Барқарор ривожланиш маркази 

Сайт синов режимида ишламоқда
  • O‘zbek
  • Ўзбек
  • Русский
  • English
  • Français

O‘zbekiston – BMT: hamkorlik istiqbollari

23-10-2026 76

    2026 йил 21 октябрь куни Барқарор ривожланиш маркази Тошкент вилояти бўлими, Давлат ва ҳуқуқ институти ҳамда Чирчиқ давлат педагогика университети ҳамкорлигида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ташкил топганининг 81 йиллиги муносабати билан “Ўзбекистон – БМТ: ҳамкорлик истиқболлари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

    Анжуман давомида Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги 34 йиллик ҳамкорлик доирасида амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар ва келгусидаги режалар хусусида фикр алмашилди.

    Чирчиқ давлат педагогика университетида ўтказилган анжуманда олий юридик таълим ва илмий ташкилотлар вакиллари, тадқиқотчилар ва талабалар иштирок этди.

    Даставвал кириш сўзи билан иштирок этган институт директори, ю.ф.д., проф. М.Турғунов, университет проректори Р.Икромов анжуман ишига муваффақият тилар экан, Янги Ўзбекистонда БМТ доирасида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини рағбатлантириш, ҳимоя қилиш ва уларга риоя этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан ҳисобланишини таъкидладилар. Ўтган йиллар мобайнида мамлакатимизда миллий давлатчилик, қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларига ҳурмат тамойилларини таъминлашнинг мустаҳкам пойдевори барпо этилгани қайд этилди.

    Анжуманда сўзга чиққан А.Туляганов, Б.Акрамходжаев, М.Х.Баратовлар БМТ фаолиятини тубдан ўзгартириш – самарадорликни ошириш имкониятларини аниқлаш, ваколатларни бажариш тартибини қайта кўриб чиқиш ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тизимидаги эҳтимолий таркибий ўзгаришлар ҳамда дастурларни қайта тузишга қаратилганлигини билдирдилар.            

    Сўнгги йилларда БМТ билан ҳамкорлик мисли кўрилмаган даражага кўтарилиб, 200 га яқин қўшма дастур ва лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг ўзида ташкилотнинг асосий тузилмалари ва институтлари, жумладан, БМТ Бош ассамблеясининг 81-сессияси раиси Ўзбекистонга ташриф буюрди, Тошкентда “БМТ-Аёллар” тузилмасининг ваколатхонаси очилди.

    БМТнинг тенг ҳуқуқли ва тўлақонли аъзоси сифатида Ўзбекистон тенглик, ҳамкорлик, кўптомонламалик ва халқаро сиёсий тизимни ҳимоя қилиш принципларига сўзсиз амал қилишини намойиш этмоқда. Сўнгги вақтларда халқаро низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, янги глобал қуролли тўқнашувларнинг олдини олиш, мамлакатлар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, глобал мулоқот, глобал ҳаракатлар ва бутун дунёда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш каби ғояларни фаол илгари сурмоқда.            

    Ўзбекистоннинг кейинги йиллардаги саъй-ҳаракатларининг халқаро эътирофи БМТ Бош Ассамблеяси қатор махсус резолюцияларининг қабул қилинишида намоён бўлди. Жумладан, қисқа даврда: “Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик ва барқарор тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш”, “Маърифат ва диний бағрикенглик”, “Барқарор туризм ва Марказий Осиёда барқарор тараққиёт”, “Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар зонаси” деб эълон қилиш бўйича резолюциялар қабул қилингани буни яққол тасдиқлайди.

    Хулоса ўрнида айтганда, узоқ муддатли тинчликнинг фаол тарафдори ва ҳамкорликни ҳар томонлама кенгайтириш ташаббускори сифатида Ўзбекистон бундан буён ҳам БМТ ва унга аъзо давлатлар билан ҳамкорликка катта эътибор қаратади. Бунда БМТ раҳбариятининг ҳар томонлама қўллаб-қувватлашига ишонч билдириш мумкин. Зеро, Ўзбекистон томонидан илгари сурилаётган ташаббуслар БМТ глобал мақсадлари, шу жумладан, сайёрамизда тинчлик, барқарорлик ва фаровонликни мустаҳкамлашга қаратилган Барқарор ривожланиш мақсадларига тўлиқ мос келади.

    Анжуманда БМТнинг терроризмга, қийноқларга қарши кураш бўйича қабул қилинган муҳим ҳужжатлари, “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Барқарор ривожланиш мақсадлари”, “Ўзбекистон ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти: кеча ва бугун”, “БМТ ва Ўзбекистон Республикаси муносабатлари: ташаббуслар ва истиқболлар” мавзуларида маърузалар тингланди.

    Келиб тушган саволларга атрофлича жавоблар берилди. Мавзуга доир викторина ўтказилди.

    Якунда Ўзбекистон – БМТ ҳамкорлигига доир қатор таклиф-тавсиялар билдирилди.

Барқарор ривожланиш маркази

Тошкент вилояти бўлинмаси