Барқарор ривожланиш маркази 

Сайт синов режимида ишламоқда
  • O‘zbek
  • Ўзбек
  • Русский
  • English
  • Français

Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги уч авлод тақдирида

14-09-2026 12

    2026 йил 12 сентябрь куни Хоразм вилояти Янгиариқ туманидаги Янгиариқ қурилиш ва транспорт техникумида    “Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги уч авлод тақдирида”    мавзусида маърифий давра суҳбати бўлиб ўтди. Учрашув Янгиариқ тумани “Нуроний” жамғармаси ҳамда Барқарор ривожланиш маркази Хоразм вилояти бўлинмаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

    Тадбирда нуронийлар, техникум ўқитувчилари ҳамда талаба-ёшлардан иборат уч авлод вакиллари иштирок этди. Учрашувни кириш сўзи билан техникум директори Ш. Худайберганов очди.

    Давра суҳбатида Янгиариқ тумани “Нуроний” жамғармаси раҳбари    Азим Мадраҳимов    сўзга чиқиб, мустақиллик йилларида кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган юксак эътибор, уларнинг ёшлар тарбиясидаги ўрни ҳамда “маҳаллий еттилик” фаолиятидаги самарали ижтимоий таъсирига тўхталди. Спикер ўз нутқида Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаши учун замонавий билимларни эгаллаган, мустақил фикрлайдиган янги авлод мутахассислари етишиб чиқиши зарурлиги ҳақидаги даъватини алоҳида таъкидлади.

    Тадбир давомида Барқарор ривожланиш маркази Хоразм вилояти бўлинмаси раҳбари, профессор    Б.Рўзметов    мамлакатимизни барқарор ривожлантиришга қаратилган 7 та устувор йўналиш ва уларнинг амалий аҳамиятини ёритиб берди:

    ·    Билим ва малака:    Инсон капиталини мамлакат тараққиётининг асосий ҳаракатлантирувчи кучига айлантириш. Ўзбекистоннинг бош бойлиги нафақат табиий ресурслар, балки билимли ва юқори малакали мутахассислар ҳисобланади.

    ·    Соғлом ва узоқ умр:    Аҳоли турмуш сифатини ошириш ва умр давомийлигини узайтириш. Жамият ривожи фақат яшалган йиллар сони билан эмас, балки ҳаётнинг сифати билан белгиланади.

    ·    Юқори технологияли иқтисодиёт:    Иқтисодиётни инновациялар, юқори мезонли технологиялар ҳамда меҳнат унумдорлигига асосланган замонавий моделга ўтказиш.

    ·    Сув ва табиатни муҳофаза қилиш:    Экологик барқарорликни таъминлаш ва табиий ресурсларга муносабатни тубдан ўзгартириш — келажак авлодлар учун муносиб яшаш муҳитини яратиш гаровидир.

    ·    Адолат ва қонун устуворлиги:    Суд мустақиллигини кучайтириш ҳамда ҳар бир фуқаро ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилинадиган адолатли жамият барпо этиш.

    ·    Кучли маҳалла:    Маҳаллани жамият ривожланишининг асосий ташаббускори ва буюртмачисига айлантириш. Ривожланиш ва муаммолар ечими бевосита аҳолининг эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

    ·    Тинчлик, дўстлик ва халқаро нуфуз:    Ўзбекистоннинг бағрикенг ва тинчликсевар мамлакат сифатидаги мавқеини янада мустаҳкамлаш, очиқ ва ишончли халқаро ҳамкорликни ривожлантириш.

    Тақдим этилган барча йўналишларда Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) ўз амалий аксини топгани таъкидланди.

    Мазкур давра суҳбати мамлакатда барқарор ривожланиш асосларини ва маънавий-маърифий муҳитни мустаҳкамлашда муҳим платформа бўлиб хизмат қилди. Тадбир иштирокчиларнинг фаол савол-жавоблари ва мазмунли муҳокамалари билан якунланди.

    Б.Рузметов

    Барқарор ривожланиш маркази

    Хоразм вилоят бўлинмаси раҳбари, профессор