Бугун Ўзбекистонда таълим соҳаси мазмунан ва кўлам жиҳатидан янги босқичга кўтарилмоқда. Таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар энди фақат таълим олувчилар сонини кўпайтириш билан чекланмай, билим сифати, халқаро стандартлар, замонавий касблар ва меҳнат бозори талабларига мос мутахассислар тайёрлашга қаратилмоқда. Айниқса, мактабдан бошлаб олий таълимгача бўлган узвийликни таъминлаш, ўқитувчиларнинг касбий салоҳиятини ошириш ва таълимни амалиёт билан боғлаш устувор вазифага айланмоқда.
Бу жараёнда ислоҳотларнинг марказида турган асосий куч – ўқитувчидир. Чунки замонавий ўқув дастури, янги дарслик, халқаро таълим стандарти ёки рақамли технология қанчалик мукаммал бўлмасин, унинг самараси, аввало, синф ва аудиториядаги педагогнинг билими, маҳорати ва ёндашувига боғлиқ. Шу маънода таълим сифатини оширишга қаратилган ҳар бир қадам ўқитувчининг касбий ривожи билан уйғун бўлиши муҳим.
Сўнгги саккиз йилда талабалар сафи кескин кенгайиб, олий таълим билан қамраб олинганлар сони 6,3 бараварга ошди. Бу рақамлар таълим олиш имкониятлари сезиларли даражада кенгайганини кўрсатса, навбатдаги вазифа ушбу имкониятларни юқори сифатли таълим билан таъминлашдан иборат. Шу мақсадда олийгоҳлардаги 157 та таълим дастури халқаро аккредитациядан ўтказилди. 2030 йилга қадар камида 5 та олийгоҳни умумий рейтинг бўйича, яна 10 тасини фан йўналишлари кесимида дунёнинг энг яхши 500 та университети қаторига киритиш мақсад қилинган.
Таълим сифати эса, аввало, ўқитувчи салоҳияти билан белгиланади. Шу боис педагогларнинг узлуксиз касбий ривожланиши, замонавий методикаларни ўзлаштириши ва халқаро тажрибадан фойдаланишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мактаб таълимини ривожлантириш миллий дастурида миллий ўқув дастурини халқаро тажриба асосида такомиллаштириш, замонавий дарсликлар яратиш, педагогларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, ўқитувчилик касбининг нуфузини юксалтириш каби вазифалар белгиланган.
Бугун бу ёндашув таълим тизимининг кейинги босқичларида ҳам давом эттирилмоқда. 2030 йилга қадар олий таълим муассасалари битирувчилари ва педагогларининг камида 30 фоизини хорижий тил, касб ва мутахассислик бўйича халқаро сертификатлар билан таъминлаш кўзда тутилган. Шунингдек, 2,5 минг нафар техникум ва 20 минг нафар олийгоҳ педагогини хорижда малака оширишга юбориш вазифаси белгиланган. Бу мақсадлар таълим сифатини оширишда педагогнинг касбий салоҳияти ҳал қилувчи омил эканини яна бир бор кўрсатади.
Янги босқичнинг яна бир муҳим жиҳати – таълимнинг реал ҳаёт ва ишлаб чиқариш билан яқинлашувидир. Бунга Тошкентдаги “ToshTech” техника университети яққол мисол бўла олади. Университетда ўқув жараёни тўлиқ инглиз тилида олиб борилади, дарслар маҳаллий олимлар билан бир қаторда юқори малакали хорижлик мутахассислар томонидан ташкил этилади. Талабалар саноат муҳандислиги ва менежмент, электр муҳандислиги, энергетика муҳандислиги, материалшунослик ва нанотехнологиялар каби тўртта йўналишда таҳсил олади. Муҳими, улар дастлабки курсларданоқ реал саноат лойиҳалари ва мураккаб муҳандислик муаммолари устида ишлашга жалб этилади.
Университетнинг халқаро ҳамкорликлари ҳам таълимни замонавий илм-фан ва ишлаб чиқариш билан боғлашга хизмат қилмоқда. “ToshTech” Шанхай Цзяо Тонг университети, Милан политехника университети ҳамда “Boston Consulting Group” консалтинг компанияси билан яқин ҳамкорликда ташкил этилган. Шу билан бирга, талабаларнинг ўқиш давридаёқ амалиёт ўташи ва саноатдаги реал вазифалар билан ишлаши учун йирик компаниялар билан ҳам ҳамкорлик йўлга қўйилган.
2026/2027 ўқув йили учун “ToshTech” техника университетига 1 654 нафар абитуриент ҳужжат топширди. Улардан 400 нафари сараланиб, ўқишга қабул қилинди. Илк қабул қилинган талабаларнинг барчаси 100 фоиз давлат гранти асосида таҳсил олмоқда. Бу тажриба таълим, илм-фан ва саноат ўртасидаги узвий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган ёндашувнинг амалий намунасидир.
