцион, мулк ва ижара ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги ерларидан самарали фойдаланиш бўйича муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Эндиги асосий вазифа — ушбу ўзгаришларни ягона, тушунарли ва замонавий Ер кодекси мантиғига жамлашдан иборат.
Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Ер кодексида ер умуммиллий бойлик сифатида белгиланган. У халқ ҳаёти, фаолияти ва фаровонлигининг асоси бўлгани учун ундан оқилона фойдаланиш ва уни давлат томонидан муҳофаза қилиш зарурлиги қайд этилган. Кодексда ер қонунчилигининг вазифалари қаторида тупроқ унумдорлигини тиклаш ва ошириш, табиий муҳитни асраш, ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш ҳам белгиланган. Демак, ерга муносабатда учта мезон — иқтисодий самара, ҳуқуқий кафолат ва экологик масъулият бир-биридан ажралмаслиги керак.
Сўнгги йиллардаги ислоҳотлар айнан шу мувозанатни таъминлашга қаратилди. Президентнинг 2021 йил 8 июндаги ПФ–6243-сон фармони билан ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ҳамда уларни бозор активига айлантириш бўйича янги тартиблар белгиланди. Ушбу фармон ер ажратишда маъмурий қарорбозликни камайтириш, очиқ рақобат ва ҳуқуқий кафолатларни кучайтиришда муҳим бурилиш бўлди.
Амалиётдаги энг муҳим ўзгаришлардан бири — ер участкаларини ажратишда электрон аукцион механизмларининг кенгайишидир. Амалдаги тартибга кўра, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар барча турдаги қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари иштирок эта оладиган электрон онлайн-аукцион якунларига кўра фақат ижара ҳуқуқи асосида ажратилади. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар эса мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилинади.
Бу ислоҳотларнинг сиёсий-ҳуқуқий аҳамияти шундаки, ер масаласида “кимнингдир қарори” эмас, қонун, очиқ маълумот, электрон тизим ва тенг рақобат устувор бўлиши керак. Ер ажратишда шаффофлик — фақат иқтисодий ислоҳот эмас, балки адолатли давлат, мулк ҳуқуқи кафолати ва коррупциявий омилларни қисқартиришнинг муҳим шартидир.
Айниқса, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ер муносабатларига оид айрим ваколатлари, шу жумладан ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни белгилаш, эътироф этиш ва ўзгартириш бўйича қарор қабул қилиш ҳуқуқининг бекор қилингани муҳим институционал ўзгариш бўлди. Шу билан бирга, ер муносабатларига доир қарорларни “E-qaror” тизими орқали қабул қилиш, географик маълумотлар ва хариталарни кадастр ахборот тизими орқали шакллантириш тартиблари ҳам белгиланган.
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисидаги қонун ҳам шу йўналишдаги муҳим қадамлардан бири бўлди. Унда ер участкаларини хусусийлаштириш қонунийлик, ихтиёрийлик ва ҳақ тўлаш каби принциплар асосида амалга оширилиши белгиланган. Бу тадбиркор ва инвестор учун ҳуқуқий аниқлик, фуқаро учун эса мулкий кафолат деганидир.
Бироқ соҳадаги ижобий ўзгаришлар билан бирга, ҳал қилиниши керак бўлган жиддий масала ҳам бор: ер муносабатларига оид нормалар турли қонунлар, фармонлар, қарорлар ва идоравий тартибларга тарқалиб кетган. Амалдаги Ер кодекси 1998 йилда қабул қилинган. Кейинги йиллардаги ислоҳотлар эса унинг айрим моддаларига ўзгартиш киритиш ёки алоҳида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш орқали амалга оширилмоқда. Бу ҳуқуқий база ишламаяпти дегани эмас. Аксинча, ислоҳотлар бор. Аммо уларни ягона, тушунарли ва тизимли кодексга жамлаш эҳтиёжи кучаймоқда.
Бу эҳтиёж оддий фуқаро, фермер ёки тадбиркор ҳаётида ҳам яққол кўринади. Масалан, тадбиркор ер участкаси олиш, уни хусусийлаштириш, кадастрдан ўтказиш ёки унда объект қуриш учун бир нечта норматив ҳужжат, электрон тизим ва идоралараро тартиблар билан ишлашга мажбур бўлади. Фермер эса ер ижараси, қайта ижара, агротехник мажбуриятлар, сув таъминоти ва тупроқ унумдорлиги бўйича турли талабларга дуч келади. Қоида қанчалик тарқоқ бўлса, ҳуқуқий аниқлик шунчалик пасаяди, ортиқча бюрократия ва низолар хавфи ортади.
