Барқарор ривожланиш маркази 

  • O‘zbek
  • Ўзбек
  • Русский
  • English
  • Français

Ўзбекистонда пластик ифлосланишни камайтириш: Европа тажрибаси билан уйғунлашган миллий стратегия

12-11-2025 82

    Олимларнинг фикрига қараганда ер сайёрасида хар бир инсон бир ҳафта давомида 5 грамм микропластик бўлакларини истеъмол қилади, бу эса кредит картанинг ўлчамига тенг. Дунёда ва хусусан Ўзбекистонда пластик чиқиндилар билан    ифлосланишини    экологик ва ижтимоий муаммо сифатида тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Охирги йилларда пластик маҳсулотлардан фойдаланиш сезиларли даражада ортди, аммо уларни қайта ишлаш ва утилизация        инфратузилмаси етарли даражада ривожланмаган. Бу ҳолат атроф-муҳитга, инсон саломатлигига ва иқтисодиётга салбий таъсир кўрсатмоқда. Европа Иттифоқи (ЕИ)нинг тажрибаси Ўзбекистон учун амалий йўналиш сифатида хизмат қилиши мумкин.

    Европа Итифоқи тажрибасини Ўзбекистонга интеграция қилиш йўналишлари

    ЕИда 2021 йилдан бошлаб “Бир марталик пластик маҳсулотлар”ни тақиқлаш тўғрисидаги директива кучга кирди. Бу директива асосида қошиқ, пичоқ, ичимлик учун найча, идишлар        каби маҳсулотлар бозордан олиб ташланди. ЕИда ишлаб чиқарувчиларга ўз маҳсулотларини утилизацияси бўйича молиявий ва логистик жавобгарлик юкланади — бу “Extended Producer Responsibility” (EPR) деб аталади. Европа Комиссияси шиша ва қайта ишланадиган материаллар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш учун грантлар, субсидиялар ва солиқ имтиёзлари ажратади. Шунингдек, “Plastic Free Europe” каби ташаббуслар орқали аҳоли ўртасида экологик маданиятни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

    Германия

    Германияда пластик қадоқлар учун солиқ жорий этилган. Гаров миқдори 8 центдан 25 центгача бўлади. Бу топшириладиган идиш турига боғлиқ. Ичимликлар шишалари (бурама қопқоқлик шишалар қимматроқ), алюминий банкалар, бир марталик пластик идишлар, сут ва йогурт учун кўп марта ишлатиладиган шиша ва пластмасса идишлар. Шиша идишлар жамлама қутилари        учун ҳам 0,75 евродан 1,50 еврогача солиқ олинади.

    “Pfand” тизими орқали шиша        ва қайта ишлашга мўлжалланган идишлар қайтарилганда аҳоли томондан тўланган солиқнинг маълум қисми        қайтарилади. Исталган дўконларда “Pfand”        тизимида ишловчи вендинг автомат бор ва бу автоматлар    кўп марта ишлатиладиган ёки қайта ишланадиган идишларни, қайтариб    саралаб олади ва        харидорларга солиқларнинг бир қисми қайтарилади. Автомат чек беради ва шу чек билан дўкон        кассасига бориш лозим.

    Мазкур тизим чиқиндиларни қайта ишлаш ва уларнинг миқдорини камайтиришга ёрдам беради.    Қайта ишлаш инфратузилмаси юқори даражада автоматлаштирилган ва жамоатчилик бу борада фаол иштирок этади.

    Франция

    Францияда 2020 йилдан бошлаб пластик пакетлар тақиқланган. 2026 йилгача барча пластик қадоқлардан воз кечиш режалаштирилган. Био-чирийдиган материаллар ишлаб чиқаришга субсидиялар ажратилади, шунингдек, ресторан ва супермаркетлар шиша идишлардан фойдаланишга ўтмоқда.

    Экология соҳасидаги        тадбирлар    

    Хусусан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида хозирги кунда Ўзбекистонда        Олий таълим муассасаларида “Эко-клублар” фаолияти кенгаймоқда. Масалан, Тошкент давлат техника университети, Урганч давлат университети ва бошқа олийгоҳларда талабалар мунтазам равишда экологик тозалик акцияларида иштирок этишмоқда. Бу тадбирлар доирасида пластик чиқиндиларни саралаш, қайта ишлаш ва шиша идишлардан фойдаланишни тарғиб қилиш бўйича семинарлар ҳам ташкил этилмоқда. Ундан ташқари        2023 йилдан бошлаб 30 март куни (Халқаро чиқиндисиз кун) доирасида доимий равишда ўтказилиши режалаштирилган        Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ва Экологик партия ҳамкорлигида «Zero Waste» республика эко-акцияси ўтказилди ва унда кўнгиллилар жамоаси ҳудудни тозалашди, улар пластик шишалар, алюминий банкалар ва қоғоз чиқиндиларини тўплаб, махсус жойларга        жамладилар. 2025 йил март ойида ҳам — (Халқаро чиқиндисиз кун) муносабати билан оммавий ,,плоггинг‘‘ (бу юриш югуриш пайтида чиқиндиларни йиғишни ўз ичига олган экологик спорт тури.) эко-акцияси ўтказилди. Тадбир доирасида Тошкент шаҳри ва республика бўйича жами 3 минг нафарга яқин иштирокчи томонидан    58    та ҳудуд (150    гектарга яқин)    349,8    тонна чиқиндидан тозаланди ва саралаб қайта ишлаш пунктларига етказилди.

