Барқарор ривожланиш маркази 

  • O‘zbek
  • Ўзбек
  • Русский
  • English
  • Français

Ўзбекистон ва Афғонистон: минтақавий интеграциянинг янги имкониятлари

12-11-2026 62

    Афғонистон иқтисодиётининг тикланиши Ўзбекистоннинг экспорт бозорларини кенгайтириш, қўшма ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва Жанубий Осиё билан транспорт алоқаларини мустаҳкамлаш манфаатларига мос келади. Қўшни мамлакатда корхоналар фаолияти жонланиб, аҳоли даромадлари ошган сари ўзбек маҳсулотлари ва хизматларига талаб ортади. Ўзаро манфаатли иқтисодий алоқаларнинг мустаҳкамланиши минтақавий барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.

    Ҳамкорликнинг навбатдаги вазифаси савдо ўсишини қўшма ишлаб чиқариш ва узоқ муддатли буюртмалар билан мустаҳкамлашдир. Бунинг учун инфратузилмани ривожлантириш ва давлатлараро келишувларни амалга оширишда тадбиркорларнинг эҳтиёжлари ҳисобга олиниши керак. Корхоналарни хомашё, энергия ва малакали кадрлар билан таъминлаш, маҳсулотни харидорга етказиш шартларини келишиб олиш бу вазифани амалга оширишга хизмат қилади. Натижада Ўзбекистоннинг экспорт маҳсулотлари ва хизматлари турларини кўпайтириш имконияти кенгаяди. Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) эса ҳамкорликнинг бандлик ва аҳоли даромадларига таъсирини баҳолашга асос бўлади.

    Ўзбекистоннинг Афғонистонга нисбатан сиёсатида изчил мулоқот ва иқтисодий ҳамкорликка устувор аҳамият берилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида Афғонистоннинг яккаланиб қолишига йўл қўймаслик зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, мамлакат ҳудудидан ўтувчи халқаро транспорт ва энергетика йўлакларини ривожлантириш юзасидан махсус резолюция қабул қилишни таклиф этди. Ушбу ташаббус Афғонистоннинг минтақавий иқтисодий алоқалардаги иштирокини кенгайтиришга қаратилган.

    Жаҳон савдо ташкилотининг 2023 йилги ҳисоботида умумлаштирилган тадқиқотлар савдо алоқалари можаролар эҳтимолини камайтиришга ҳисса қўшиши мумкинлигини    кўрсатади. Келишилган қоидаларга таянган ҳамкорлик бу таъсирни мустаҳкамлайди. Бу томонларнинг мажбуриятларини аниқ белгилаш, мунтазам мулоқот олиб бориш ва низоларни ҳал этиш тартибларини келишиб олишни англатади.

    Савдо статистикаси иқтисодий алоқаларнинг кенгайиб бораётганини кўрсатмоқда. Миллий статистика қўмитасининг 2026 йил 15 июлда янгиланган маълумотларига кўра, ўзаро ташқи савдо айланмаси 2023 йилда 867,5 миллион, 2024 йилда 1 миллиард 138 миллион, 2025 йилда эса 1 миллиард 680,6 миллион АҚШ долларини ташкил этган. Яхлитланмаган маълумотлар асосида ҳисоблаганда, 2025 йилги кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 47,7 фоиз, 2023 йилга нисбатан 93,7 фоиз юқори бўлган. Демак, икки йилда савдонинг доллардаги қиймати қарийб икки баравар ошган.

    Қўмитанинг 2026 йил 26 сентябрда янгиланган базасида январь–август ойларидаги ўзаро савдо 1 миллиард 424,4 миллион доллар деб кўрсатилган. 2025 йилнинг шу давридаги 1 миллиард 10,3 миллион долларга нисбатан ўсиш қарийб 41 фоизни ташкил этади. Бу динамика корхоналар ўртасида узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйиш учун иқтисодий асосни кенгайтиради. Хусусан, маҳсулот етказиб бериш шартномаларини уни қайта ишлаш, қадоқлаш ва ускуналарга хизмат кўрсатиш бўйича келишувлар билан тўлдириш мумкин. Натижада ўзбек корхоналарининг даромад манбалари товар сотиш билан бирга технология ва техник хизматлар экспорти ҳисобига ҳам кўпаяди.

