Барқарор ривожланиш маркази 

  • O‘zbek
  • Ўзбек
  • Русский
  • English
  • Français

Сув дипломатиясини ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди

11-11-2026 1408

    2026 йил 10 ноябрь куни Сув соҳасида барқарор ривожланиш марказида «Трансчегаравий сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва сув дипломатиясини ривожлантириш истиқболлари» мавзусида Экспертлар кенгашининг III йиғилиши бўлиб ўтди.

    Тадбирда Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири ўринбосари Ўткир Шералиев, Швециянинг Уппсала университети профессори Ашок Свайн, «Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти» Миллий тадқиқот университети («ТИҚХММИ» МТУ) вакиллари ҳамда Барқарор ривожланиш маркази бўлим бошлиғи Авазбек Халбеков иштирок этиб, минтақавий сув ҳамкорлиги ва сув дипломатиясини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар.

    А. Халбеков ўз маърузасида сув ресурсларидан оқилона фойдаланишнинг иқтисодий, ижтимоий ва экологик самарадорлигини комплекс баҳолаш, сув тақсимотида давлатларнинг ўзаро манфаатларини инобатга олиш ҳамда фанлараро ёндашув асосида «Трансчегаравий сув ресурсларини самарали бошқариш ва ҳудудий тақсимлаш матрицаси»ни ишлаб чиқиш бўйича амалий таклифларни илгари сурди.

    Мазкур ёндашув трансчегаравий сув ресурсларидан фойдаланишда иқтисодий манфаатлар, ижтимоий эҳтиёжлар ва экологик барқарорлик ўртасидаги мувозанатни таъминлаш, шунингдек, давлатлараро келишилган, ўзаро манфаатли ва илмий асосланган сув бошқаруви сиёсатини шакллантиришга қаратилган.

    Учрашув якунида иштирокчилар трансчегаравий сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашдилар.