Барқарор ривожланиш маркази 

Сайт синов режимида ишламоқда
  • O‘zbek
  • Ўзбек
  • Русский
  • English
  • Français

Ўзбекистон ва БМТ: барқарор тараққиёт ва кўп томонлама ҳамкорликнинг амалий истиқболлари

23-10-2026 44

    2026 йил 21 октябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) ташкил топганининг 81 йиллиги муносабати билан Чирчиқ давлат педагогика университетида “Ўзбекистон – БМТ: ҳамкорлик истиқболлари” мавзусида республика давра суҳбати ўтказилди.

    Анжуманда 300 нафардан ортиқ мутахассис, олимлар ва талабалар иштирок этиб, Ўзбекистон ҳамда БМТ ўртасидаги 34 йиллик кўп томонлама ҳамкорликнинг стратегик якунлари, эришилган натижалар ва келгусидаги устувор вазифаларни академик ва таҳлилий нуқтаи назардан муҳокама қилдилар.

    Тадбирни кириш сўзи билан очган Давлат ва ҳуқуқ институти директори, юридик фанлар доктори, профессор М.Турғунов ҳамда Чирчиқ давлат педагогика университети проректори Р.Икромов анжуман ишига муваффақият тилар экан, Янги Ўзбекистонда БМТ доирасидаги инсон ҳуқуқлари, эркинликларини рағбатлантириш, ҳимоя қилиш ҳамда қонун устуворлигини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланганини алоҳида таъкидладилар.

    Қайд этилганидек, ўтган давр мобайнида мамлакатимизда миллий давлатчилик пойдевори мустаҳкамланиб, инсон қадрини улуғлаш ва халқаро ҳуқуқ нормаларидан келиб чиққан ҳолда қонунчиликни такомиллаштириш бўйича тизимли ислоҳотлар амалга оширилди.

    Анжуманда сўзга чиққан А.Туляганов, Б.Акрамходжаев ва М.Х.Баратовлар БМТ фаолиятини замонавий чақириқларга мослаштириш, унинг институционал самарадорлигини ошириш ва тузилмавий ислоҳотларни амалга ошириш масалаларига тўхталдилар. Таъкидланганидек, халқаро институционал механизмларни мақбуллаштириш ва дастурларни қайта кўриб чиқиш глобал муаммоларни тезкор ҳамда натижадор ҳал этишнинг муҳим омили ҳисобланади.

    Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Ҳозирги кунда томонлар ўртасида 200 га яқин қўшма дастур ва лойиҳалар муваффақиятли амалиётга жорий этилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг ўзида БМТ Бош Ассамблеясининг 81-сессияси раисининг Ўзбекистонга расмий ташрифи ҳамда Тошкент шаҳрида “БМТ-Аёллар” (UN    Women) тузилмасининг ваколатхонаси очилиши икки тарафлама муносабатларнинг юксак мақомидан далолат беради.

    Ўзбекистон БМТнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида кўп томонламалик, халқаро ҳуқуқ нормаларига риоя этиш ва глобал барқарорликни сақлаш принципларига қатъий амал қилмоқда. Мамлакатимиз халқаро низоларни тинч ва дипломатия йўли билан ҳал этиш, қуролли тўқнашувларнинг олдини олиш ҳамда халқаро мулоқотни ривожлантиришга қаратилган қатор глобал ташаббусларни илгари сурмоқда.

    Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳнамолигида илгари сурилган амалий таклифлар БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюциялари кўринишида халқаро ҳамжамият томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди. Жумладан, қисқа даврда:

• “Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик ва барқарор тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш”;

• “Маърифат ва диний бағрикенглик”;

• “Барқарор туризм ва Марказий Осиёда барқарор тараққиёт”;

• “Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар зонаси деб эълон қилиш” тўғрисидаги резолюциялар қабул қилинди.

    Анжуман давомида БМТнинг терроризмга ва қийноқларга қарши курашишга оид конвенциявий ҳужжатлари, “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Барқарор ривожланиш мақсадлари”, “Ўзбекистон ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти: кеча ва бугун” ҳамда “БМТ ва Ўзбекистон Республикаси муносабатлари: ташаббуслар ва истиқболлар” мавзуларида чуқур таҳлилий маърузалар тингланди.

    Музокаралар якунида иштирокчилар ва талабалар ўртасида мавзуга доир интерактив викторина ўтказилиб, келиб тушган саволларга атрофлича илмий-амалий жавоблар берилди. Анжуман сўнгида Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ҳамда Барқарор ривожланиш мақсадларини (БРМ) миллий даражада самарали режалаштириш ва мониторинг қилишга қаратилган илмий асосланган таклиф ҳамда тавсиялар пакети ишлаб чиқилди.

Барқарор ривожланиш маркази

Тошкент вилояти бўлинмаси