Барқарор ривожланиш маркази 

  • O‘zbek
  • Ўзбек
  • Русский
  • English
  • Français

Хитойда барглар ва майда шох-шаббалардан гранулаланган ёниш материаллари ишлаб чиқариш технологияси

05-02-2026 56

    Ҳозирги кунда энергетика соҳасида асосий ўринни эгаллайдиган анъанавий ёқилғилар – кўмир, газ ва нефть маҳсулотларидан фойдаланиш натижасида        юзага келаётган экологик ва иқтисодий оқибатлар барқарор ривожланиш жараёнидаги энг долзарб масалалардан бири ҳисобланади.    Халқаро энергетика агентлиги маълумотларига кўра, дунё энергия истеъмолининг 80% дан ортиғи ана шу табиий ресурслар ҳисобига қондирилмоқда, бу эса ҳар йил 30 миллиард тоннага яқин CO₂ чиқишини юзага келтирмоқда. Кўмир – экология учун энг хавфли деб ҳисобланади, чунки унинг ишлатилиши нафақат ис гази, балки оғир металлар, хлорли бирикмалар ва фторли иссиқхона газларини ҳавога қўшимча чиқаради.

    Хитой – дунёда кўмир истеъмоли ва ишлаб чиқариши бўйича етакчи ўринни эгалловчи мамлакат бўлиб, унинг энергия балансининг 60% дан ортиғи кўмир ҳисобига таъминланади. Бу эса жуда катта экологик оғирликни келтириб чиқармоқда:

  • Соғлиққа етказадиган зарар: Хитой Соғлиқ бошқармаси маълумотларига кўра, ҳаво ифлосланиши сабабли ҳар йили 1 миллиондан ортиқ одам эрта вафот этади, асосан нафас олиш йўллари ва юрак-қон томир касалликлари туфайли.
  • Иқтисодий йўқотиш: Ифлосланган ҳаво давлатнинг жорий йиллик ЯҚТнинг 6-8% гача бўлган қисмини манфаатсизлаштирмоқда, бу эса йиллик 500 миллиард юаньдан ортиғига тенг келади.
  • Экологик талафот: Кўмир ишлатишдан келиб чиқадиган кислот ёмғир ва туман шаҳар ва қишлоқ ҳудудларидаги сув ва тупроқ ресурсларининг сифатини кескин пасайтирмоқда.

    Газ ва нефть маҳсулотлари нисбатан тозароқ бўлса-да, уларнинг карбон чиқиндилари ва нархининг юқори ва ўзгарувчан бўлиши ҳам уларни мукаммал эмаслигидан дарак бермоқда.

    Ана шу муаммоларнинг ечими сифатида қайта ишланадиган энергия манбалари – қуёш, шамол ва биомасса кундан-кунга муҳим аҳамият касб этмоқда. Айниқса, биомасса – энергия учун истиқболли манба сифатида кўпроқ эътиборни тортмоқда. Бунда қишлоқ хўжалиги чиқиндилари – барглар ва шох-шаббалар алоҳида ўрин тутади. Хитойда ҳар йил 900 миллион тоннадан ортиқ қишлоқ хўжалиги барглари ва 200 миллион тоннага яқин паррандачилик чиқиндилари ҳосил бўлиб, уларнинг кўпчилик қисми ёки бир неча йилда чириб кетади, ёки очиқ осмон остида ёқиб юборилиб, ҳавони қўшимча ифлослантиради. Бу масаланинг инновацион ечими – ана шу чиқиндиларни юқори энергетик қийматга эга бўлган, қулай ва ишлатиш учун тоза гранулаланган ёниш материалларига айлантириш технологиясидир. Мақолада Хитойда жорий қилинган барглар ва майда шох-шаббалардан гранулаланган ёниш материаллари ишлаб чиқаришнинг замонавий технологияси, унинг афзалликлари ва анъанавий кўмир билан солиштирма таҳлили келтирилади.

    Муқобил таққослаш:

Мезон

Кўмир (анъанавий)

Барг/Шох-шабба гранулалари (муқобил)

Экологик таъсир

Юқори: CO₂, SO₂, оғир металлар, кул чиқиндиси.

Паст: CO₂ нейтрал (ўсимлик ўсиш даврида атмосферадан ютилади), кам кул.

Иқтисодий тежамкорлиги

Нарх ва ташиш харажатлари юқори, инфратузилма мураккаб.

Маҳаллий хом ашё, арзон нарх, ишлаб чиқариш жараёни содда.

Энергетик самарадорлик

Юқори (20-25 МДж/кг), лекин қурилма самарадорлиги паст (30-40%).

Ўрта (16-18 МДж/кг), лекин қурилма самарадорлиги юқори (85-90%).

