Халқаро сиёсат, минтақавий ҳамкорлик ва глобал тараққиёт масалаларини ёритувчи Eurasia Review таҳлилий нашрида Барқарор ривожланиш маркази бўлим бошлиғи Ж.Исаевнинг «Beyond Geopolitics: Can the SCO Deliver on Sustainable Development?» («Геосиёсатдан ташқари: ШҲТ барқарор ривожланишни таъминлай оладими?») номли мақоласи чоп этилди.
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) ташкил топганининг 25 йиллиги муносабати билан тайёрланган мазкур материалда ташкилотнинг минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ) эришишдаги имкониятлари таҳлил қилинган.
Муаллиф ШҲТ фаолияти самарадорлигини нафақат сиёсий мулоқотлар, қабул қилинган декларациялар ва келишувлар, балки аъзо давлатлар аҳолиси ҳаётидаги аниқ ижобий ўзгаришлар орқали баҳолаш муҳимлигини таъкидлайди.
Мақолада Ўзбекистоннинг ШҲТ доирасида халқ дипломатиясини ривожлантириш тажрибасига алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, фуқаролик жамияти институтлари, таълим муассасалари, ёшлар ташкилотлари ва маҳаллий ҳамжамиятлар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилган.
Шунингдек, халқ дипломатияси имкониятларидан сифатли таълим, барқарор шаҳарлар, иқлим ўзгаришига қарши кураш ва халқаро шериклик йўналишларида самарали фойдаланиш зарурлиги асослаб берилган.
Муаллифнинг фикрича, ШҲТ доирасида университетлараро ҳамкорликни ривожлантириш, шаҳарлар ўртасида тажриба алмашиш, ёшларнинг экологик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда фуқаролик жамияти институтлари иштирокида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш минтақавий ҳамкорликка янги амалий мазмун бағишлаши мумкин.
Мақоланинг асосий ғояси — ШҲТнинг халқаро нуфузи унинг геосиёсий аҳамияти билангина эмас, балки аҳоли фаровонлиги, инсон капитали ва экологик барқарорликка қўшган амалий ҳиссаси билан ҳам белгиланиши лозим.
Мазкур мақола Ўзбекистоннинг халқ дипломатияси ва барқарор ривожланиш соҳасидаги тажрибаси ҳамда ташаббусларини халқаро экспертлар ҳамжамиятига етказиш, шунингдек, ШҲТ доирасидаги ҳамкорликнинг янги амалий йўналишлари юзасидан фикр алмашишга хизмат қилади.
Мақоланинг тўлиқ матни (инглиз тилида):
https://www.eurasiareview.com/28102026-beyond-geopolitics-can-the-sco-deliver-on-sustainable-development-oped/