Шу нуқтаи назардан, “нега айнан ҳозир янги Ер кодекси керак?” деган саволга жавоб аниқ: ер муносабатлари бозор механизмларига ўтмоқда, қишлоқ хўжалиги ерларида қайта ижара институти шаклланмоқда, ўзбошимча эгалланган ерларни ҳуқуқий майдонга қайтариш жараёни кетмоқда, сув танқислиги ва тупроқ деградацияси хавфлари кучаймоқда. Демак, бу жараёнларнинг барчасини ягона кодексда тизимлаштириш кечиктириб бўлмайдиган вазифага айланмоқда.
Қишлоқ хўжалиги ерлари бўйича масала янада нозик. Чунки бу ерлар фақат иқтисодий ресурс эмас, балки озиқ-овқат хавфсизлиги, қишлоқ аҳолиси бандлиги ва экспорт салоҳияти билан боғлиқ ҳаётий манбадир. 2026 йил 6 мартдаги ЎРҚ–1120-сон қонун билан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкасининг ижарачиси айрим талабларга риоя этган ҳолда ўзига ижарага берилган икки ёки ундан ортиқ ер участкасидан бири ёки бир нечтаси бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятларини бошқа шахсга ўтказиши, яъни қайта ижарага бериши мумкинлиги белгиланди.
Бу механизм ердан самарали фойдаланиш имкониятини кенгайтириши мумкин. Ерни олган, аммо ундан тўлиқ фойдалана олмаётган ижарачи уни ишлата оладиган субъектга ўтказиши — иқтисодий жиҳатдан тўғри ёндашув. Лекин бу жараён очиқ реестр, кадастр маълумотлари, шартнома мажбуриятлари ва доимий назорат билан таъминланмаса, яширин “ер бозори” ёки норасмий ижара муносабатлари пайдо бўлиши эҳтимоли бор.
Яна бир мураккаб йўналиш — ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари. 2024 йилда қабул қилинган қонун ушбу ер участкалари ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишни мақсад қилган. Қонунда автоматлаштирилган ахборот тизими, маълумотларни жамоатчиликка эълон қилиш, давлат ва жамоатчилик назорати, низоларни ҳал этиш ҳамда жавобгарлик масалалари назарда тутилган.
Бу жараённинг кўлами ҳам жиддий. Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 27 майдаги қарорида 2025 йил 30 апрель ҳолатига кўра, 1 234 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги 247 мингдан ортиқ кўчмас мулк объекти хатловдан ўтказилгани, “Eʼtirof” автоматлаштирилган ахборот тизимига 99 мингга яқин объект жойлаштирилгани ва 200 дан ортиқ объектга нисбатан ҳуқуқлар эътироф этилгани қайд этилган. Бу рақамлар ер ва мулк ҳуқуқини расмийлаштириш масаласи кенг ижтимоий аҳамиятга эга эканини кўрсатади.
Бироқ бу ерда мувозанат муҳим. Ҳуқуқларни эътироф этиш йиллар давомида ҳужжатсиз яшаб келган аҳоли манфаатлари нуқтаи назаридан зарур. Лекин бу жараён келажакда “аввал ерни эгаллаб олиш, кейин қонунийлаштириш мумкин” деган нотўғри кайфиятни кучайтирмаслиги шарт. Шу боис қонунийлаштириш қатъий мезонлар, очиқ муддатлар, рад этиш асослари ва жамоатчилик назорати билан амалга оширилиши лозим.
Ер ислоҳотини фақат мулк, ижара ёки кадастр билан чеклаб бўлмайди. У сув, тупроқ, мелиорация ва иқлим ўзгариши билан ҳам бевосита боғлиқ. 2030 йилгача мўлжалланган устувор йўналишлар доирасида суғориладиган ер майдонларида шўрланган майдонларни 1,7 миллион гектаргача камайтириш, қишлоқ хўжалиги суғориладиган экин майдонларида сув тежаш технологиялари, шу жумладан ерларни лазерли текислаш билан таъминлаш даражасини 100 фоизга етказиш мақсадлари белгиланган.
Демак, янги босқичда Ер кодекси фақат “ер кимга берилади?” деган саволга эмас, балки “ер қандай асралади?”, “ундан қандай самара олинади?”, “тупроқ унумдорлиги қандай сақланади?”, “сув тежаш талаблари қандай таъминланади?” деган саволларга ҳам жавоб бериши керак. Ер чекланган ресурс. Уни бугунги эҳтиёж учун ишлатиш билан бирга, келажак авлодлар манфаати учун сақлаш ҳам давлат сиёсати, ҳам жамият масъулиятидир.
Амалий таклифлар
Биринчидан, Ер кодексини янги таҳрирда қабул қилиш мақсадга мувофиқ. Янги таҳрирда ер ажратиш, электрон аукцион, қишлоқ хўжалиги ерларини ижарага бериш, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларни хусусийлаштириш, қайта ижара, ўзбошимча эгалланган ерларга ҳуқуқни эътироф этиш, кадастр, ер тоифасини ўзгартириш ва ерни муҳофаза қилиш нормалари ягона тизимга келтирилиши керак.
