Нобел мукофоти совриндори Клаудия Голдин олиб борган тадқиқот бутун дунёда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлибди. Унга кўра, туғилиш даражасининг пасайиши иқтисодий инқироз ёки демографик жараёнлар эмас, балки аёлларнинг мустақиллиги ошгани билан боғлиқ. Яъни, таълим, касбий ўсиш ва шахсий қарор қабул қилиш имконияти кенгайган сари, аёллар туғилишни кечиктиряпти ёки фарзанд сонини камайтиряпти.
Тадқиқотда таъкидланишича, бу ҳолатнинг асосий сабаби «таркибий тўсиқлар», яъни оиладаги мажбуриятларнинг тенг тақсимланмаслиги ва давлат томонидан болаларни парвариш қилишга оид кафолатларнинг етишмаслиги. Масалан, Япония ёки Жанубий Корея каби мамлакатларда аёллар уй ишларига эркакларга нисбатан кунига 3 соат кўпроқ вақт сарфлайди. Бу эса иш ва оила ўртасидаги мувозанатни бузади, натижада кўп аёллар фарзанд сонини камайтириш ёки умуман оналикни кечиктиришни афзал кўради.
Швеция, Дания каби давлатларда эса аҳвол бошқача. Бола парвариши бўйича давлат қўллаб-қувватлови кучли, ота-оналарнинг масъулияти тенг тақсимланган. Натижада бу мамлакатларда туғилиш даражаси юқорироқ, аёллар меҳнат бозорида ҳам фаол.
Бу масалада айбдор аёллар эмас, балки тизимнинг ўзи деб ўйлайман. Аёллар мустақил бўляпти, бу дегани жамият ривожланяпти. Лекин агар давлат ва эркаклар бу ўзгаришга тайёр бўлмаса, оилаларда мувозанат бузилиши табиий. Ҳақиқий ечим аёлларнинг имкониятларини чеклаш эмас, балки уларни қўллаб-қувватлайдиган ижтимоий тизим яратиш. Шундагина мустақиллик ва оила бахти бир-бирига зид эмас, балки уйғун тушунчага айланади.