Барқарор ривожланиш маркази 

  • O‘zbek
  • Ўзбек
  • Русский
  • English
  • Français

Ўзбекистонда туризм соҳасининг барқарор ривожланиш тенденциялари ва истиқболлари

16-11-2025 44


    Ўзбекистонда туризм соҳаси сўнгги йилларда иқтисодиётнинг устувор йўналишларидан бирига айланиб, мамлакатнинг халқаро майдондаги имижини оширишда муҳим роль ўйнамоқда. Маданий мерос, тарихий шаҳарлар ва табиий манзаралар туристлар учун жозибадор макон яратади. Барқарор туризм эса туризм фаолиятини ривожлантиришда экологик ва ижтимоий барқарорликни сақлаб қолишни назарда тутади.

    Барқарор туризмнинг ҳуқуқий асослари

    Барқарор туризм БМТ Жаҳон туризм ташкилоти томонидан “ҳозирги авлод эҳтиёжини қондириб, келажак авлод манфаатларига зарар етказмаслик” тамойили асосида амалга оширилади. Ўзбекистонда барқарор туризмни қонунчилик асосида ривожлантиришга эътибор қаратилган. 2019 йил 16 апрелда қабул қилинган “Туризм тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 10.07.2020 йилдаги 433-сонли “туризм соҳасини тиклаш ва ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорлари соҳадаги фаолиятни тартибга солиш билан бирга барқарор ривожланишни таъминлайди. Шу билан бирга, “Янги Ўзбекистон – 2030” стратегияси мамлакатда экологик барқарорликка асосланган туризмни ривожлантириш вазифасини белгилайди.

    Туризм инфратузилмаси ривожи

    Ўзбекистонда туризм инфратузилмаси тизимли равишда модернизация қилиняпти. Тошкент ва Самарқанд халқаро аэропортларининг қурилиши, туристик шаҳарлардаги мажмуалар барпо этилиши, тоғ ва экологик ҳудудларда экотуризм кластерлари ташкил этилиши барқарор ривожланишга хизмат қилади. Масалан, Тошкент халқаро аэропортининг янги терминали замонавий технологиялар асосида қурилиб, йилига 15 миллионгача йўловчи қабул қилиш имкониятини яратади. Туристик йўналишларда темир йўл ва автомобиль йўллари инфратузилмаси янгиланмоқда: “Афросиёб” тезюрар поезди орқали Самарқанд–Бухоро–Хива қатновлари барқарор туризмни қўллаб-қувватламоқда.    

    Ўзбекистонда туристик ҳудудлар ва мажмуаларни барпо этиш йўналишида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2022 йилда фойдаланишга топширилган “Silk Road Samarkand” халқаро туристик маркази экотуризм, конференция ва маданий тадбирлар учун замонавий инфратузилма асосида қурилган.    

    “Amirsoy”, “Ugamriver”, “Charvak resort zone” ҳамда “Beldersoy–Chimgan–Nanay” туристик кластерлари тоғ ва экотуризмни ривожлантириш мақсадида давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилаётган йирик лойиҳалардан саналади.    

    Бундан ташқари, “Khiva City” ва “Bukhara City” лойиҳалари тарихий шаҳарларни асраб-авайлаш ҳамда замонавий инфратузилмани интеграция қилиш орқали маданий туризм салоҳияти ва мамлакатнинг халқаро туристик имиджини оширишга хизмат қилмоқда.

    Нурота, Зомин ва Сурхон миллий боғларида экологик маршрутлар, ҳамда “eco-lodge” туридаги турар жойлар яратилмоқда. Шу билан бирга, қишлоқ туризми дастури доирасида маҳаллий аҳоли ўз уйларини меҳмонхона сифатида фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлди. Бу эса иқтисодий барқарорликни таъминлаш, аҳолининг ижтимоий фаоллигини ошириш ва маҳаллий туризм салоҳиятини ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

    Муаммолар ва истиқболлар

    Барқарор туризмни ривожлантириш жараёнида инфратузилма етишмаслиги, экологик стандартларнинг тўлиқ жорий этилмагани ҳамда туризм йўналишидаги гидларнинг етишмаслиги каби масалалар ҳануз мавжудлигича қолмоқда. Минтақалар ўртасида туризм инфратузилмаси ва хизмат сифати бўйича номутаносиблик мавжуд — масалан, Фарғона водийси, Сурхондарё ва Қашқадарё каби минтақаларда меҳмонхона, йўл, логистика, реклама ва маркетинг йўналишлари тўлиқлигача тизимга солинмаган. Туризм соҳаси ходимларининг малакаси, хорижий тил билиш даражаси, хизмат кўрсатиш сифати ва тарғибот қобилияти етарли даражада эмаслиги, туризмни бу минтақада ривожланиб кетишига        тўсқинлик қилади. Яна бир муаммолардан бири транспорт алоқасидаги чекловлар — масалан, Хива шаҳрига рейслар камлиги ва поезд йўналишлари билан боғлиқ муаммолар мавжуд эканлиги барқарор туризмнинг ривожланишини секинлаштиради.

    Мавжуд муаммоларга қарамасдан, туризм соҳаси ижобий йўналишда ривожланмоқда. Туристлар сони жадал суръатда ўсмоқда: 2024 йилда 8,2 миллиондан ортиқ хорижий турист Ўзбекистонга ташриф буюрган бўлса, 2025 йилнинг январь–май ойларида бу кўрсаткич 4,2 миллиондан ошиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 48,2 фоизга ўсган. Шу билан бирга, туризмдан олинган хизматлар ҳажми ва экспорт улуши ҳам ортиб бормоқда — 2025 йилнинг биринчи чорагида туристик хизматлар ҳажми 927 миллион АҚШ долларига етган. Давлат томонидан виза олиш тартибини соддалаштириш, халқаро ҳамкорликни кучайтириш ва жаҳон туристик брендларини жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар соҳа тараққиёти учун кенг имконият яратмоқда. Жумладан, бугунги кунда 93 та мамлакат фуқаролари учун Ўзбекистонга визасиз кириш тартиби жорий этилган бўлиб, бу чоралар мамлакатнинг халқаро туристик жозибадорлигини янада оширишга хизмат қилмоқда.    

    Хулоса

    Ўзбекистонда туризм соҳаси давлат сиёсати ва амалий лойиҳалар орқали барқарор ривожланиш йўлида қадам ташламоқда. Инфратузилма модернизацияси, экотуризм кластерлари ва маданий меросни муҳофаза қилиш лойиҳалари мамлакатнинг халқаро туристик майдондаги нуфузини оширмоқда. Тошкент ва Самарқанд халқаро аэропортлари, туристик мажмуалар ва тоғли ҳудудлардаги экотуризм лойиҳалари Ўзбекистонни Марказий Осиёда барқарор туризм марказига айлантириши шубҳасиз.

Латифжонов Мухаммадфотих

Барқарор ривожланиш маркази

бош мутахассиси