Таълимда халқаро стандартларга яқинлашиш билан бирга, ўқиш имкониятларининг янги шакллари ҳам жорий этилмоқда. Жорий йилнинг ўзида 643 та техникумнинг 100 тасида Германия, Буюк Британия, Швейцария, Хитой ва Корея каби давлатларнинг илғор касбий таълим дастурлари жорий этилмоқда. Бу ёндашув касбий таълимни халқаро стандартлар билан уйғунлаштириш ва меҳнат бозори талабларига мос мутахассислар тайёрлаш имкониятларини кенгайтирмоқда.
Олий таълимда эса “1+3”, “2+2”, “3+1” каби интеграциялашган дастурлар орқали талабаларнинг маҳаллий ва хорижий таълим тизимларида биргаликда таҳсил олишига шароит яратилмоқда. Масалан, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ва Тошкент архитектура-қурилиш университетида Буюк Британиянинг 10 дан ортиқ олийгоҳи билан ҳамкорликда интеграциялашган дастурлар жорий этилган. Бугун уларда 371 нафар талаба “1+3”, “2+2” ва “3+1” моделлари асосида таҳсил олмоқда. Ушбу дастурлар талабаларга турли мамлакатларнинг академик муҳити ва таълим стандартларидан фойдаланиш, шунингдек, Британия стандартларига мос диплом олиш имконини бермоқда.
Таълим тизими рақамли технологиялардан фойдаланиш нуқтаи назаридан ҳам ўзгармоқда. Тошкентдаги “Ёшлик” талабалар шаҳарчаси ҳокимлигида ташкил этилган Вазиятлар маркази 41 та талабалар ётоқхонасини қамраб олган. Уларда 17,5 минг нафар талаба истиқомат қилади. Ягона рақамли тизим эса ҳудуддаги қарийб 75 минг нафар талабанинг хавфсизлиги ва ижтимоий муҳитини мониторинг қилиш, давоматни назорат қилиш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш имконини беради. Марказ 17 та ахборот тизими билан интеграция қилинган бўлиб, турли маълумотларни ягона рақамли платформа орқали тезкор таҳлил қилиш ва вазиятга қараб зарур чораларни кўриш имконини яратади.
Бундай тизимлар таълим сифатини фақат аудиториядаги дарс билан эмас, балки таълим олувчи учун хавфсиз, замонавий ва қулай муҳит яратиш билан ҳам боғлаш зарурлигини кўрсатмоқда. Таълим муассасасидаги муҳит, талабаларнинг хавфсизлиги, ижтимоий ҳолати ва улар билан тизимли ишлаш имкониятлари ҳам таълим жараёнининг муҳим таркибий қисмига айланмоқда.
Буларнинг барчаси Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларида белгиланган 4-мақсад – сифатли таълимни таъминлаш ғояси билан уйғун. БРМ-4 барчани қамраб олувчи ва адолатли сифатли таълимни таъминлаш ҳамда барча учун бутун умр давомида таълим олиш имкониятларини рағбатлантиришни назарда тутади. Ўзбекистондаги ислоҳотларда ҳам таълимнинг узлуксизлиги, инклюзив таълим, касбга йўналтириш, педагогларнинг малакасини ошириш, халқаро аккредитация ва замонавий касбий таълим каби йўналишларнинг кучайиб бораётгани ушбу мақсаднинг амалий ифодасидир.
1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида бу жараённинг энг муҳим иштирокчисини яна бир бор таъкидлаш ўринли. Таълимдаги ҳар қандай ислоҳотнинг натижаси, аввало, уни синфда, аудиторияда ва амалиётда ҳаётга татбиқ этадиган устозга боғлиқ. Замонавий мактаб, янги дарслик, халқаро дастур ёки рақамли технологиянинг ўзи етарли эмас. Уларни самарали қўллай оладиган, ўз устида доимий ишлайдиган ва шогирдини мустақил фикрлашга ўргатадиган ўқитувчи керак.
Шу маънода бугун таълимга киритилаётган энг муҳим инвестиция – инсон капиталига, аввало, устознинг билими ва салоҳиятига киритилаётган инвестициядир. Таълим тизимидаги ислоҳотлар қанчалик кенг қамровли бўлмасин, уларнинг барқарор натижаси ўқитувчининг касбий маҳорати, масъулияти ва замонавий ёндашувларни амалиётга татбиқ эта олиш қобилияти билан чамбарчас боғлиқ. Зеро, сифатли таълимнинг энг ишончли пойдевори – билимли авлодни тарбиялайдиган, ўзи ҳам доимий изланишда бўлган устоздир.
Шарифова Мадинабону,
“Барқарор ривожланиш маркази” ННТ бош мутахассиси