Иккинчидан, “бир ер участкаси — бир ҳуқуқий мақом — бир рақамли паспорт” тамойилини жорий этиш лозим. Ҳар бир ер участкаси бўйича мулк ёки ижара ҳуқуқи, ер тоифаси, чекловлар, сервитутлар, аукцион тарихи, кадастр маълумотлари, сув таъминоти, мелиоратив ҳолат ва экологик чекловлар ягона рақамли паспортда акс этиши зарур.
Учинчидан, қишлоқ хўжалиги ерлари ижарасида натижага асосланган шартнома тизимини кучайтириш керак. Ижарачи фақат ерни олгани учун эмас, балки ундан самарали фойдалангани, тупроқ унумдорлигини сақлагани, сувни тежагани ва ерни деградацияга учратмагани учун баҳоланиши лозим.
Тўртинчидан, қайта ижара механизми тўлиқ шаффофлаштирилиши шарт. Қайта ижара шартномалари давлат рўйхатидан ўтказилиши, очиқ реестрда акс этиши ва ернинг ҳақиқий фойдаланувчиси аниқ кўриниши керак. Бу ердан самарали фойдаланишни рағбатлантиради, яширин келишувлар хавфини камайтиради.
Бешинчидан, ўзбошимчалик билан эгалланган ерларни қонунийлаштириш жараёни қатъий чегараланган бўлиши лозим. Ҳуқуқларни эътироф этиш аҳоли манфаати учун муҳим, лекин у янги қонунбузарликларни рағбатлантирмаслиги керак. Шунинг учун муддат, мезон, рад этиш асослари ва жамоатчилик назорати очиқ бўлиши зарур.
Олтинчидан, ер тоифасини ўзгартиришда экологик ва мелиоратив экспертиза мажбурий бўлиши керак. Айниқса суғориладиган ерларни бошқа тоифага ўтказишда тупроқ унумдорлиги, сув таъминоти, шўрланиш даражаси ва ҳудуднинг озиқ-овқат хавфсизлигига таъсири баҳоланиши шарт.
Еттинчидан, парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадга мувофиқ. Ҳар йили ер ажратиш, ер тоифасини ўзгартириш, қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш, ўзбошимча эгаллаш ва ер деградацияси бўйича очиқ ҳисобот эшитувлари ўтказилиши лозим.
Саккизинчидан, ер низолари бўйича тезкор ҳуқуқий механизм яратиш зарур. Кадастр, ижара, аукцион, мерос, қурилиш ва ер тоифасини ўзгартириш билан боғлиқ низоларни судгача ҳал этиш, медиация ва ихтисослашган ҳуқуқий маслаҳат хизматларини кучайтириш керак.
Тўққизинчидан, ердан фойдаланиш самарадорлиги бўйича очиқ рейтинг жорий этиш лозим. Ҳудудлар кесимида ердан оқилона фойдаланиш, шўрланишни камайтириш, сув тежаш технологияларини жорий этиш, бўш турган ерларни муомалага киритиш ва ер низоларини камайтириш бўйича очиқ кўрсаткичлар эълон қилиб борилиши мақсадга мувофиқ.
Хулоса
Ўзбекистонда ер муносабатлари ислоҳоти тўғри йўналишда бормоқда: ер ажратишда шаффофлик кучаймоқда, электрон аукцион тизими кенгаймоқда, мулк ва ижара ҳуқуқлари мустаҳкамланмоқда, қишлоқ хўжалиги ерларидан самарали фойдаланиш ва ерни муҳофаза қилиш масалалари давлат сиёсати даражасига кўтарилмоқда.
Бироқ бугунги босқичда асосий вазифа — тарқоқ ҳуқуқий нормаларни ягона, тушунарли ва замонавий Ер кодексига жамлашдир. Янги Ер кодекси оддий ҳуқуқий-техник ҳужжат эмас, балки мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлиги, инвестиция муҳити, экологик барқарорлиги ва фуқароларнинг мулкий ҳуқуқларини кафолатлайдиган стратегик асос бўлиши керак.
Ер — оддий иқтисодий актив эмас. У халқ фаровонлиги, тадбиркорлик эркинлиги, қишлоқ тараққиёти, сув ва озиқ-овқат хавфсизлиги ҳамда келажак авлодлар манфаати билан боғлиқ умуммиллий бойликдир. Шунинг учун ерга оид ислоҳотларнинг кейинги босқичи адолатли тақсимотдан самарали фойдаланишга, ҳуқуқий кафолатдан экологик масъулиятга, алоҳида қарорлардан ягона кодексга ўтиш босқичи бўлиши лозим.
Жаҳонгир Исаев,
Барқарор ривожланиш маркази
бўлим бошлиғи