XXI аср нефть ёки газ эмас, балки сув асрига айланмоқда. Бугун дунё аҳолиси сонининг ортиши, глобал иқлим ўзгариши, қурғоқчиликнинг кучайиши, музликларнинг жадал эриши ва чучук сув захираларининг қисқариши сув хавфсизлигини халқаро кун тартибидаги энг долзарб масалалардан бирига айлантирди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига кўра, дунёда миллиардлаб инсонлар хавфсиз ичимлик сувидан тўлиқ фойдалана олмаяпти, сувга бўлган талаб эса йил сайин ошиб бормоқда. Шу боис бугун ривожланган ва ривожланаётган давлатлар сувни кўп сарфлаш эмас, балки уни оқилона бошқариш ва ҳар бир томчисини тежаш бўйича ўзаро рақобат қилмоқда.
Бу жараёнлар Марказий Осиё учун янада долзарб аҳамият касб этади. Минтақадаги асосий сув манбалари бўлган тоғ музликларининг қисқариши, трансчегаравий дарёлар сувининг ўзгарувчанлиги ва иқлим инқирози мамлакатлардан мутлақо янги ёндашувларни талаб этмоқда.
Ўзбекистон ҳам айнан шу чақириқларни ўз вақтида англаб, сув хавфсизлигини давлат сиёсати даражасига кўтарди. Мамлакатимиз ярим қуруқ иқлим минтақасида жойлашгани, сув ресурсларининг қарийб 80 фоизи эса мамлакат ташқарисида шаклланиши соҳани тубдан ислоҳ қилишни стратегик вазифага айлантирди. Кейинги йилларда амалга оширилган тизимли ислоҳотлар эса нафақат мамлакатимизда, балки халқаро майдонда ҳам юксак баҳоланмоқда.
Дунёда сув хавфсизлиги масаласи тобора долзарб тус олаётган бир пайтда, Нью-Йорк шаҳридаги БМТ қароргоҳида ўтказилган Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича Юқори даражадаги сиёсий форумда Ўзбекистон учун қувонарли янгилик эълон қилинди. Мамлакатимизнинг сувни тежаш ва сув ресурсларини самарали бошқариш борасидаги ислоҳотлари БМТ томонидан юқори баҳоланди.
БМТнинг UN-Water ташкилоти мамлакатимизни Барқарор ривожланиш мақсадларининг 6-мақсади – "Тоза сув ва санитария" бўйича, хусусан, 6.4-вазифа — сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш йўналишида дунёда энг юқори натижага эришган уч давлатдан бири сифатида эътироф этди.
Яна бир муҳим жиҳати шундаки, Ўзбекистоннинг сув ресурсларини бошқариш бўйича амалий тажрибаси халқаро экспертлар томонидан "Country Acceleration Case Study" — бошқа давлатлар учун намунавий тажриба сифатида танланди.
Бу мамлакатимизда сув соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар самараси халқаро даражада тан олинганининг ёрқин исботидир.
Сув ресурсларини тежаш Ўзбекистон учун танлов эмас, балки заруратдир.
Бугун мамлакатдаги мавжуд сув ресурсларининг қарийб 90–91 фоизи қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун сарфланади. Бироқ ўнлаб йиллар давомида бетонланмаган ирригация тармоқлари сабаб ҳар йили ўртача 14 миллиард куб метр сув ерга шимилиб, йўқотилган. Бу умумий сув сарфининг қарийб 36 фоизини ташкил этади.
Иқлим ўзгариши бу хавфни янада кучайтирмоқда. 2025 йил якунларига кўра мамлакатнинг умумий сув захиралари ўтган йилга нисбатан 6,5 миллиард куб метрга камайди. Мутахассислар прогнозига кўра, мавжуд тенденциялар сақланиб қолса, сув танқислиги 2030 йилга бориб 7 миллиард куб метрга, 2050 йилга келиб эса 15 миллиард куб метрга етиши мумкин.
Шу боис мамлакатда сувни тежаш, унинг ҳисобини юритиш ва ҳар бир томчисидан самарали фойдаланиш давлат сиёсатидаги устувор вазифалардан бирига айланди.
Сўнгги йилларда қабул қилинган "Ўзбекистон – 2030" стратегияси, шунингдек Президентнинг фармон ва қарорлари сув хўжалигини мутлақо янги босқичга олиб чиқди.
2020–2030 йилларга мўлжалланган Сув хўжалигини ривожлантириш концепцияси асосида ирригация тизимларини модернизация қилиш, рақамли технологияларни жорий этиш ва "Smart Water" тизимини амалиётга татбиқ этиш бошланди.
Энг муҳими, ислоҳотлар қоғозда эмас, амалда ўз самарасини бермоқда.
