Сунъий интеллект кўпинча номоддий рақамли муҳит сифатида тасаввур қилинсада, унинг ортида қудратли жисмоний инфратузилма — серверлар, совитиш қурилмалари ва тинимсиз ишлайдиган электр таъминоти ётади. Хар бир сўров, маълумотлар алмашинуви ёки видеогенерация жараёни сезиларли миқдорда энергия талаб қилади. Бу эса яқин келажакда ресурс хавфсизлиги ва экологик муаммоларнинг вужудга келишига сабаб бўлади.
Халқаро энергетика агентлигининг 2026 йил 16 апрелдаги ҳисоботига кўра, 2025 йилда глобал маълумотлар марказларининг электр истеъмоли 17 фоизга, фақат сунъий интеллектга ихтисослашган марказларники эса 50 фоизга ошган. Мутахассисларнинг фикрича, бу марказларнинг умумий электр истеъмоли 2025 йилдаги тахминан 485 ТВт·соатдан 2030 йилда 950 ТВт·соатга кўтарилиб, глобал даражада электрга бўлган талабнинг қарийб 3 фоизини ташкил этади. Табиийки, энергия сарфи қувват ва вақт кўпайтмасига тенг. Масалан, қуввати 10 МВт бўлган ускуна 24 соат ишласа, 240 МВт·соат энергия сарфлайди. Гарчи СИ моделларитакомиллашиб бораётган бўлсада, сўровномаларнинг миқдори ва мураккаблиги ортиб бораётгани умумий энергия талабини янада катталаштирмоқда.
Бироқ муаммо фақат электр энергияси билан чекланиб қолмайди. БМТ Университетининг Сув, атроф-муҳит ва саломатлик институти (UNU-INWEH) томонидан 2026 йил 3 июнда эълон қилинган ҳисоботда келтирилишича, 2030 йилга бориб глобал маълумотлар марказларининг йиллик сув ҳажми 9,3 триллион литрга — яъни Саҳрои Кабирдан жанубий Африкадаги 1,3 миллиард аҳолининг йиллик маиший сув истеъмолига тенг миқдорга етиши мумкин. Шуни ҳам ҳисобга олиш керакки, битта сўровномага тўғри келадиган сув миқдори қатъий стандартга эмас, балки жойлашган ҳудуд, совитиш усули ва ҳисоблаш технологиясига боғлиқ. Қолаверса, углерод чиқиндиларини камайтирувчи айрим ечимлар сув ёки ер сарфини камайтирмаслиги ҳам мумкин.
Миллий миқёсда бу жараёнлар алоҳида ёндашувни талаб этади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 14 октябрдаги ПҚ-358-сон қарори билан тасдиқланган 2030 йилгача сунъий интеллектни ривожлантириш стратегияси энергетикада ресурсни бошқариш ва истеъмолни олдиндан ҳисоблашда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Жумладан, 2026 йил 22 сентябрда Рақамли технологиялар вазирлиги Ўзбектелеком томонидан Бухоро ва Қўқонда СИ ҳамда катта маълумотларни қайта ишлашга мўлжалланган иккита янги марказ ишга туширилганини хабар қилди. Куз ойларида эса Зангиота туманида бешинчи марказни очиш режалаштирилган. Расмий хабарларда мазкур объектларнинг йиллик сув ва электр сарфи тўлиқ очиқланмагани сабабли, миллий ҳисоб-китобларда тасдиқланмаган рақамларга таянмаслик мақсадга мувофиқдир.
Жаҳон банки тадқиқотларида сув танқислиги ва иссиқлик хавфлари жиддий омил сифатида қайд этилган. Шу боис, маълумотлар марказларини жойлаштиришда фақатгина қурилиш харажатларига эмас, балки маҳаллий сув ва энергетика шароитларига ҳам катта эътибор қаратилиш шарт.
Қувонарли жиҳати, 2026 йилда UN-Water Ўзбекистонни барқарор ривожланишнинг олтинчи мақсади – барча учун сув ресурслари ва санитариянинг мавжудлиги ҳамда улардан оқилона фойдаланишни таъминлаш йўналишида сув тежовчи технологияларни жорий этиш орқали жадал тараққиётга эришган учта давлат қаторига киритди. Янги рақамли объектлар мазкур сувни тежаш сиёсатини тўлиқ қўллаб-қувватлаши зарур. Барқарор инфратузилма қуриш учун эса майдонларни баҳолашда ресурс мавжудлигини ҳисобга олиш, йиллик энергия ва сув сарфи кўрсаткичларини ошкор қилиш, муҳитга мос совитиш тизимларини танлаш, шунингдек, қуёш ва шамол генерациясини кенгайтириш амалий аҳамият касб этади.
Хулоса қилиб айтганда, сунъий интеллект инсониятга улкан имкониятлар очиб бераётган бўлса-да, унинг жисмоний инфратузилмаси катта ҳажмдаги энергия ва сув ресурсларини талаб қилади. Рақамли тараққиётни барқарор давом эттириш учун фақат углерод кўрсаткичлари билан чекланиб қолмай, энергетика ва сув балансини биргаликда ҳисобга олиш, шаффоф экологик ҳисоботларни йўлга қўйиш ҳамда иқлим ўзгаришига мослашиш чораларини қатъий кўриш лозим.
Шарифова Мадинабону,
“Барқарор ривожланиш маркази” ННТ бош мутахассиси