Барқарор ривожланиш маркази 

Сайт синов режимида ишламоқда
  • O‘zbek
  • Ўзбек
  • Русский
  • English
  • Français

ТОЗА ҲАВО: ТАДБИР ЭМАС, НАТИЖА МУҲИМ

03-09-2026 49

7 сентябрь Мовий осмон учун тоза ҳаво халқаро куни

    

    Инсон овқатсиз бир неча ҳафта, сувсиз бир неча кун яшаши мумкин. Аммо ҳавосиз - саноқли дақиқалар. Шунга қарамай, биз нафас олаётган ҳавонинг қадри кўпинча у ифлослангандагина сезилади. Шаҳар устидаги хира осмон, қиш ойларида оғирлашган ҳаво ёки чанг-тўзон пайтида нафас олишнинг қийинлашиши тоза ҳаво ҳам доимий муҳофаза ва оқилона бошқарувни талаб қиладиган ҳаётий ресурс эканини эслатади.

    БМТ Бош Ассамблеяси 2019 йилда 7 сентябрни Мовий осмон учун тоза ҳаво халқаро куни деб белгилаган ва у 2020 йилдан буён нишонлаб келинади. 2026 йилги халқаро кампанияда иқлим ва тоза ҳаво бўйича чораларни уйғунлаштиришнинг аҳоли саломатлиги ва иқтисодиёт учун самарасига алоҳида урғу берилмоқда. Зеро, ёқилғи ёқиш, транспорт ва саноат каби айрим манбалар бир вақтнинг ўзида ҳам ҳавони ифлослантиради, ҳам иқлим ўзгаришига таъсир кўрсатади.

    Ўзбекистон учун ҳам бу масала тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Айниқса, пойтахт ва йирик саноат шаҳарларида ҳаво сифатига транспорт, иситиш тизимлари, саноат, қурилиш, табиий чанг ва метеорологик шароит бир вақтнинг ўзида таъсир кўрсатади.

    Жаҳон банкининг 2024 йил октябрда эълон қилинган Тошкент ҳавоси сифати бўйича комплекс баҳолашига кўра, пойтахтда PM2.5 майда заррачаларининг йиллик ўртача концентрацияси Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсия этган йиллик кўрсаткичдан олти баравардан зиёд бўлган. PM2.5 билан ифлосланишнинг аҳоли саломатлигига таъсири билан боғлиқ иқтисодий йўқотишлар эса Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг қарийб 0,7 фоизига тенг деб баҳоланган.

    Айни пайтда, сўнгги расмий маълумотлар муайян ижобий ўзгаришларни ҳам кўрсатмоқда. 2026 йил январь-февраль ойларида Тошкентда PM2.5 концентрацияси 2025 йилнинг шу даврига нисбатан сезиларли камайгани қайд этилган. Бироқ Тошкент, Навоий, Фарғона, Чирчиқ ва Термизда ҳаво ифлосланиши белгиланган кўрсаткичлардан юқори бўлган ҳолатлар ҳануз кузатилмоқда. Демак, ижобий динамика чораларни сусайтириш учун эмас, уларни янада мақсадли давом эттириш учун асос бўлиши керак.

    PM2.5 — диаметри 2,5 микрометрдан кичик бўлган жуда майда заррачалар. Улар нафас йўлларининг табиий ҳимоя тўсиқларидан ўтиб, ўпканинг чуқур қисмларига, ҳатто қон айланиши тизимига кириши мумкин. Шу боис ҳаво сифати фақат экологик масала эмас, балки аҳоли саломатлиги ва иқтисодий самарадорликка бевосита таъсир кўрсатувчи омилдир.

    Муаммонинг муҳим жиҳати — ҳаво ифлосланишини фақат автомобиллар сонининг кўпайиши билан изоҳлаб бўлмаслигидир. 2024 йилги Жаҳон банки баҳолашига кўра, Тошкентда инсон фаолияти билан боғлиқ PM2.5 ифлосланишида иситиш тизимлари улуши 28 фоизни, транспорт 16 фоизни, саноат 13 фоизни ташкил этган. Ёз ойларида эса шамол кўтарадиган табиий ва трансчегаравий чангнинг таъсири кучаяди. Демак, ягона универсал ечим йўқ: қишда иситиш манбалари, йил давомида транспорт ва саноат, қурилиш мавсумида чанг, қуруқ даврларда эса табиий ва трансчегаравий чанг оқимларига мос чоралар талаб этилади.

    Муаммо фақат пойтахтга хос эмас. БМТ Атроф-муҳит дастури (UNEP) ва Финляндия метеорология институти томонидан тайёрланиб, 2025 йил декабрда эълон қилинган Термиз ҳавоси сифати бўйича комплекс тадқиқот чанг ва қум бўронлари ҳаводаги PM10 ва PM2.5 заррачалари

миқдорининг энг кескин ошишига сабаб бўлаётганини кўрсатди.

Термизда кузатилган энг юқори ифлосланиш ҳолатларидан бири Оролбўйидан қарийб 900 километр масофани босиб ўтган чанг оқими билан боғлиқ бўлган. Бу ҳаво ифлосланиши давлат чегаралари билан чекланмайдиган муаммо эканини кўрсатиб, минтақада маълумот алмашиш, биргаликда прогнозлаш ва эрта огоҳлантириш тизимларини ривожлантиришни тақозо этади.

