2026 йил 6 ноябрь куни Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университетида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси ҳамда Барқарор ривожланиш маркази Хоразм вилояти бўлинмаси ҳамкорлигида «Минтақа иқтисодиётини барқарор ривожлантиришнинг замонавий ёндашувлари» мавзусида Республика илмий-амалий анжумани ўтказилди.
Анжуман минтақавий тараққиётни илмий асослаш, ҳудудлар иқтисодиётидаги таркибий ўзгаришларнинг назарий-методологик ва амалий жиҳатларини муҳокама қилишга қаратилди. Хусусан, инновацион ривожланиш, рақамли трансформация, инсон капитали, «яшил иқтисодиёт» ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш самарадорлиги каби устувор йўналишларга алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир университет ректори, профессор Ф.Р. Мадрахимованинг минтақавий иқтисодиёт учун малакали кадрлар тайёрлаш масалаларига бағишланган маърузаси билан очилди. Ялпи мажлис ва 5 та шўъба доирасида республика олий таълим муассасалари ҳамда илмий-тадқиқот марказларининг етакчи олимлари, амалиётчи мутахассислар ва ёш изланувчилар ўз тадқиқот натижалари билан иштирок этдилар.
Муҳокамалар жараёнида ҳудудларни комплекс ривожлантириш, кичик инновацион корхоналарни қўллаб-қувватлаш, инвестицион ҳамкорликни кенгайтириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда логистика инфратузилмасини такомиллаштириш бўйича илмий ёндашувлар таҳлил қилинди. Шунингдек, Хоразм вилоятида циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш, туристик хизматлар кластери салоҳиятини баҳолаш ва инсон капиталидан самарали фойдаланиш орқали минтақаларнинг иқтисодий конвергенциясини таъминлаш масалалари атрофлича ёритилди.
Анжуман якунида ишлаб чиқилган илмий-амалий таклиф ва тавсиялар ҳудудларнинг рақобатбардошлигини ошириш, иқтисодий ўсиш суръатларини барқарорлаштириш ҳамда аҳоли фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилиши таъкидланди.