Ишлатиш имконияти

Катта ҳажмдаги ТЭСлар учун.

Кичик ва ўрта ҳажмдаги объектлар, қишлоқ хўжалиги, маҳаллий эҳтиёжлар учун.

Чиқиндиларни бошқариш

Кулни қайта ишлаш мураккаб ва қиммат.

Кул миқдори жуда кам, уни ўғит сифатида ишлатиш мумкин.

Давлат сиёсатидаги ўрни

Чегаралаш ва солиқ ошириш тадбирлари кучаймоқда.

Қўллаб-қувватлаш, субсидиялар ва имтиёзли кредитлар билан рағбатлантирилмоқда.

    

    Хитойда ривожлантирилаётган бу технология нафақат энергетика муаммосини, балки чиқиндиларни утилизация қилиш ва қишлоқ ҳудудларининг иқтисодий ривожи масалаларига ҳам комплекс ёндашувдир.

    Технологик жараён

    Гранулаланган ёниш материаллари ишлаб чиқариш бир нечта босқичларда амалга оширилади:

1.                Хомашё тайёрлаш.    Барглар ва майда шох-шаббалар аввал қуритилади. Намлик даражаси 10–15% гача пасайтирилади, бу кейинги жараёнлар учун муҳим шарт ҳисобланади.

2.                Майдалаш ва аралаштириш.    Қуритилган материаллар махсус майдаловчи машиналарда 2–8 мм ўлчамгача майдаланади. Майдаланган массага биоёқилғи ёки махсус бирикмалар қўшилиб, гранулаларнинг мустаҳкамлиги ва калориялиги оширилади.

3.                Гранулалаш.    Аралаштирилган масса пресс-грануляторларда юқори босим остида гранулаларга айлантирилади. Диаметри одатда 6–10 мм, узунлиги 10–30 мм бўлади. Жараёндаги 70–90°С ҳарорат лигинни юмшатиб, гранулаларнинг табиий ёпишқоқлигини таъминлайди.

4.                Совитиш ва саралаш.    Тайёр гранулалар совитилиб, стандарт ўлчамга мос келмаганлари ажратиб олинади.

5.                Сақлаш ва ташиш.    Гранулалар намликдан ҳимояланган омборларда сақланади ва полиэтилен қопларда сотиш нуқталарига етказилади.

    Қўлланиш соҳалари

    Гранулаланган ёниш материаллари турли соҳаларда кенг қўлланиши мумкин:

  • Ҳудудий иссиқлик манбалари:    кичик ва ўрта ҳажмдаги иссиқлик электростанциялари.
  • Қишлоқ хўжалиги корхоналари:    парникларни иситиш.
  • Аҳоли турғун жойлари:    махсус печкаларда ишлатиш.
  • Саноат корхоналари:    ички энергия эҳтиёжларини қондириш.

    Ўзбекистондаги мавжуд шароит

    Қишлоқ хўжалиги чиқиндилари ҳажми:    Ўзбекистонда ҳар йили миллион тонналаб буғдой поялари, пахта ғўза поялари ҳосил бўлади. Улар кўп ҳолларда ёқиб юборилади, бу эса ҳаво ифлосланишига ва ресурслар йўқотилишига олиб келади.

    Давлат сиёсати:    “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020–2030 йилларга мўлжалланган стратегияси”да чиқиндиларни қайта ишлаш ва инновацион технологияларни жорий этиш устувор вазифа сифатида белгиланган.

    Яшил энергетика улуши:    2025 йилда Ўзбекистонда қайта тикланадиган энергия манбалари, шу давирда ишлаб чиқарилган умумий электр энергиясининг қарийб 30 фоизини ташкил этади. Қуёш ва шамол энергияси ҳажми икки баробар кўпайди, газ сарфи 3,2 миллиард куб метрга камайди.

