Бугун давлатларнинг қудрати ер ости бойликлари ёки замонавий технологиялар билан эмас, аввало инсон капитали - унинг билим даражаси, касбий маҳорати, янгилик ярата олиш салоҳияти ва ўзгаришларга тез мослаша олиши билан белгиланмоқда. Шу боис таълим тизими эндиликда шунчаки ижтимоий соҳа эмас, балки мамлакатнинг иқтисодий тараққиёти, миллий хавфсизлиги ва халқаро рақобатбардошлигини таъминлайдиган стратегик омилга айланди.
БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларида сифатли ва инклюзив таълимни таъминлаш ҳамда “Lifelong learning” - яъни умр бўйи узлуксиз ўрганиш тамойилини қарор топтириш устувор вазифалардан бири сифатида белгилангани ҳам бежиз эмас. Дунёнинг кўплаб мамлакатлари учун бу шунчаки декларация эмас, балки давлат тараққиётининг кундалик дастурига айланган.
Ўзбекистон ҳам мазкур йўналишда изчил ислоҳотларни амалга оширмоқда. Хусусан, «Ўзбекистон -2030» стратегияси ва БМТ билан ҳамкорлик дастурида таълим соҳаси инсон капиталини шакллантирувчи омил, «билимлар иқтисодиёти»нинг мустаҳкам пойдевори сифатида эътироф этилган.
Президент Шавкат Мирзиёев таълимга йўналтирилган ҳар қандай сармоя мамлакат келажагига киритилган энг ишончли инвестиция эканини кўп бор таъкидлаган. ЮНЕСКОнинг Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган эрта ёшдаги болаларни тарбиялаш ва таълим беришга бағишланган Бутунжаҳон конференциясида давлат раҳбари мактабгача таълим муассасалари тарбиячилари, мактаб ўқитувчилари, олий таълим тизимидаги профессор-ўқитувчилар ҳамда илм-фан намояндаларини Янги Ренессанснинг тўрт узвий ҳалқаси сифатида таърифлади. Бу ёндашув мамлакат тараққиётининг интеллектуал асосини айнан таълим ва илм-фан вакиллари яратишини яна бир бор тасдиқлайди.
Дарҳақиқат, ҳар қандай ислоҳотнинг ҳақиқий қиймати қабул қилинган қарорлар ёки дастурлар сони билан эмас, балки уларни ҳаётга татбиқ этаётган педагогларнинг касбий маҳорати, фидойилиги ва ташаббускорлиги билан ўлчанади.
Сўнгги йилларда мамлакатимиз таълим тизимида салмоқли сифат ўзгаришлари юз берди. Умумтаълим мактаблари сони 10 мингдан ошди, олий таълим муассасалари тармоғи кенгайди, таълимни рақамлаштириш, инклюзив муҳитни ривожлантириш ва давлат таълим стандартларини янгилаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Айниқса, мактабгача таълим соҳасида эришилган натижалар диққатга сазовор. Агар 2016 йилда болаларнинг мактабга тайёрлов билан қамрови 28 фоизни ташкил этган бўлса, 2024 йилга келиб бу кўрсаткич 84 фоизга етди. Уч ёшдан олти ёшгача бўлган болаларнинг боғчаларга қамрови эса 20 фоиздан 69 фоизгача ошди. Бу жаҳондаги энг юқори ўсиш суръатларидан бири сифатида эътироф этилди. Бугун республикада ўн мингдан зиёд мактаб, минглаб давлат, нодавлат ва оилавий мактабгача таълим ташкилотлари фаолият юритмоқда. Уларда 2,4 миллиондан ортиқ болалар тарбияланмоқда. Ушбу тизимли ўзгаришлар ЮНЕСКО томонидан ҳам кенг қамровли ва изчил ислоҳотларнинг муваффақиятли намунаси сифатида юқори баҳоланди.
Бироқ жаҳон тажрибаси яна бир муҳим ҳақиқатни кўрсатади. Янги мактаб бинолари қуриш, синфхоналарни энг замонавий техника билан жиҳозлаш ёки илғор ўқув дастурларини жорий этишнинг ўзи таълим сифати кафолати эмас. Агар таълим жараёнининг бош иштирокчиси -ўқитувчи эътибордан четда қолса, ҳар қандай ислоҳот кутилган самарани бермайди.
Чунки энг замонавий технология ҳам боланинг қалбига йўл топа оладиган, унда билим олишга интилиш, мустақил фикрлаш ва ҳаётий масъулият туйғусини шакллантира оладиган педагогнинг ўрнини боса олмайди.
Финляндия, Сингапур, Эстония, Жанубий Корея ва Канада таълим соҳасида юқори натижаларга турли моделлар орқали эришган. Улар миллий анъаналари ва эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда ўз таълим тизимини шакллантирган. Бироқ уларнинг барчасини бирлаштирувчи умумий қоида бор: таълим сифати, аввало, ўқитувчи сифати билан белгиланади.
Финляндияда ўқитувчилик энг нуфузли касблардан бири ҳисобланади. Давлат ортиқча назорат ва қоғозбозликдан воз кечиб, педагогларга кенг академик эркинлик берган. Ўқитувчи дарс методикасини мустақил танлайди, илмий изланиш олиб боради, ўз малакасини мунтазам оширади ва ўқувчиларининг таълим натижалари учун шахсан масъул бўлади.
