Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этди. Ташриф доирасида сиёсий мулоқотни чуқурлаштириш, савдо-иқтисодий ва гуманитар алоқаларни кенгайтириш, шунингдек, истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Музокаралар Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида қарор топган ўзаро ишонч ва дўстона муносабатларнинг юксак даражасини яна бир бор намоён этди.
Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги алоқаларнинг бугунги аҳамияти ҳақида Барқарор ривожланиш маркази бўлим бошлиғи Муслим Эргашбаев қуйидаги фикрларни билдирди:
- Ўзбекистон ва Озарбайжон умумий қуруқлик чегарасига эга эмас. Бироқ бугун икки мамлакатни боғлаб турган Марказий Осиё - Каспий - Жанубий Кавказ макони Евроосиёда иқтисодий интеграция ва транспорт алоқаларининг энг истиқболли йўналишларидан бирига айланмоқда.
Замонавий Ўзбекистон-Озарбайжон ҳамкорлигининг ўзига хос жиҳати ҳам шунда. Ўзбекистон Марказий Осиёда катта инсон салоҳияти, тобора кенгайиб бораётган саноат базаси, салмоқли табиий ресурслар ва жадал ривожланаётган қайта тикланувчи энергетика соҳасига эга. Озарбайжон эса Каспий денгизи, Жанубий Кавказ, Туркия ҳамда Европа йўналишидаги транспорт ва энергетика тармоқларини боғловчи муҳим стратегик мавқени эгаллайди. Шу маънода икки давлатнинг иқтисодий имкониятлари бир-бирини такрорламайди, аксинча, ўзаро тўлдиради.
Айнан шу жиҳат барқарор ривожланишни икки томонлама муносабатларнинг алоҳида бир йўналишидан кенгроқ тушунчага айлантирмоқда. У савдо, транспорт, энергетика, инвестициялар, экология ва инсон капиталини ягона узоқ муддатли тараққиёт мантиғи асосида бирлаштириши мумкин бўлган муҳим тамойил сифатида намоён бўлмоқда.
2026 йил 23 августда икки давлат муносабатлари янги сиёсий ва иқтисодий суръат касб этди. Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи чоғида Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома имзоланди. Шу билан бирга, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича янги марралар белгилаб олинди. Сўнгги беш йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми уч баробарга ошди. Энди 2030 йилга қадар бу кўрсаткични 1 миллиард АҚШ долларига етказиш мақсад қилинган.
Айни пайтда қўшма лойиҳалар энергетика, тўқимачилик, кимё ва тоғ-кон саноати, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ҳамда бошқа қатор тармоқларни қамраб олмоқда.
Бу жуда муҳим тенденцияни кўрсатади: Ўзбекистон ва Озарбайжон муносабатлари асосан сиёсий-дипломатик яқинликка таянган босқичдан ўзаро боғлиқ иқтисодий манфаатларни шакллантириш босқичига ўтмоқда.
Бироқ ҳамкорликнинг кейинги босқичида натижадорлик фақат савдо ҳажми ёки қўшма корхоналар сони билан баҳоланмаслиги керак. Халқаро тажриба шуни кўрсатадики, давлатлар ўртасидаги энг барқарор иқтисодий шериклик улар биргаликда қўшилган қиймат яратиш занжирларини шакллантира олган тақдирда юзага келади. Бу борада Транскаспий халқаро транспорт йўналиши - Ўрта йўлак катта имкониятларга эга.
Жаҳон банки кўрсатгичларига кўра, зарур сармоялар киритилиб, логистика самарадорлиги оширилса, 2030 йилга бориб Ўрта йўлак орқали юк ташиш ҳажми уч баробар кўпайиши, юкларни етказиб бериш муддати эса икки баробар қисқариши мумкин. Бироқ мазкур йўлакка фақат Хитой ва Европани боғловчи қуруқлик транспорт йўли сифатида қараш етарли эмас. У, аввало, йўлак бўйлаб жойлашган мамлакатларнинг ўзаро савдоси, саноат кооперацияси ва ишлаб чиқариш алоқаларини ривожлантириш воситасига айланиши лозим.