    Хитой тажрибасини Ўзбекистонда татбиқ этиш имкониятлари

    Экологик афзалликлар

  • Чиқиндиларни ёқишдан келиб чиқадиган ҳаво ифлосланишини камайтириш.    Қишлоқ хўжалиги чиқиндиларини очиқ осмон остида ёқиш ҳавога катта миқдорда зарарли моддалар – ис гази, азот оксидлари ва майда заррачалар чиқишига сабаб бўлади. Бу ҳолат нафақат атмосферани ифлослантиради, балки аҳоли саломатлигига ҳам жиддий хавф туғдиради. Чиқиндиларни гранулаланган ёниш материалларига айлантириш орқали улар назорат қилинган шароитда, юқори самарадорликка эга қурилмаларда ёқилади. Натижада ҳаво ифлосланиши кескин камаяди, аҳоли учун соғлом муҳит яратилади ва экологик барқарорлик таъминланади.
  • Кул чиқиндисининг камайиши ва уни ўғит сифатида қайта ишлаш имконияти.        Анъанавий кўмир ёқилганда катта миқдорда кул чиқиндиси ҳосил бўлади, уни қайта ишлаш қиммат ва мураккаб жараён ҳисобланади. Гранулаланган биомасса ёқилганда эса кул миқдори жуда кам бўлади. Бу кул таркибидаги минерал моддалар қишлоқ хўжалиги учун қимматли ўғит сифатида ишлатилиши мумкин. Шундай қилиб, чиқиндилардан нафақат энергия олинади, балки уларнинг қолдиқ қисми қайтадан иқтисодий фойда келтиради. Бу жараён “чиқиндидан ресурс” тамойилини амалга ошириб, қишлоқ хўжалигида айланма иқтисодиётни ривожлантиради.
  • Карбон чиқиндиларини камайтириш орқали иқлим ўзгаришига қарши кураш.    Кўмир ва нефть маҳсулотлари ёқилганда атмосферага катта миқдорда CO₂ чиқади, бу эса глобал исиш жараёнини тезлаштиради. Биомасса гранулалари эса “карбон нейтрал” ҳисобланади, чунки улардан чиқадиган CO₂ миқдори ўсимликлар ўсиш даврида атмосферадан ютиб олинган газга тенг. Шу тариқа, биомасса ёқилғиси ишлатилиши карбон чиқиндиларини сезиларли даражада камайтиради ва иқлим ўзгаришига қарши самарали восита бўлиб хизмат қилади. Бу технология мамлакатларнинг Париж келишуви каби халқаро иқлим мажбуриятларини бажаришида ҳам муҳим аҳамиятга эга.

    Иқтисодий афзалликлар

  • Маҳаллий хом ашёдан арзон энергия манбаи яратиш.        Ўзбекистонда ҳар йили катта ҳажмда қишлоқ хўжалиги чиқиндилари – буғдой поялари, пахта ғўза поялари ва чорвачилик маҳсулотлари қолдиқлари ҳосил бўлади. Уларнинг кўп қисми чириб кетади ёки ёқиб юборилади. Агар ана шу хом ашёдан гранулаланган ёниш материаллари тайёрланса, мамлакат ўзининг ички ресурсларидан арзон ва барқарор энергия манбаини яратади. Бу нафақат энергия нархини пасайтиради, балки аҳоли ва корхоналар учун иқтисодий жиҳатдан тежамкор ечим бўлади.
  • Қишлоқ ҳудудларида янги иш ўринлари ва кичик ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш. Гранулаланган ёқилғи ишлаб чиқариш технологияси қишлоқ ҳудудларида кичик ва ўрта корхоналарни ташкил этиш имконини беради. Бу эса маҳаллий аҳоли учун янги иш ўринлари яратиш, даромад манбаини кенгайтириш ва ижтимоий барқарорликни таъминлашга хизмат қилади. Чиқиндиларни қайта ишлаш орқали қишлоқ жойларда саноатлашув жараёнини рағбатлантириш, аҳоли турмуш даражасини ошириш ва ҳудудий иқтисодий ривожланишни таъминлаш мумкин.
  • Импорт қилинадиган ёқилғиларга бўлган эҳтиёжни қисқартириш.    Мамлакатда энергия ишлаб чиқаришда асосий улушни газ ва нефть маҳсулотлари ташкил этади. Уларнинг катта қисми импорт орқали таъминланади, бу эса ташқи иқтисодий хавф ва харажатларни оширади. Агар маҳаллий чиқиндилардан гранулаланган ёқилғи ишлаб чиқариш кенг йўлга қўйилса, импортга бўлган эҳтиёж сезиларли даражада камаяди. Бу энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлайди, миллий иқтисодиётни ташқи омилларга камроқ боғлайди ва стратегик мустақилликни таъминлайди.