    Афғонистондаги ижтимоий-иқтисодий вазият бундай лойиҳаларни иш ўринлари яратишга йўналтириш зарурлигини кўрсатади. Жаҳон банкининг 2026 йил 26 майдаги баҳосига кўра, 2025 йилда мамлакат иқтисодиёти 4,8 фоизга ўсган. Аҳоли сони тез кўпайгани туфайли аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулот 5,6 фоизга камайган. БМТ Тараққиёт дастури (БМТТД) маълумотида эса 2025 йилда аҳолининг 74 фоизи асосий турмуш эҳтиёжларини қондиришда қийинчиликка дуч келгани қайд этилган. Маҳаллий хомашёни қайта ишлаш, касб ўргатиш ва кичик тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш оилалар даромадини оширишга хизмат қилади. Даромаднинг кўпайиши эса истеъмол талабини ва ўзаро савдонинг асосини мустаҳкамлайди.

    Қўшма ишлаб чиқариш учун истиқболли соҳалар сиёсий мулоқотда белгиланган. 2025 йил июлда Президент Шавкат Мирзиёевнинг афғон делегацияси билан учрашувида тўқимачилик, фармацевтика ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш йўналишлари муҳокама қилинган. Чегараолди саноат кооперациясини хомашё манбаи ва харидори аниқланган лойиҳалардан бошлаш мақсадга мувофиқ. Масалан, қайта ишлаш лойиҳасида ўзбек ҳамкори ускуна етказиш ва ходимларни ўқитишни, афғон ҳамкори маҳаллий хомашё таъминотини зиммасига олиши мумкин. Айланма маблағни томонларнинг келишилган улушлари ҳисобидан шакллантириш таклиф этилади. Маҳсулотга қўйиладиган сифат талаблари аниқланиб, бозор нархи ва сотиш харажатлари баҳоланади. Бу Ўзбекистоннинг ускуна ва техник хизматлар экспортини кенгайтиради, Афғонистонда маҳаллий қўшилган қиймат ва бандликни оширишга хизмат қилади.

    Транспорт соҳасидаги йирик ташаббуслардан бири Трансафғон темир йўлидир. 2025 йил 17 июлда Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон унинг техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқиш бўйича уч томонлама битим имзолади. Ҳужжатда Термиз, Найбобод, Майданшаҳр, Логар ва Харлачи орқали ўтувчи йўналиш назарда тутилган. Лойиҳа амалга оширилиб, Покистон транспорт тармоғи билан боғланса, Ўзбекистоннинг Жанубий Осиё бозорларига чиқиш имкониятлари кенгаяди. Экспортчилар юк хусусияти, ташиш тарифи ва етказиш муддатига қараб йўналиш танлай олади. Бу транспорт йўлларини диверсификация қилиш ва экспорт буюртмаларини бажаришда мослашувчанликни оширишга хизмат қилади.

    Ушбу имкониятдан кичик корхоналар фойдаланиши учун Термиздаги савдо-логистика операторлари иштирокида кичик юк партияларини бирлаштириб жўнатиш хизматини ривожлантиришни таклиф этиш мумкин. Оператор экспортчиларнинг буюртмаларини қабул қилиб, юкларни йўналиш ва етказиш муддатига қараб бирлаштиради. Сақлаш, совитиш, саралаш ва қадоқлаш хизматлари учун олдиндан эълон қилинган тарифлар асосида ҳақ тўланади. Бу ташиш харажатларини бир нечта экспортчи ўртасида тақсимлаш, мева-сабзавотни сақлашдаги йўқотишларни қисқартириш имконини беради. Ўзбекистон учун иқтисодий натижа экспортда иштирок этадиган корхоналар доирасининг кенгайиши ва логистика хизматларидан тушадиган даромаднинг ошишида ифодаланади.

    Ташиш самарадорлиги чегарадан ўтиш тартибларига ҳам боғлиқ. Бу борада мавжуд ҳамкорлик механизмларидан самарали фойдаланиш муҳим. Хусусан, 2026 йил июлда Ўзбекистон ва Афғонистон транспорт вазирлари ўртасидаги музокараларда ташувчилардан ундириладиган йиғимларни мақбуллаштириш бўйича идоралараро ишчи гуруҳнинг навбатдаги йиғилишини ўтказишга келишилган. Ушбу ишчи гуруҳ доирасида божхона хизматлари билан ҳамкорликни кучайтириш ва тадбиркорлар вакилларининг таклифларини мунтазам муҳокама қилиш механизмларини такомиллаштириш мақсадга мувофиқ. Бунда юклар ҳақида олдиндан электрон маълумот алмашиш, такрорий ҳужжат талабларини камайтириш ва тариф ўзгаришлари тўғрисида ўз вақтида хабардор қилиш масалаларига эътибор қаратиш лозим. Корхоналар мурожаатларини тизимли умумлаштириш, муаммолар бўйича масъул идоралар ва ижро муддатларини белгилаш ҳамда натижаларни кузатиб бориш чегарадан ўтиш жараёнларининг шаффофлигини оширади. Бу экспортчиларга етказиб бериш муддатларини аниқроқ режалаштириш, омбор харажатларини камайтириш ва айланма маблағлардан самарали фойдаланиш имконини беради.