Фақат 2025 йилнинг ўзида республика бўйича 817,2 минг гектар майдонда томчилатиб, ёмғирлатиб ва бошқа сув тежовчи технологиялар жорий қилинди. Бунинг натижасида бир йилнинг ўзида 2,3 миллиард куб метр сув тежалди.
Халқаро сув ресурсларини бошқариш институти (IWMI) маълумотларига кўра, бугун мамлакатдаги 4,3 миллион гектар суғориладиган ерларнинг қарийб 60 фоизида сув тежовчи технологиялар қўлланилмоқда. Бу эса ҳар йили 10 миллиард куб метрдан ортиқ сувни иқтисод қилиш имконини бермоқда.
2028 йилга бориб мазкур кўрсаткични 80 фоизга етказиш режалаштирилган.
Сувни тежашнинг яна бир муҳим йўналиши ирригация инфратузилмасини янгилаш ҳисобланади.
2025 йилда 1000 километр, 2026 йилда эса яна 1300 километр асосий каналларни бетонлаш ишлари амалга оширилмоқда. Бу ишлар сувнинг ерга шимилиб кетишини кескин камайтириб, йилига қўшимча 500 миллион куб метр сувни сақлаб қолиш имконини беради.
Шу билан бирга, сув иншоотларида рақамли онлайн ўлчов қурилмалари ўрнатилмоқда, насос станциялари модернизация қилинмоқда.
Бу нафақат сув, балки энергия тежамкорлигини ҳам таъминламоқда. Агар 2017 йилда соҳада 8,3 миллиард кВт·соат электр энергияси сарфланган бўлса, 2025 йилга келиб бу кўрсаткич 6,4 миллиард кВт·соатгача қисқарди.
Сув соҳасидаги ислоҳотлар фақат инфратузилма билан чекланиб қолмаяпти.
Фермер ва агрокластерларни қўллаб-қувватлаш мақсадида suvkredit.uz электрон платформаси ишга туширилди. У орқали сув тежовчи технологияларни жорий этаётган лойиҳалар икки йиллик имтиёзли давр билан, гаровсиз ва имтиёзли фоиз ставкалари асосида молиялаштирилмоқда.
2025 йилнинг биринчи ярмида мазкур мақсадлар учун давлат бюджетидан 73 миллиард сўм субсидия ажратилди.
Шунингдек, Президент ташаббуси билан ташкил этилган "Сувчилар мактаби" орқали 2030 йилга қадар 45 мингдан зиёд фермер ва сув хўжалиги мутахассисларининг малакасини ошириш режалаштирилган.
Бу сувни тежаш маданиятини шакллантиришда муҳим қадам бўлмоқда. Сув соҳасидаги ўзгаришлар аҳолининг турмуш сифатига ҳам бевосита таъсир кўрсатмоқда.
Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, мамлакатда тоза ичимлик суви билан таъминланган уй хўжаликлари улуши 2020 йилдаги 67,4 фоиздан 2025 йилда 79,4 фоизга етди.
Айниқса, аввал сув таъминоти мураккаб бўлган ҳудудларда катта ўсиш кузатилди.
Қашқадарё вилоятида мазкур кўрсаткич 34,8 фоиздан 61,8 фоизга, Хоразм вилоятида эса 40,6 фоиздан 72,4 фоизгача ошди.
Бу рақамлар чекка ҳудудларда амалга оширилаётган инфратузилма лойиҳалари ўз натижасини бераётганини кўрсатади.
БМТнинг Ўзбекистон тажрибасини бутун дунё учун намуна сифатида тан олиши тасодифий эмас. Бу мамлакатимизда кейинги йилларда сув ресурсларини бошқариш соҳасида амалга оширилган изчил ва узоқни кўзлаган сиёсатнинг халқаро эътирофидир.
Бугун сув шунчаки табиий бойлик эмас. У иқтисодий тараққиёт, озиқ-овқат хавфсизлиги, экологик барқарорлик ва минтақавий ҳамкорликнинг ҳал қилувчи омилига айланди.
Ўзбекистон эса сувни тежаш, рақамли бошқарувни жорий этиш, инфратузилмани модернизация қилиш ва инсон капиталини ривожлантиришга асосланган ўз модели билан нафақат миллий манфаатларни ҳимоя қилмоқда, балки иқлим ўзгариши кучайиб бораётган бугунги шароитда Марказий Осиё учун ҳам барқарор тараққиётнинг янги йўлини намоён этмоқда.
Сувни асраш — бугунги куннинг вазифаси эмас, келажак авлодлар олдидаги масъулиятдир. БМТнинг юксак баҳоси эса Ўзбекистон бу масъулиятни амалий ишлар билан бажараётганини яна бир бор тасдиқлади.
Шахзода Раҳимова,
“Барқарор ривожланиш маркази” эксперти