Технологик афзалликлар    

  • Автоматлаштирилган ишлов бериш жараёнлари орқали самарадорликни ошириш.    Мутахассисларга тавсия ва амалий маслаҳат.    Гранулаланган ёқилғи ишлаб чиқариш соҳасида фаолият юритаётган мутахассисларга ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш мақсадида автоматлаштирилган ишлов бериш жараёнларини чуқур ўрганиш ва амалиётга жорий этиш тавсия этилади. Хусусан, қуритиш, майдалаш, гранулалаш ҳамда саралаш каби асосий технологик босқичларни автоматик қурилмалар асосида ташкил этиш инсон меҳнатига бўлган эҳтиёжни сезиларли даражада камайтиради, ишлаб чиқариш вақти қисқаради ва маҳсулот сифати барқарор таъминланади. Шунингдек, автоматлаштирилган тизимлардан фойдаланиш ишлаб чиқариш жараёнларини индустриал даражага олиб чиқиш, катта ҳажмда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда таннархни пасайтириш имкониятларини яратади. Шу боис, соҳадаги мутахассисларга замонавий автоматлаштирилган технологиялар, рақамли бошқарув тизимлари ва юқори унумли ускуналарни жорий этиш бўйича халқаро тажрибани ўрганиш ҳамда маҳаллий шароитга мос равишда қўллаш қатъий тавсия этилади.
  • Сақлаш ва ташишнинг осонлиги.    Гранулаланган ёқилғи ихчам шаклда бўлгани учун уни сақлаш ва ташиш анъанавий чиқиндиларга нисбатан анча қулай. Гранулалар намликдан ҳимояланган омборларда узоқ муддат сақланиши мумкин, ташишда эса ҳажм ва оғирлик жиҳатидан самарадорлик таъминланади. Бу хусусият қишлоқ ҳудудларидан шаҳарларга ёки саноат корхоналарига етказиб бериш жараёнини арзон ва тезкор қилади. Шу билан бирга, гранулаларнинг стандарт ўлчамда бўлиши уларни турли печка ва қурилмаларда осон ишлатиш имкониятини яратади.
  • Маҳаллий шароитга мос махсус печкаларни ишлаб чиариш имконияти.    Гранулаланган ёқилғи самарали ишлатилиши учун махсус печка ва қурилмалар зарур. Маҳаллий шароитга мос равишда ишлаб чиқилган печкалар энергиядан тежамкор фойдаланиш, чиқиндиларни минимал даражада чиқариш ва аҳоли эҳтиёжларига мослашиш имкониятини беради. Масалан, қишлоқ хўжалиги исиқхон иситиш учун кичик ҳажмли печкалар, аҳоли уйлари учун маиший турдаги печкалар, саноат корхоналари учун эса йирик ҳажмли қурилмалар ишлаб чиқилиши мумкин. Бу маҳаллий муҳандислик ва саноат салоҳиятини ривожлантиришга ҳам хизмат қилади.

Солиштирма жадвал

    Хитой тажрибаси

Ўзбекистон имконияти

Хом ашё ҳажми

900 млн тонна барг, 200 млн тонна чиқинди

буғдой поялари, пахта ғўза поялари,

Давлат сиёсати

Субсидия ва имтиёзли кредитлар

“Ўзбекистон-2030” стратегиясида қайта ишлаш ва яшил энергетика устувор

Энергетик самарадорлик

16–18 МДж/кг, 85–90% самарадорлик

Хом ашё турига қараб ўхшаш кўрсаткичларга эришиш мумкин

Экологик таъсир

CO₂ нейтрал, кам кул

Чиқиндиларни утилизация қилиш орқали ҳаво ифлосланишини камайтириш

Иқтисодий самарадорлик

Маҳаллий арзон энергия

Импорт ёқилғиларга эҳтиёжни камайтириш, иш ўринлари яратиш

    

    Хитойда барглар ва майда шох-шабалардан гранулаланган ёниш материаллари ишлаб чиқариш технологияси энергетика соҳасида муҳим инновация ҳисобланади. Бу технология нафақат анъанавий кўмирга нисбатан экологик тоза муқобил, балки қишлоқ хўжалиги чиқиндиларидан оқилона фойдаланиш йўлидир. Ишлаб чиқариш жараёнининг соддалиги ва самарадорлиги уни кенг миқёсда қўллаш имкониятини бермоқда.

    Шу тариқа, гранулаланган ёниш материаллари энергия таъминоти хавфсизлигини ошириш, экологик вазиятни яхшилаш ва иқтисодий самарадорликка эришишда муҳим аҳамият касб этади. Барқарор энергетика ривожланишида шунга ўхшаш инновацион ечимлар келажакда янада катта аҳамият касб этади.

    Ўзбекистон учун аҳамияти: Мамлакатимизда ҳам қишлоқ хўжалиги чиқиндилари – буғдой поялари, пахта ғўза поялари        катта ҳажмда ҳосил бўлади. Уларни гранулаланган ёниш материалларига айлантириш орқали нафақат чиқиндиларни самарали утилизация қилиш, балки маҳаллий энергия манбаини ривожлантириш ва аҳоли ҳамда саноат эҳтиёжларини арзон ва экологик тоза ёқилғи билан таъминлаш мумкин. Бу йўналишда Хитой тажрибасини Ўзбекистонда қўллаш энергетикака барқарорлигини мустаҳкамлаш, қишлоқ ҳудудларида иқтисодий ривожланишни рағбатлантириш ва барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда муҳим қадам бўлади.