    Иқлим ўзгариши бу хавфни янада кучайтириши мумкин. Ерларнинг қуриши ва деградацияси, юқори ҳарорат ҳамда экстремал об-ҳаво ҳодисалари чанг-тўзонлар эҳтимолини оширади. Шу билан бирга, тоза энергия, энергия самарадорлиги ва кам чиқиндили транспортни ривожлантириш орқали ҳам ҳаво ифлосланишини, ҳам иқлимга таъсирни камайтириш мумкин.

    Ўзбекистонда бу йўналишда янги ёндашувлар шаклланмоқда. 2026 йил

23 мартда тақдим этилган умуммиллий «Тоза ҳаво» лойиҳасида ҳудудларда ифлосланиш манбаларини аниқлаш, ягона мониторинг тизимини ривожлантириш, саноат корхоналарида автоматик назорат ускуналарини ўрнатиш, фильтрлаш ва энергия самарадор технологияларни кенг жорий этиш кўзда тутилган. Транспортда экологик талабларни кучайтириш ва жамоат транспортини ривожлантириш, қурилишда эса чанг тарқалишини чеклаш чораларига эътибор қаратилган.

    Бу муҳим қадамлар. Бироқ кейинги босқичда экологик сиёсатни баҳолашда асосий эътибор амалга оширилган тадбирлар сонидан уларнинг аниқ натижасига ўтиши керак. Қанча дарахт экилгани, нечта фильтр ўрнатилгани ёки қанча экологик автобус харид қилингани муҳим, аммо якуний мезон - PM2.5 концентрацияси қанча камайгани, меъёрдан юқори ифлосланиш кунлари қисқаргани ва аҳолининг зарарли ҳаво таъсирига дучор бўлиш даражаси пасайганидир.

    Шу нуқтаи назардан, Тошкент ва бошқа йирик шаҳарларда ҳаво сифати бўйича ягона очиқ мониторинг ва эрта огоҳлантириш тизимини тўлиқ шакллантириш мақсадга мувофиқ. PM2.5, PM10 ва бошқа асосий ифлослантирувчилар тўғрисидаги маълумот аҳолига реал вақт режимида содда ва тушунарли шаклда етказилиши, ҳаво кескин ифлосланган кунларда эса мактаблар, тиббиёт муассасалари ва хавф гуруҳларига тезкор тавсиялар берилиши лозим.

    Шунингдек, ҳар бир йирик шаҳар учун ифлосланиш манбалари ва мавсумий хусусиятларга асосланган алоҳида тоза ҳаво режаси ишлаб чиқиш самарали бўлар эди. Тошкентда қишки иситиш, транспорт ва қурилиш; саноат шаҳарларида корхона чиқиндилари; чанг-тўзон хавфи юқори ҳудудларда эса табиий омилларга мос чоралар устувор бўлиши керак.

    Транспорт сиёсатида асосий мақсад фақат экологик тоза автобуслар харид қилиш эмас, балки жамоат транспортини шахсий автомобилдан қулайроқ, тезроқ ва ишончлироқ қилиш бўлиши лозим. Автобуслар учун устувор йўлаклар, қулай алмашиш бекатлари, хавфсиз пиёда ва велосипед инфратузилмаси тирбандлик, ёқилғи сарфи ва зарарли чиқиндиларни бир вақтнинг ўзида камайтиришга хизмат қилади.

    Қишки ифлосланишни пасайтириш учун биноларнинг энергия самарадорлигини ошириш, эски иситиш ускуналарини босқичма-босқич янгилаш, тозароқ ёқилғи ва замонавий фильтрлаш технологияларини жорий этиш муҳим. Саноат корхоналарида автоматик чиқинди назоратини кенгайтириш ва натижаларнинг очиқлигини таъминлаш ҳам экологик масъулиятни оширади.

    Чангга қарши курашда қурилиш майдонларида чангни бостириш, юкларни ёпиқ ҳолда ташиш, очиқ тупроқ майдонларини барқарорлаштириш ҳамда шаҳарлар атрофида илмий асосланган яшил ҳимоя ҳудудларини ривожлантириш зарур. Кўкаламзорлаштиришни эса фақат экилган кўчатлар сони билан эмас, уларнинг яшовчанлиги ва ҳаво сифатига реал таъсири билан баҳолаш тўғри бўлади.

    Шу тариқа экологик дастурлар самарадорлигини «қанча тадбир ўтказилди?» деган ҳисобот кўрсаткичидан «ҳаво сифати қанчалик яхшиланди?» деган натижавий мезонга ўтказиш зарур. Бу ёндашув Барқарор ривожланиш мақсадларининг саломатлик, тоза энергия, барқарор шаҳарлар ва иқлим ўзгаришига қарши чоралар бўйича вазифаларини ҳам ўзаро боғлайди. Тоза ҳавога йўналтирилган маблағ фақат экологик харажат эмас - у касалликларни камайтириш, меҳнат унумдорлигини ошириш ва шаҳарларни инсон учун қулайроқ қилишга қаратилган инвестициядир.

    Пировардида, шаҳар экологик сиёсатининг ҳақиқий самараси ҳисоботлардаги рақамлар ёки амалга оширилган тадбирлар сони билан эмас, инсон ҳар куни нафас олаётган ҳавонинг сифати билан ўлчаниши керак. Мовий осмон - шунчаки чиройли манзара эмас, балки соғлом ҳаёт ва барқарор келажакнинг муҳим белгисидир.


    Батафсил: https://api-portal.gov.uz/uploads/13/2026/09/03/1466763f-92a2-5a6d-c4c3-6c18a96af2b5_media_.pdf

    

Жаҳонгир Исаев,

«Барқарор ривожланиш маркази» ННТ бўлим бошлиғи