Сингапурда эса ўқитувчининг узлуксиз касбий ривожланиши давлат сиёсатининг устувор йўналишидир. Бу ерда ҳар бир педагог ҳар йили малака оширади. Бироқ бу жараён расмий сертификат олиш учун эмас, балки ҳар бир мутахассиснинг индивидуал ривожланиш траекторияси асосида ташкил этилади.
Эстония рақамли таълимда жаҳон етакчиларидан бири ҳисобланади. Бу мамлакат ислоҳотларни компьютер харид қилишдан эмас, балки ўқитувчиларнинг рақамли саводхонлигини оширишдан бошлаган. Натижада технология мақсад эмас, балки таълим сифатини оширишга хизмат қилувчи самарали воситага айланган.
Бу тажрибалар Ўзбекистон учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Мамлакатимизда рақамли технологиялар жорий этилмоқда, таълим тизимига ёндашув ўзгармоқда, халқаро ҳамкорлик кенгаймоқда. Аммо ислоҳотларнинг муваффақияти янги лойиҳалар сони билан эмас, балки ўқитувчининг ўзини қанчалик эркин ва касбий жиҳатдан етук ҳис қилиши билан белгиланади.
Зеро, бугунги педагогга қўйилаётган талаблар мутлақо янгича. У рақамли технологияларни пухта билиши, ўқувчиларнинг қабул қилиш даражаси асосида ишлай олиши, инклюзив таълим муҳитида самарали фаолият юритиши, ўқувчиларда танқидий фикрлаш, функционал саводхонлик ва XXI аср кўникмаларини шакллантириши лозим.
Бироқ муҳим савол туғилади: мавжуд тизим ўқитувчини бу ўзгаришларга етарлича тайёрлаяптими?
Ана шу нуқтада бугунги таълим ислоҳотларининг асосий ички зиддияти намоён бўлади. Бир томондан, педагог кадрнинг сифати билан боғлиқ талаблар ошмоқда. Иккинчи томондан эса маъмурий ишлар ҳали ҳам унинг вақти ва кучини сезиларли даражада банд қилмоқда. Ўқитувчиларни касбий фаолиятига дахлсиз ишлардан озод этиш бўйича амалий чоралар кўрилаётганига қарамасдан, айрим таълим муассасаларида бу муаммо тўлиқ бартараф этилгани йўқ.
Натижада парадокс юзага келади. Педагогдан ижодкорлик, ҳар бир ўқувчига индивидуал ёндашув ва рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш талаб қилинади. Аммо унинг энг қимматли ресурси -дарсга пухта тайёрланиш учун зарур вақт етишмайди. Халқаро тадқиқотлар ҳам шуни тасдиқлайдики, ўқитувчи ўқувчилар билан ишлаш ўрнига қоғозбозлик билан машғул бўлса, таълим сифати муқаррар равишда пасаяди.
Бугунги мактаб нафақат дарсликлар, балки интернет, сунъий интеллект ва чексиз ахборот оқими билан рақобат қилмоқда. Шунинг учун ҳам ўқитувчининг вазифаси ўзгарди. Энди у ахборотни етказувчи эмас, балки ўқув жараёнининг ташкилотчиси ҳисобланади. Унинг асосий вазифаси болани мустақил билим олишга, таҳлил қилишга, танқидий фикрлашга ва жамоада самарали ҳамкорлик қилишга ўргатишдир.
Бу жараёнда ўқитувчига қандай ёрдам бериш мумкин?
Албатта, замонавий ва узлуксиз касбий ривожланиш тизими орқали.
Бугун дунёда расмиятчиликка айланган малака ошириш курслари ўрнини менторлик, мулоқот гуруҳлари, илғор тажриба алмашиш ва шахсий ривожланиш дастурлари эгалламоқда. Ёш мутахассисларни устозларга бириктириш, педагогларнинг бир-биридан ўрганиши ва узлуксиз касбий ўсиш муҳитини яратиш таълим тизимининг ажралмас қисмига айланмоқда. Ана шундагина малака ошириш ҳақиқий маънода малакани ошириш воситасига айланади.
Яқин келажакда таълим ислоҳотларининг янги босқичи сунъий интеллектни таълим жараёнига самарали интеграция қилиш билан боғлиқ бўлади. Жаҳон амалиётида сунъий интеллект аллақачон ўқитувчининг ишончли ёрдамчисига айланди. У дарс режаларини тайёрлаш, тестларни автоматик баҳолаш, ўқувчиларнинг ўзлаштириш даражасини таҳлил қилиш каби кўплаб вазифаларни енгиллаштирмоқда. Бироқ ҳеч қандай технология педагогнинг меҳри, ҳаётий тажрибаси, интуицияси ва инсонга хос самимий мулоқотининг ўрнини боса олмайди. Шунинг учун ҳам бугун олдимизда турган улкан вазифа технологияни ўқитувчига рақиб эмас, балки педагогнинг имкониятларини кенгайтирувчи восита сифатида жорий этишдан иборат.
«Ўзбекистон -2030» стратегияси ва илғор халқаро тажриба таҳлили келгуси босқичда қуйидаги устувор вазифаларга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини кўрсатади.
Аввало, педагог меