Бугунги кунда дунёда энергияга бўлган талаб тобора ортиб бораётган бир пайтда, экологик хавфсиз ва барқарор энергия манбаларини излаш глобал аҳамият касб этмоқда. Ана шундай истиқболли йўналишлардан бири термоядро синтези технологияси ҳисобланади. Хитойнинг EAST (“сунъий қуёш”) реактори ва 33 давлат ҳамкорлигида Францияда қурилаётган ITER лойиҳаси ушбу йўналишдаги энг йирик илмий дастурлар сифатида эътироф этилмоқда.
Келажак энергияси сари муҳим қадам
Термоядро синтези Қуёш ва бошқа юлдузларда содир бўладиган жараён бўлиб, енгил атом ядроларининг бирлашиши натижасида улкан миқдордаги энергия ажралиб чиқади. Мутахассисларнинг фикрича, ушбу технологияни саноат миқёсида ўзлаштириш инсониятнинг энергия таъминотида туб бурилиш ясаши мумкин. Хитой Фанлар Академияси маълумотларига кўра, EAST реактори 2025 йилда юқори ҳароратли плазмани 1066 сония давомида барқарор ушлаб туришга эришди ва 2025 йил январида муҳим рекорд натижа бўлди. Бу натижа термоядро энергетикаси тарихидаги энг муҳим ютуқлардан бири ҳисобланади. Шу билан бирга, Франциянинг Кадараш ҳудудида қурилаётган ITER лойиҳаси Европа Иттифоқининг 27 давлати, АҚШ, Россия, Хитой, Ҳиндистон, Япония ва Жанубий Кореяни бирлаштирган ҳолда, дунёдаги энг йирик илмий ҳамкорлик лойиҳаларидан бирига айланган.
Инсоният учун қандай фойда келтириши мумкин?
Мутахассисларнинг таъкидлашича, термоядро энергетикаси бир қатор муҳим устунликларга эга.
Биринчидан, ушбу технология атмосферага карбонат ангидрид газини деярли чиқармайди. Натижада иқлим ўзгариши ва глобал исиш билан боғлиқ муаммоларни камайтиришга хизмат қилиши мумкин.
Иккинчидан, термоядро ёқилғиси сифатида фойдаланиладиган дейтерий денгиз сувида жуда катта миқдорда мавжуд. Литий заҳиралари билан биргаликда бу ресурслар минглаб, ҳатто миллионлаб йиллар давомида инсониятнинг энергия эҳтиёжларини қондириш имконини бериши мумкин.
Учинчидан, термоядро реакцияси натижасида ҳосил бўладиган асосий маҳсулот гелий гази бўлиб, у экологик жиҳатдан хавфсиз ҳисобланади.
Тўртинчидан, термоядро станцияларида атом электр станцияларидаги каби узоқ муддат сақланиши талаб этиладиган юқори фаолликка эга радиоактив чиқиндилар ҳосил бўлмайди. Реактор материалларининг катта қисми маълум вақт ўтгач қайта ишланиши мумкин.
Бешинчидан, термоядро реакторларида занжирли реакция юз бермайди. Шунинг учун Фукусима АЭСдаги каби йирик авария ёки эриш (meltdown) ҳодисаси содир бўлиш хавфи жуда паст ҳисобланади.
Бундан ташқари, ушбу технология янги саноат тармоқлари, юқори технологиялар, суперўтказувчан магнитлар, материалшунослик ва сунъий интеллектга асосланган бошқарув тизимларининг ривожланишига ҳам туртки бериши кутилмоқда.
Мавжуд хавф ва муаммолар
Шунга қарамай, термоядро энергетикасини мутлақо хавфсиз технология сифатида баҳолаш тўғри бўлмайди.
Биринчи муаммо – технологиянинг ниҳоятда мураккаблигидир. Реакторда Қуёш марказидаги ҳароратдан ҳам юқори бўлган, 100 миллион даражадан ортиқ ҳароратдаги плазмани барқарор ушлаб туриш талаб этилади.
Иккинчи муаммо – иқтисодий харажатларнинг юқорилиги. ITER лойиҳаси инсоният тарихидаги энг мураккаб илмий лойиҳалардан бири бўлиб, унинг қурилиши бир неча бор кечиктирилган. 2024 йил янгиланиб қабул қилинган базавий режада, лойиҳа бўйича дастлабки тадқиқот операциялари 2034 йилдан бошланиши режалаштирилган.
Учинчи масала – тритий ёқилғисини ишлаб чиқариш ва ундан хавфсиз фойдаланиш билан боғлиқ техник мураккабликлардир. Халқаро атом энергияси агентлиги мутахассислари ушбу масала келажакдаги тижорий термоядро электр станцияларининг асосий вазифаларидан бири эканини қайд этмоқда.
Тўртинчи муаммо – ҳозирча ушбу технологиянинг иқтисодий самарадорлиги тўлиқ исботланмаганидир. Олимлар тижорий термоядро электр станциялари амалиётга жорий этилишидан олдин яна кўплаб синов ва тадқиқотлар зарурлигини таъкидламоқдалар.
Хулоса
Мутахассисларнинг аксарияти термоядро энергетикасини XXI асрнинг энг истиқболли технологияларидан бири деб баҳоламоқда. Агар ушбу технология муваффақиятли тижорат босқичига олиб чиқилса, у инсониятга деярли чексиз, экологик тоза ва барқарор энергия манбаини тақдим этиши мумкин. Бироқ бугунги кунда термоядро энергетикаси ҳали тажриба босқичида бўлиб, унинг кенг миқёсда қўлланилиши учун кўплаб илмий ва техник муаммоларни ҳал этиш талаб этилади. Шундай бўлса-да, Хитойнинг EAST реактори ва халқаро ITER лойиҳаси инсониятни янги энергетика даврига олиб кириши мумкин бўлган энг муҳим илмий ташаббуслар сифатида эътироф этилмоқда.
Барқарор ривожланиш маркази
бош мутахассиси
Шухрат Хожимуродов
Manba https://www.iter.org/few-lines