Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркий давлатлар ташкилоти норасмий саммитидаги нутқи замонавий туркий интеграциянинг янги босқичини белгилаб берувчи муҳим сиёсий аҳамият касб этди. Айниқса, нутқда глобал беқарорлик, рақамли трансформация, экологик хавфсизлик ва ёшлар сиёсати каби масалаларнинг бир-бири билан уйғун ҳолда кўтарилгани унинг стратегик мазмунини янада кучайтирди.
Сўнгги йилларда Туркий давлатлар ташкилоти барқарор ривожланиш суръатларини намоён этаётган нуфузли тузилмага айланди. Хусусан, 2025 йилда ташкилот давлатларининг умумий иқтисодий салоҳияти 2,4 триллион доллардан ошиб, ўсиш суръати глобал кўрсаткичдан икки баробар юқори 6,8 фоизни ташкил этди. Шу асосда Ўзбекистоннинг ТДТ мамлакатлари билан савдо-инвестиция ҳамкорлиги ҳам жадал ривожланмоқда. 2017–2025 йилларда ўзаро савдо айланмаси 2,7 бараварга ошиб, 4 млрд доллардан 11 млрд долларга етди. Савдода асосий улуш Қозоғистон 46 фоиз ва Туркия 28 фоиз ҳиссасига тўғри келмоқда.
Шунингдек, экспорт таркибида саноат маҳсулотлари, машинасозлик, озиқ-овқат ва кимё маҳсулотлари етакчи ўринни эгалласа, импортда озиқ-овқат, минерал ёқилғи ва транспорт ускуналари устунлик қилмоқда.
Шу билан бирга, ТДТ мамлакатларидан Ўзбекистон иқтисодиётига 2017–2025 йилларда 11,5 млрд доллардан зиёд инвестиция жалб қилинган бўлиб, Туркия энг йирик инвестор сифатида 2025 йилнинг ўзида 2,4 млрд доллар сармоя киритди. Бугунги кунда Ўзбекистонда ТДТ давлатлари капитали иштирокида 4,5 мингдан ортиқ корхона фаолият юритмоқда, бу эса туркий давлатлар ўртасидаги иқтисодий интеграция ва стратегик шериклик тобора мустаҳкамланаётганини кўрсатади.
Президент нутқида туркий давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик нафақат тарихий ва маданий яқинликка, балки замонавий иқтисодий ва технологик манфаатларга ҳам таяниши лозимлиги алоҳида таъкидланди. Бугунги кунда халқаро муносабатларда ишонч инқирози чуқурлашаётган бир пайтда туркий давлатларнинг ўзаро бирлашуви минтақа барқарорлиги ва иқтисодий тараққиёти учун муҳим омил экани қайд этилди. Шу маънода, “Туркий дунё нигоҳи – 2040” концепциясига содиқлик ташкилотнинг узоқ муддатли стратегик мақсадларини намоён этади.
Нутқнинг энг муҳим жиҳатларидан бири сунъий интеллект ва рақамли тараққиёт масалаларига бағишланганидир. Президент томонидан илгари сурилган “Рақамли туркий коридор концепцияси” замонавий технологиялар орқали минтақавий интеграцияни кучайтиришга қаратилган муҳим ташаббус ҳисобланади. Дата марказларини ягона юқори тезликдаги инфратузилмага улаш, рақамли платформаларни ривожлантириш ва технологик форумлар ташкил этиш орқали туркий давлатлар глобал рақамли иқтисодиётда муносиб ўрин эгаллаш имконига эга бўлади.
Шу билан бирга, Президент ёшлар сиёсати ва таълим соҳасига алоҳида урғу берди. “5 миллион сунъий интеллект етакчилари” дастури орқали ёш авлодни замонавий билим ва кўникмалар билан таъминлаш ташаббуси нафақат Ўзбекистон, балки бутун туркий дунё учун долзарб аҳамиятга эга. Ёшларнинг инновацион стартаплари ва илмий ишланмаларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшма венчур жамғармаси тузиш таклифи ҳам амалий аҳамият касб этади. Бу эса келажакда туркий давлатлар иқтисодиётида юқори технологияли соҳалар улушини оширишга хизмат қилиши мумкин.
Экологик хавфсизлик ва иқлим ўзгариши масалалари ҳам нутқда муҳим ўрин эгаллади. Айниқса, сунъий йўлдош маълумотлари асосида иқлим хатарларини мониторинг қилиш тизимини яратиш ташаббуси замонавий ёндашув сифатида диққатга сазовор. Марказий Осиёда сув ресурслари ва иқлим муаммолари тобора долзарблашаётган шароитда бу каби ҳамкорлик механизмлари минтақа барқарорлиги учун муҳим аҳамиятга эга бўлади.
Шунингдек, киберхавфсизлик соҳасида Туркий альянс тузиш ташаббуси ҳам янги таҳдидларни аниқлаш ва уларнинг олдини олишга жавоб сифатида илгари сурилди. Замонавий рақамли маконда хавфсизликни таъминлаш, ахборот алмашувини кучайтириш ва мутахассислар тайёрлаш масалалари туркий давлатларнинг умумий манфаатларига хизмат қилади.
Умуман олганда, мазкур мулоқотдаги ташаббуслар туркий давлатлар ўртасидаги муносабатларни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган стратегик дастур вазифасини бажаради. Унда тарихий бирлик ва маданий яқинлик замонавий технологиялар, инновациялар ва иқтисодий ҳамкорлик билан уйғунлаштирилди. Бу эса келажакда туркий дунёнинг халқаро майдондаги нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.
Искандар ЎРОҚБОЕВ
Барқарор ривожланиш маркази эксперти