2026 йилнинг 23 март куни араб оламида юз мингдан ортиқ аудиторияга эга бўлган Ироқнинг SOTALIRAQ (صوت العراق) (Ироқ овози) — араб тилида фаолият юритувчи онлайн ахборот ва таҳлилий медиа платформасида Э.Саминовнинг “Барқарор ривожланиш — инсоният тараққиётининг стратегик йўли: глобал тенденциялар ва Ўзбекистон тажрибаси”номли мақоласи эълон қилинди.
Мазкур мақолада Барқарор ривожланиш мақсадлари йўлида глобал тенденциялар, барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда Ўзбекистон тажрибаси, Ўзбекистоннинг глобал ривожланиш индексидаги натижалари чуқур таҳлил қилиш билан бирга, уларнинг ечими сифатида барқарор ривожланиш концепциясининг аҳамияти очиб берилади. Хусусан, муаллиф XXI аср инсоният тараққиётида мутлақо янги босқични бошлаб берганини таъкидлайди. Бугунги кунда замонавий технологиялар, рақамли иқтисодиёт ва илмий ютуқлар мисли кўрилмаган даражада ривожланмоқда. Бироқ шу билан бирга, экологик инқирозлар, ижтимоий тенгсизлик ва геосиёсий зиддиятлар инсоният келажагига жиддий таҳдид солмоқда. Ана шу қарама-қаршиликлар глобал тараққиётнинг мураккаб ва зиддиятли табиатини намоён этади.
2015 йилда БМТ томонидан қабул қилинган 2030 йилгача бўлган Барқарор ривожланиш кун тартиби айнан шу муаммоларга ечим топишга қаратилган глобал дастур сифатида майдонга чиқди. Унда қашшоқликни бартараф этиш, сифатли таълимни таъминлаш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва тинчликпарвар жамият қуриш каби 17 та устувор мақсад белгилаб берилган. Бироқ 2025 йил таҳлиллари шуни кўрсатмоқдаки, мазкур мақсадларга эришиш жараёни кутилганидан анча секин кечмоқда. Бугунги кунда кўрсаткичларнинг фақат кичик қисми белгиланган режага мувофиқ амалга оширилмоқда, айрим йўналишларда эса ҳатто ортга чекиниш ҳолатлари кузатилмоқда. Бу эса барқарор ривожланиш масаласи алоҳида давлат эмас, балки бутун инсоният тақдири билан боғлиқ эканлигини яна бир бор тасдиқлайди.
Глобал жараёнларга назар ташласак, барқарор тараққиётга энг катта тўсиқ бўлаётган омиллар — геосиёсий можаролар, экологик муаммолар, ресурслар танқислиги ва ижтимоий тенгсизликдир. Дунёдаги ўта қашшоқ аҳолининг катта қисми айнан можароли ҳудудларда яшайди, ҳарбий харажатларнинг ортиши эса тараққиёт учун ажратилиши мумкин бўлган ресурсларни қисқартирмоқда. Шу билан бирга, иқлим ўзгариши, ўрмонларнинг қисқариши ва биохилма-хилликнинг йўқолиши инсоният олдида янги масъулиятни юклайди. Бу ҳолат шундан далолат берадики, инсон эҳтиёжлари чексиз, аммо табиат ресурслари чекланган.
Шу нуқтаи назардан, барқарор ривожланиш тушунчаси бугунги кунда фақат иқтисодий стратегия эмас, балки янги цивилизацион парадигма сифатида намоён бўлмоқда. У инсон қадрини эъзозлаш, ижтимоий адолатни таъминлаш ва табиат билан уйғунликда яшаш ғояларини ўзида мужассам этади.
Мақолада Ўзбекистон тажрибаси алоҳида эътиборга лойиқ мисол сифатида келтирилади. Мамлакат барқарор ривожланиш мақсадларини миллий сиёсатга изчил интеграция қилган ҳолда, институционал ва амалий ислоҳотларни амалга оширмоқда. Бу жараёнларда Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.