    Энергетика ҳамкорлиги қўшма ишлаб чиқаришнинг амалий таянчидир. Ўзбекистон Энергетика вазирлигининг 2025 йил 17 ноябрдаги ахборотига кўра, афғон томони билан 2026 йил учун электр энергияси етказиб бериш шартномаси имзоланган. Жаҳон банки электр таъминотидаги беқарорликни Афғонистон корхоналари ривожини чеклаётган омиллар қаторида кўрсатади. Барқарор электр таъминоти ускуналарнинг тўхтаб қолишини камайтириб, буюртмаларни белгиланган муддатда бажаришга шароит яратади. Шу боис қўшма корхона лойиҳаларида электрга эҳтиёж, тармоққа уланиш ва техник хизмат харажатларини олдиндан ҳисоблаш лозим. Ўзбекистон учун бу энергия экспортини саноат кооперацияси билан боғлаш, ҳамкор корхоналар учун эса қувватлардан барқарор фойдаланиш имкониятидир.

    Инфратузилма ва ишлаб чиқаришни малакали кадрлар билан таъминлашда Термизда тўпланган тажриба аҳамиятли. БМТТДнинг 2026 йил 25 июндаги якуний ахборотига кўра, Европа Иттифоқи молиялаштирган лойиҳа доирасида 700 нафардан ортиқ талаба бакалавриат ва махсус касбий тайёргарлик дастурларидан фойдаланиш имконига эга бўлган. Битирувчиларнинг тадбиркорлик фаолияти учун маблағ ва ускуналар ажратилган. Кейинги дастурларда корхоналар буюртмаси асосида мутахассис тайёрлаш, иш жойида амалиёт ўташ ва битирувчиларнинг ишга жойлашишига кўмаклашиш саноат лойиҳаларининг кадрларга эҳтиёжини қондиришга ёрдам беради.

    Таълим ҳамкорлигида қизлар ва аёллар учун имкониятларни кенгайтириш ҳам муҳим. ЮНЕСКОнинг 2026 йил августдаги маълумотига кўра, Афғонистонда 2,4 миллион қиз ўрта таълимдан четда қолган. Уларнинг таълим олиш ҳуқуқини тиклаш мамлакатнинг кадрлар салоҳияти ва оилалар фаровонлиги учун зарур. Халқаро ҳамкорликда стипендия дастурлари ва касбий тайёргарлик имкониятларини кенгайтириш, хавфсиз ўқиш шароитларини яратиш шу мақсадга хизмат қилади.

    Гуманитар дипломатия ҳам тикланиш жараёнини қўллаб-қувватлайди. БМТ Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссари бошқармаси 2025 йилдан Термиздаги логистика марказини глобал гуманитар захиралар тармоғига киритган. Шошилинч ёрдамни касб ўргатиш ва тирикчилик манбаларини тиклаш дастурлари билан уйғунлаштириш оилаларнинг мустақил даромад топишига кўмаклашади.

    Иқтисодий ҳамкорликнинг самарадорлиги қабул қилинган қарорлар ва имзоланган келишувлар сони билан эмас, аввало, уларнинг амалий натижалари билан белгиланади. Шу боис қўшма лойиҳаларнинг бандлик, тадбиркорлик фаолияти ва аҳоли турмуш даражасига таъсирини мунтазам баҳолаш муҳим. Бу борада БМТ Бош Ассамблеясининг 79/268-сон резолюцияси асосида ташкил этилган Олмаотадаги Марказий Осиё ва Афғонистон учун БРМ минтақавий маркази тажриба алмашиш, саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш ва ҳамкорлик натижадорлигини ошириш учун қўшимча имкониятлар яратади.

    Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги муносабатларнинг истиқболи савдо алоқаларини кенгайтириш билан бирга, ўзаро манфаатли иқтисодий интеграцияни чуқурлаштиришга боғлиқ. Ўзбекистоннинг бу борадаги ташаббуслари Афғонистонни минтақавий иқтисодий жараёнларга фаолроқ жалб этиш, Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш ҳамда кенг минтақада барқарор тараққиёт учун янги имкониятлар яратишга хизмат қилиши мумкин.

Алишер Азизов,

«Барқарор ривожланиш маркази» ННТ бош мутахассиси