Ўзбекистонда Миллий пластик ифлосланишини камайтириш дастури    лоиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Унга кўра 2027 йилга қадар пластик пакетларни ишлаб чиқариш, импорт қилиш ва фойдаланишни тақиқлаш таклиф этилган. Шунингдек, био-чирийдиган, экологик хавфсиз муқобил материаллардан фойдаланишни рағбатлантириш назарда тутилган.

    Ўзбекистонда пластик чиқиндиларни камайтиришга қаратилган қонунчилик ташаббуслари доирасида    Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги    томонидан янги норматив-ҳуқуқий ҳужжат устида иш олиб борилмоқда. Ушбу лойиҳада    «шиша идишлар қайта ишлашни» ни    ташкил этиш, махсус қабул пунктларини жорий қилиш ҳамда утилизация жараёнларини амалга ошириш учун зарур техник инфратузилмани ривожлантириш        каби чора-тадбирлар назарда тутилган.

1. Қонунчиликни мустаҳкамлаш -    ЕИдаги каби, Ўзбекистонда ҳам    бир марталик пластик маҳсулотларни тақиқлаш    бўйича қонун лойиҳаси тайёрланмоқда. Бу ташаббусни амалга ошириш орқали шиша, қоғоз ва био-чирийдиган материаллардан фойдаланишга ўтишни рағбатлантириш мумкин.

2. Иқтисодий рағбатлантириш        ва субсидиялар -    Шиша ва қайта ишланадиган материаллардан фойдаланувчи ишлаб чиқарувчиларга    солиқ имтиёзлари,    субсидиялар    ва    инновацион грантлар    бериш орқали бозорни экологик маҳсулотларга йўналтириш мумкин.

3. Ахборот ва таълим кампаниялари -    ЕИдаги каби, Ўзбекистонда ҳам    оммавий ахборот воситалари, мактаблар ва жамоат ташкилотлари орқали    пластик идишлар зарари ва шиша идишларнинг афзалликлари ҳақида маълумот бериш кампаниялари ўтказилиши зарур.    

4. Ишлаб чиқарувчи масъулиятини кучайтириш -    Пластик маҳсулот ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчиларга    қайта ишлаш ва утилизация учун жавобгарлик юклаш    орқали чиқиндиларни камайтиришга эришиш мумкин.

5. Шиша қадоқларни қайта ишлаш инфратузилмасини ривожлантириш -    Шаҳар ва туманларда    шиша идишларни қабул қилиш контейнерлари,    махсус йиғиш хизматлари    ва    қайта ишлаш заводлари    ташкил этиш ва кенгайтириш орқали шиша маҳсулотлар айланмасини кучайтириш мумкин.

    Ўзбекистонда пластик        ифлосланишини    камайтириш ва шиша ишлатиш    муқобил шаклига    ўтиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар    Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан белгиланган Барқарор Ривожланиш Мақсадлари (БРМ)    билан тўғридан-тўғри боғлиқ. Хусусан, қуйидаги мақсадлар билан:

Мақсад номи

Ўзбекистондаги тегишли чоралар

Барқарор истеъмол ва ишлаб чиқариш

Пластикни чеклаш, шишани рағбатлантириш, ишлаб чиқарувчи жавобгарлиги

Иқлим ўзгаришига қарши кураш

Пластик чиқиндиларни камайтириш орқали СО₂ чиқаришни пасайтириш

Океан ва сув экотизимларини муҳофаза қилиш

Пластик ифлосланишни чеклаш орқали сув манбаларини ҳимоя қилиш

Инфратузилма ва инновациялар

Шиша қайта ишлаш заводлари, технологик грантлар ва стартаплар

Ҳамкорлик орқали мақсадларга эришиш

ЕИ тажрибасини интеграция қилиш, халқаро грантлар ва экспертлар жалб этиш

    Пластик ифлосланиш нафақат умумбашарий экологик муаммо, балки инсон саломатлиги ва иқтисодий барқарорлик учун ҳам жиддий таҳдид ҳисобланади. Европа Иттифоқи ва бошқа давлатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, пластикдан воз кечиш ва шиша каби экологик муқобилларга ўтиш нафақат амалий, балки стратегик ечим ҳамдир. Ўзбекистондаги ислоҳотлар Европа тажрибаси билан уйғунлаштирилса,    пластик ифлосланишни камайтириш,    атроф-муҳитни муҳофаза қилиш    ва    барқарор ривожланиш мақсадларигаэришишда муҳим қадамлар ташланган бўлади. Давлат дастурлари, қонун лойиҳалари ва жамоатчилик иштирокини уйғунлаштириш орқали Ўзбекистон экологик тоза, шиша асосидаги иқтисодиётга ўтиш имкониятига эга.

    Қонунчиликни мустаҳкамлаш, иқтисодий рағбатлантириш, жамоатчиликни хабардор қилиш ишларини янада кенгайтириш, ишлаб чиқарувчи жавобгарлигини кучайтириш ва инфратузилмани ривожлантириш каби чоралар Европа тажрибаси билан уйғунлаштирилган ҳолда амалга оширилса, Ўзбекистонда атроф-муҳит тозалигини таъминланишига, иқтисодий самарадорлик ошишига, аҳоли саломатлиги яхшиланишига, жамоатчиликда барқарор истеъмол ва масъулиятли муносабат кучайишига пойдевор бўлиб хизмат қилади        ва албатта БРМ мақсадларига мос бу ҳаракатлар Ўзбекистоннинг глобал рейтингларда мавқеини янада мустаҳкамланишига асос бўлади.

Барқарор ривожланиш маркази

бош мутахассиси

Шухрат Хожимуродов