Барқарор ривожланиш маркази 

Сайт синов режимида ишламоқда
  • O‘zbek
  • Ўзбек
  • Русский
  • English
  • Français

Шаҳар коммуникациялари: тарқоқ чизмалардан ягона рақамли харитага

14-09-2026 18

    Кечагина асфальт ётқизилган кўча бугун яна қазилса, ҳақли савол туғилади: наҳотки, бу ишларни олдиндан келишиб бўлмаса? Қайта қазилган ҳар бир йўл ортида бюджетдан сарфланган маблағ, тирбандликда йўқотилган вақт ва аҳолига етказилган ноқулайлик бор. Ер остидаги қувур ёки кабель шикастланса, муаммо сув, электр ёки алоқа таъминотига ҳам таъсир қилади.

    Бу ҳолатнинг ечими — шаҳарнинг ер ости тармоқлари ягона рақамли харитасини яратиш. Унда сув, газ, электр, канализация ва алоқа тармоқлари бир жойда акс эттирилади. Қурилиш ташкилоти иш бошлашидан олдин ер остида нима борлигини кўради, хизмат кўрсатувчи идоралар эса режаларини мувофиқлаштиради. Натижада тармоқларнинг тасодифан шикастланиши ва битта кўчанинг қайта-қайта қазилиши камаяди.

    Буюк Британиядаги    NUAR    реестри бундай ёндашувнинг амалий самарасини кўрсатмоқда. Англия, Уэльс ва Шимолий Ирландияни қамраб олган тизимда    390 дан    ортиқ тармоқ эгасининг маълумотлари ҳамда    3,2 миллион    километрдан зиёд қувур ва кабеллар жамланган. Илгари зарур маълумотларни тўплаш ўртача олти кун давом этган бўлса, энди уларни дарҳол олиш мумкин. Линкольншир графлиги кенгаши вакили тизим тўлиқ ишлатилганда маълумот тўплашга кетадиган вақт ва меҳнат сарфи тахминан    75 фоиз    тежалишини билдирган.    

    Ўзбекистонда ҳам бундай ташаббус учун зарур замин шаклланмоқда. Жаҳон банки 2025 йил май ойида геофазовий маълумотлардан фойдаланишни яхшилаш учун    35 миллион    доллар миқдорида имтиёзли кредит ажратишни маъқуллади. Лойиҳа миллий геопортални ривожлантириш,    UzKAD    тизимини янгилаш ва муҳандислик тармоқлари кадастрини шакллантиришни қўллаб-қувватлайди.    

    Шу имкониятлардан фойдаланиб, ягона рақамли харитани аввало Янги Тошкент, Янги Андижон ва Урганчдаги Ал-Хоразмий шаҳарчаси каби бунёд этилаётган ҳудудларда жорий этиш таклиф этилади. Янги шаҳарларда қувур ва кабеллар кўмилмасидан олдин уларнинг жойлашувини аниқ ўлчаб, харитага киритиш мумкин. Бу эски чизмаларни кейинчалик қайта текширишга кетадиган вақт ва харажатни камайтиради.    

    Ҳар бир тармоқнинг жойлашуви, чуқурлиги, масъул ташкилот ҳамда маълумот янгиланган сана харитада кўрсатилиши керак. Тизим қурилиш ва таъмирлаш жадваллари билан боғланса, бир ҳудуддаги ишлар ўзаро мувофиқлаштирилади. Масалан, сув қувури ва алоқа кабели ётқизилгандан кейингина йўлга асфальт ётқизилади. Шу тариқа шаҳар қурилишидаги ҳар бир босқич рақамли из қолдиради.

    Лойиҳа самараси тармоқларнинг шикастланиши, қайта қазишлар, таъминот узилишлари ва тежалган маблағ орқали баҳоланиши лозим. Янги шаҳарларда синовдан ўтган тизим кейинчалик мавжуд шаҳарларга ҳам босқичма-босқич кенгайтирилиши мумкин. Энг муҳими, йўл қуриб бўлингандан кейин ер остида нима борлигини излаш эмас, барча тармоқларни қурилиш жараёнининг ўзида аниқ ҳисобга олишдир.

    Алишер Азизов,

“Барқарор ривожланиш маркази” ННТ бош мутахассиси