Хусусан, миллий даражада 16 та мақсад ва 126 та вазифа белгиланган, “Ўзбекистон — 2030” стратегияси қабул қилинган ва барқарор ривожланиш тамойиллари Конституция ҳамда қонунчиликка жорий этилган. Давлат бюджети харажатларининг катта қисми айнан шу мақсадларга йўналтирилаётгани эса сиёсий ироданинг аниқ ифодасидир.
Шу билан бирга, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган очиқлик, инсон қадрини улуғлаш ва “давлат — инсон учун” тамойили барқарор ривожланиш ғоялари билан уйғун ҳолда амалга оширилмоқда. Айниқса, экологик муаммоларни ҳал этиш, жумладан Оролбўйи ҳудудини тиклаш, “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини кенгайтириш бўйича ташаббуслар халқаро ҳамжамият томонидан ҳам юқори баҳоланмоқда.
2025 йилда БМТнинг “Барқарор ривожланиш ечимлари тармоғи” халқаро ташкилоти томонидан эълон қилинган хисоботга кўра Ўзбекистон 167 та давлат орасида 73,1 балл билан, 19 поғонага кўтарилиб, 62-ўринни эгаллади. Ўзбекистон 2015 йилдан буён Марказий Осиё ва Шарқий Европа минтақаларида Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича энг тез суръатларда тараққиётга эришган давлат сифатида эътироф этилди. Бу кўрсаткичлар мамлакатимизда барқарор ривожланиш соҳасидаги ислоҳотлар самарадорлигини ва жамиятнинг фаол иштирокини намоён этмоқда.
Шунингдек, амалий натижалар ҳам диққатга сазовор: камбағаллик даражасининг камайиши, таълим ва рақамли инфратузилманинг кенгайиши, қайта тикланувчи энергия улушининг ортиши ва халқаро рейтингларда юқори ўринларнинг эгалланиши мамлакатда барқарор ривожланиш сиёсати самарали амалга оширилаётганини кўрсатади. Бу эса Ўзбекистонни Марказий Осиёда барқарор тараққиёт модели сифатида намоён этмоқда.
Мазкур мақоланинг араб тилида фаолият юритувчи ва кенг аудиторияга эга бўлган Ироқнинг SOTALIRAQ (صوت العراق) ахборот-таҳлилий платформасида эълон қилиниши алоҳида стратегик аҳамиятга эга. Аввало, бу орқали мақола араб интеллектуал муҳитига кириб боради ва Марказий Осиёдаги ислоҳотлар ҳақида холис ва таҳлилий маълумот тақдим этади. Иккинчидан, Ўзбекистоннинг халқаро имижи, айниқса, барқарор ривожланиш соҳасидаги ютуқлари араб дунёсида кенг тарғиб этилади.
Шунингдек, таҳлилий мақола Марказий Осиё ва Яқин Шарқ ўртасида интеллектуал ва ахборот алоқаларини мустаҳкамлашга ҳисса қўшади. Барқарорлик, иқтисодий ислоҳотлар ва экологик ташаббуслар каби мавзулар араб дунёси учун ҳам долзарб бўлгани боис, Ўзбекистон тажрибаси улар учун амалий қизиқиш уйғотади.
Хулоса қилиб айтганда, барқарор ривожланиш бугунги кунда фақат халқаро дастур эмас, балки инсониятнинг яшаб қолиш стратегиясига айланиб бормоқда. Агар иқтисодий тараққиёт ижтимоий адолат ва экологик мувозанат билан уйғунлашмаса, глобал инқирозлар янада чуқурлашиши мумкин. Шу маънода, тараққиётнинг янги модели — инсон қадри, адолат ва табиатни асраш тамойилларига асосланган моделни шакллантириш XXI асрнинг энг муҳим вазифаси ҳисобланади.
Барқарор ривожланиш маркази матбуот хизмати