Барқарор ривожланиш маркази 

Сайт синов режимида ишламоқда
  • O‘zbek
  • Ўзбек
  • Русский
  • English
  • Français

Янги Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича кўрсаткичлари

11-09-2026 104

    2026 йил 10 сентябрь куни Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университети Ахборот-ресурс марказида «Янги Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича кўрсаткичлари» мавзусида илмий-амалий давра суҳбати ташкил этилди.

    Анжуманни Урганч давлат университети ректори, профессор Феруза Мадрахимова кириш сўзи билан очиб, мазкур тадбирнинг миллий тараққиёт ва таълим тизими интеграциясидаги аҳамиятига тўхталди.

    Давра суҳбати доирасида миллий мустақиллик ютуқлари, минтақавий иқтисодий сиёсат ва глобал Барқарор ривожланиш мақсадларининг ўзаро алоқадорлигига бағишланган қуйидаги академик маърузалар тингланди:

    ·                        Ш.Ё. Аллаберганов (Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректор) — «Ўзбекистонда мустақиллик йилларида эришилган муваффақиятлар»;

    ·                        И. Абдуллаев (Иқтисодиёт факультети декани, профессор) — «Мустақиллик йилларида самарали минтақавий иқтисодий сиёсат»;

    ·                        Б. Рузметов (Барқарор ривожланиш маркази Хоразм вилояти бўлинмаси раҳбари, профессор) — «Еттита миллий дастурда Барқарор ривожланиш мақсадларининг ифодаси».

    Профессор Б. Рузметов ўз маърузасида давлат раҳбари томонидан илгари сурилган Еттита миллий дастурнинг илмий-назарий ва амалий асосларини, уларда Барқарор ривожланиш мақсадларининг қамраб олинишини тизимли равишда таҳлил қилди:

    1.            Билим ва малака: Инсон капиталини мамлакат ривожланишининг бош омили сифатида эътироф этиб, билим ва кўникмаларни стратегик ресурсларга айлантиришни назарда тутади.

    2.            Соғлом ва узоқ умр: Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, умр кўриш давомийлиги ва турмуш сифати кўрсаткичларини барқарор ошириш механизмини ифодалайди.

    3.            Юқори технологияли иқтисодиёт: Иқтисодиётни юқори меҳнат унумдорлиги, инновациялар ҳамда юқори қўшилган қиймат яратишга асосланган таркибий моделга ўтказишни назарда тутади.

    4.            Сув ва табиат: Экологик хавфсизлик ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш концепцияси орқали келажак авлодлар учун барқарор яшаш муҳитини таъминлашни мақсад қилади.

    5.            Адолат ва қонун устуворлиги: Суд-ҳуқуқ тизими мустақиллиги ва қонун устуворлигини таъминлаш орқали адолатли фуқаролик жамиятини мустаҳкамлашга қаратилган.

    6.            Кучли маҳалла: Маҳалла институтини жамият тараққиёти ва ҳудудий ривожланишнинг асосий ташаббускори ҳамда буюртмачиси сифатида белгилайди.

    7.            Тинчлик, дўстлик ва Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ўрни: Мамлакатнинг прагматик, очиқ ва бағрикенг ташқи сиёсий ваколатларини кенгайтириш ҳамда халқаро майдондаги нуфузини янада мустаҳкамлашни кўзда тутади.

    Мазкур дастурий йўналишлар мамлакатда Барқарор ривожланиш мақсадларини самарали амалга ошириш, ижтимоий-иқтисодий барқарорликни таъминлаш ва академик соҳага комплекс ёндашувни жорий этишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

    Илмий тадбир иштирокчилар ўртасидаги мунозаралар ва илмий-амалий савол-жавоблар билан якунланди.

    Б. Рузметов

Барқарор ривожланиш маркази —

Хоразм вилояти бўлинмаси раҳбари, профессор