Ўзбекистон ва Озарбайжон учун ҳам айнан шу ёндашув истиқболлидир. Келгусида Ўзбекистон-Озарбайжон қўшилган қиймат йўлагини шакллантириш стратегик мақсадлардан бири бўлиши мумкин.
Бунинг мазмуни оддий: транспорт йўлидан фақат товарларни олиб ўтиш эмас, балки унинг атрофида қўшма қайта ишлаш корхоналари, логистика ва омбор инфратузилмаси, сертификатлаш тизимлари ҳамда ишлаб чиқариш қувватларини ривожлантириш зарур. Масалан, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ёки дастлабки қайта ишловдан ўтказилган маҳсулотлар Каспий йўналиши орқали Озарбайжондаги кейинги ишлаб чиқариш ва логистика жараёнларига жалб қилиниб, Кавказ, Туркия ва Европа бозорларига олиб чиқилиши мумкин.
Бу борада тўқимачилик, мева-сабзавот ва уларни қайта ишлаш, кимё ва электротехника саноати, рангли металлар ҳамда қурилиш материаллари айниқса катта имкониятларга эга.
Бундай ёндашув оддий транзит моделидан тубдан фарқ қилади. Барқарор ривожланиш нуқтаи назаридан мамлакат ҳудудидан қанча контейнер ўтгани эмас, балки яратилган қийматнинг қанча қисми миллий иқтисодиётда қолгани, транспорт йўлаги атрофида нечта янги корхона ва иш ўрни ташкил этилгани муҳим.
Шу билан бирга, янги темир йўллар ва терминаллар қуришнинг ўзи транспорт боғлиқлиги билан боғлиқ барча масалаларни ҳал қилмайди. Жаҳон банки Ўрта йўлакнинг самарали ишлашига тўсқинлик қилаётган омиллар қаторида божхона ва чегара тартиб-таомилларининг етарли даражада рақамлаштирилмагани, ахборот алмашинувидаги камчиликлар ҳамда ташиш жараёни иштирокчилари ўртасидаги мувофиқлашувни кучайтириш заруратини қайд этади.
Ўзбекистон-Озарбайжон ҳамкорлигининг яна бир муҳим афзаллиги - қўшма инвестиция жамғармасининг мавжудлигидир. У аллақачон қатор лойиҳаларни илгари суришда иштирок этмоқда. 2026 йил август ойидаги олий даражадаги учрашувда ҳам унинг имкониятларидан янада фаол фойдаланиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Кейинги қадам фақат икки томонлама молиялаштириш билан чекланиб қолмасдан, учинчи томон ҳамкорларини қўшма лойиҳаларга жалб этишдан иборат бўлиши мумкин.
Бунинг учун янги жамғарма тузиш шарт эмас. Амалдаги молиявий механизм имкониятларидан фойдаланган ҳолда бир нечта пухта ишланган лойиҳани тайёрлаш ва ҳар бир лойиҳанинг хусусиятидан келиб чиқиб, унга мос халқаро шерикни жалб этиш самаралироқ бўлади.
Бундай шериклар қаторида Форс кўрфази давлатларининг энергетика компаниялари ва инвестиция жамғармалари, Туркиянинг саноат корхоналари ҳамда Европа молия институтлари бўлиши мумкин.
Ушбу моделнинг асосий афзаллиги шундаки, Ўзбекистон ва Озарбайжон инвесторларга алоҳида-алоҳида икки миллий бозорни эмас, балки Марказий Осиё, Каспий ва Жанубий Кавказни ўзаро боғлайдиган яхлит иқтисодий лойиҳани таклиф этади.
