Сўнгги йилларда Ўзбекистонда энергетика ва хомашё соҳасини диверсификация қилиш, ички талабни барқарор таъминлаш ҳамда саноат салоҳиятини оширишга қаратилган ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Мазкур жараёнлар самарадорлигини баҳолашда БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) муҳим концептуал ва методологик асос бўлиб хизмат қилади. Айниқса, арзон ва тоза энергия (7-БРМ), муносиб меҳнат ва иқтисодий ўсиш (8-БРМ), саноат, инновация ва инфратузилмани ривожлантириш (9-БРМ) мақсадлари кўмир ва уран саноатида амалга оширилаётган чора-тадбирлар билан бевосита уйғунлик касб этади.
2026 йил 2 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида кўмир ва уран саноатида амалга оширилаётган ишлар ҳамда яқин истиқболга мўлжалланган режалар муҳокама қилинди. Тақдим этилган маълумотлар мазкур тармоқларда ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш билан бир қаторда энергетик хавфсизликни мустаҳкамлаш, ички бозорни барқарор таъминлаш ва саноат инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган тизимли ёндашув шаклланаётганини кўрсатади.
Қайд этилганидек, 2025–2026 йиллар куз-қиш мавсумида 10 миллион тонна кўмир қазиб олиш режалаштирилган бўлиб, кейинги мавсумларда ушбу кўрсаткични 11 миллион тоннага етказиш вазифаси қўйилган. Мазкур режалар мавсумий юкламалар даврида энергетик барқарорликни таъминлаш, импортга бўлган эҳтиёжни камайтириш ва мамлакатнинг энергия мустақиллигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш билан бирга соҳада рақобат муҳитини кучайтириш ва хусусий сектор иштирокини кенгайтириш устувор йўналиш сифатида белгиланмоқда. Хусусан, 2026 йилда хусусий тадбиркорлар иштирокида қўшимча 2,5 миллион тонна кўмир қазиб чиқариш режалаштирилгани иқтисодий фаолликни ошириш, ишлаб чиқариш салоҳиятини диверсификация қилиш ва янги иш ўринлари яратишга хизмат қилади. Ангрендаги Нишбош кўмир конини ўзлаштириш лойиҳаси соҳадаги йирик стратегик ташаббуслардан бири ҳисобланади. Захиралари 233 миллион тонна деб баҳоланаётган ушбу кон доирасида 2026 йилдан қазиб олиш ишларини бошлаш ҳамда келгусида йиллик ишлаб чиқариш қувватини 10 миллион тоннага етказиш режалаштирилган. Лойиҳа доирасида 880 та доимий иш ўрни яратилиши ҳудудий ривожланиш, аҳоли даромадларини ошириш ва ижтимоий барқарорликни таъминлаш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этади.
Уран саноатида ҳам барқарор ўсиш тенденциялари кузатилмоқда. 2025 йилда 7 минг тонна уран ишлаб чиқарилиб, аниқланган захиралар 139 минг тоннага етгани мамлакатнинг стратегик ресурслар базасини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Жорий йилда янги конларни ўзлаштириш режалаштирилгани эса узоқ муддатли энергетик хавфсизлик ва атом энергетикаси истиқболларини таъминлашда муҳим омил ҳисобланади. Бироқ уран ишлаб чиқариш ҳажмларининг ортиши уни қайта ишлаш, экологик хавфсизлик ва замонавий технологик стандартларга риоя қилиш масалаларини ҳам долзарб қилади.
Шу нуқтаи назардан, кўмир ва уран саноатида барқарор ривожланишни таъминлаш учун иқтисодий самарадорлик, экологик масъулият ва ижтимоий таъсир ўртасида мувозанатни сақлаш устувор аҳамиятга эга. Ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш билан бир қаторда қайта ишлашни чуқурлаштириш, энергия самарадорлигини яхшилаш, атроф-муҳитга таъсирни камайтириш ва маҳаллий аҳоли учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш талаб этилади.
Мазкур вазифаларнинг изчил ижроси кўмир ва уран саноатида режалаштирилган кўрсаткичларга эришиш, инвестиция лойиҳаларини ўз вақтида амалга ошириш ҳамда тармоқларнинг узоқ муддатли ишлаб чиқариш барқарорлигини таъминлаш имконини беради. Шу билан бирга, соҳадаги ислоҳотларни БРМ индикаторлари асосида мунтазам баҳолаш миллий стратегияларни такомиллаштириш ва халқаро тажриба билан қиёсий таҳлил қилиш учун мустаҳкам асос яратади.