“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси: Экологик барқарорлик ва стратегик марралар
Ўзбекистонда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бугун ўз меваларини бера бошлади. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан Миллий дендрология боғига асос солиниши мамлакатимизни яшил ўлкага айлантириш йўлидаги муҳим қадам бўлди. Сўнгги йилларда республикада яшиллик даражасининг 8 фоиздан 14,2 фоизга кўтарилгани ушбу хайрли ишларнинг самарадорлигини кўрсатиб турибди.
Тоғ, чўл ва адирларда 256 минг гектар янги ўрмонзорлар барпо этилгани ҳудудлардаги биохилма-хилликни тиклашда муҳим пойдевор бўлди. Бу натижалар изчил олиб борилган ислоҳотлар самарасидир: биргина ўтган йилда Хўжайли, Янгибозор ва Оҳангарон каби туманларда йилига 5,5 миллион туп кўчат етиштирадиган замонавий кўчатхоналар ишга туширилди.
Хитой тажрибаси асосида Арнасой, Қоракўл ва Нукус каби туманларда илк бор 50 гектармайдонда сувсизликка чидамли галофит боғларининг яратилиши шўрланишга қарши курашда янги босқични бошлаб берди. 2026 йилги режаларга кўра, “Мен ҳам кўчат экаман” ташаббуси доирасида 75 миллион тупдан зиёд дарахт ва бута кўчатлари экилгани жамиятимизда экологик маданият юксалаётганидан далолат беради.
“Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгиланган устувор вазифалар ва “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг янги босқичи доирасида мамлакатимизда умумий яшиллик даражасини 30 фоизга, жон бошига тўғри келадиган яшил ҳудудларни эса 10 квадрат метргаетказиш бўйича катта марралар белгилаб олинди. Бунинг учун Сурхондарёда 10 минг гектарлик “яшил макон”, Сирдарёда эса 84 километрли “яшил девор” барпо этилади. Қорақалпоғистонда 1 миллион гектар, Навоий ва Бухорода эса 300 минг гектардан янги ўрмонзорлар ташкил қилиниши белгиланган.
Ушбу ислоҳотларнинг муҳим жиҳати шундаки, эндиликда соҳага илмий ёндашув ва жамоатчилик иштироки янада кенгайтирилмоқда. Жорий йилдан ҳар бир ҳудудда “яшил” техникумлар фаолияти йўлга қўйилиб, йилига 10 минг нафар мутахассис тайёрлаш бошланади. “Менинг боғим” дастури доирасида лойиҳаларни молиялаштириш миқдорининг 400 миллион сўмдан оширилиши эса аҳолининг ўз яшаш ҳудудини ободонлаштиришдаги фаоллигини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, бугун яхши ният билан экилаётган ҳар бир ниҳол — бу нафақат тоза ҳаво ва соғлом муҳит, балки келажак авлод учун қолдирилаётган энг қимматли меросдир.
Барқарор ривожланиш маркази
матбуот хизмати