Ҳудудлараро ҳамкорликда ҳам ҳали ишга солинмаган катта имкониятлар мавжуд. 2026 йилда икки давлат ҳудудлари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқалар сезиларли даражада фаоллашди. Август ойидаги олий даражадаги учрашув арафасида Тошкент шаҳри, Бухоро ва Наманган вилоятлари раҳбарлари Озарбайжонга ташриф буюрдилар.
Халқаро тажриба шуни кўрсатадики, шаҳарлар ва ҳудудлар ўртасидаги биродарлик алоқалари маданий тадбирлар билан чекланиб қолмай, аниқ амалий лойиҳаларга айлангандагина юқори самара беради.
Бир ҳудудда бу сув тежовчи технологияларни жорий этиш бўлса, бошқасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, энергия тежамкор ижтимоий объект қуриш, рақамли ижтимоий хизматни йўлга қўйиш ёки қўшма сайёҳлик йўналишини ташкил этиш бўлиши мумкин. Бунинг учун мавжуд ҳудудлараро алоқалардан самарали фойдаланишнинг ўзи етарли. Фақат ҳамкорликнинг асосий мезони аниқ ва ўлчаш мумкин бўлган натижа бўлиши керак. Умуман олганда, Ўзбекистон ва Озарбайжон муносабатларининг истиқболи алоҳида лойиҳалар доирасидан анча кенг.
Узоқ вақт давомида Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ бир-бирига яқин, аммо алоҳида геосиёсий маконлар сифатида қараб келинди. Бугун эса транспорт, энергетика ва савдо алоқаларининг жадаллашуви бу тасаввурни аста-секин ўзгартирмоқда.
Айни пайтда яна бир муҳим омилни эътибордан четда қолдириб бўлмайди. Жаҳон банки иқлим ўзгариши таъсирида Каспий денгизи сатҳининг пасайишини Ўрта йўлак порт инфратузилмаси учун жиддий хавфлардан бири сифатида баҳоламоқда.
Шу сабабли Транскаспий ҳамкорлигининг барқарорлиги фақат янги инфратузилма барпо этиш билан чекланмаслиги керак. Барпо этилаётган инфратузилманинг ўзи ҳам иқлим ўзгаришининг узоқ муддатли оқибатларига мослаштирилиши зарур.
Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон ҳамда халқаро молия институтларини жалб қилган ҳолда Каспий йўналишидаги транспорт ва энергетика лойиҳаларининг иқлим ўзгаришларига бардошлилигини ўрганиш бўйича қўшма амалий тадқиқотларни йўлга қўйиши мумкин.
Бу айниқса муҳим, чунки бугун қурилаётган транспорт ва энергетика инфратузилмаси бир неча йилга эмас, балки ўнлаб йилларга хизмат қилиши кўзда тутилмоқда. Демак, бугун қабул қилинаётган қарорларда келажакдаги иқлим шароитлари ҳам ҳисобга олиниши зарур.
Ўзбекистон-Озарбайжон шериклигининг ўзига хослиги, энг аввало, Каспий маконининг икки томонини бир-бири билан боғлаш имкониятида намоён бўлади. Ўзбекистон Марказий Осиёнинг муҳим ишлаб чиқариш ва логистика марказларидан бирига айланиш салоҳиятига эга бўлса, Озарбайжон Жанубий Кавказ орқали Ғарб бозорларига чиқишда муҳим бўғин вазифасини бажариши мумкин.
Шу нуқтаи назардан, келгуси босқичдаги стратегик мақсад фақат ўзаро савдо ҳажмини ошириш ёки транзит имкониятларини кенгайтиришдан иборат бўлиб қолмаслиги лозим.
Асосий мақсад - Марказий Осиё - Каспий - Жанубий Кавказ маконини қамраб олувчи барқарор ривожланиш йўлагини босқичма-босқич шакллантиришдир.
Н. Усмонова ёзиб олди, ЎзА