Барқарор ривожланиш маркази 

Сайт синов режимида ишламоқда
  • O‘zbek
  • Ўзбек
  • Русский
  • English
  • Français

Ер иссиқлигидан фойдаланиб, иссиқхона харажатини камайтириш мумкинми?

02-11-2026 54

    Ўзбекистонда иссиқхоналарни қишда иситиш катта энергия сарфини талаб қилади. Шу боис масала фақат муқобил ёқилғи топишда эмас, балки иситиш тизимига тушадиган юкни камайтиришда ҳамдир. Шундай ечимлардан бири — ер–ҳаво иссиқлик алмашинуви тизими.

    Тизимда ташқи ҳаво ер остига ётқизилган қувурлар орқали ўтказилади. Қишда ташқи муҳитдан илиқроқ бўлган тупроқ ҳавони олдиндан иситади, ёзда эса нисбатан салқин ер қатлами уни совитади. Натижада асосий иситиш ёки совитиш ускунасига тушадиган юк камаяди.

    Технология иссиқхона шароитида амалда синовдан ўтган. Португалиянинг Ковильян шаҳрида 2020 йил февралда ўтказилган, натижалари 2023 йилда эълон қилинган тажрибада ҳар бири қарийб 4 м³ ҳажмли икки кичик иссиқхона модели солиштирилган. Улардан бирига 3 метр чуқурликда, тупроқ ҳарорати 13°C бўлган қатламга 29 метрли спирал қувур тизими ўрнатилган. Айрим синов режимларида иситиш энергияси сарфи 44,7 фоизгача камайган. Бироқ тадқиқот саноат иссиқхонасида эмас, кичик моделда ўтказилган. Шунинг учун мазкур кўрсаткични йирик иссиқхоналар учун тайёр натижа сифатида қабул қилиб бўлмайди.

    Қуруқ иқлимдаги алоҳида тажриба Жазоирнинг Бешар ҳудудида ўтказилган. 66 метрли PVC қувур 1,5 метр чуқурликка ётқизилганда, тизим ҳаво ҳароратини иситиш режимида 10°C гача оширган, совитиш режимида эса 11,9°C гача пасайтирган. Бу синов иссиқхонада ўтказилмаган, аммо технологиянинг қурғоқчил иқлимда ҳавони олдиндан илитиш ва совитиш салоҳиятини кўрсатади.

    Ечим Ўзбекистондаги янги «яшил» иситиш сиёсати билан ҳамоҳанг. Президентнинг 2026 йил 13 октябрдаги ПҚ–371-сон қарорига кўра, 2026 йил 1 ноябрдан 2030 йил 1 апрелгача белгиланган энергия самарадор ва экологик тоза иситиш воситаларидан фойдаланувчи иссиқхона хўжаликларига октябрь–март ойларида истеъмол қилинган электр энергияси қийматининг 50 фоизи миқдорида субсидия ажратилади. Ер–ҳаво тизими эса қарорда алоҳида санаб ўтилмаган.

    Шу боис технологияни Ўзбекистонда тўғридан-тўғри субсидияланадиган ечим сифатида эмас, балки пилот тарзда баҳоланиши лозим бўлган имконият сифатида кўриш тўғри. Маҳаллий пилотларда қувурларни ётқизиш харажатлари, вентилятор электр сарфи, техник хизмат, тупроқ ҳарорати ва намлиги, конденсат ҳосил бўлиши ҳамда энергия тежамкорлиги биргаликда баҳоланиши зарур. Шу асосда инвестициянинг қопланиш муддати аниқланади. Ижобий техник-иқтисодий натижа олинса, технологияни давлат томонидан қўллаб-қувватланадиган энергия тежамкор ечимлар қаторига киритиш имкониятини кўриб чиқиш мумкин.

Алишер Азизов,

“Барқарор ривожланиш маркази” ННТ бош мутахассиси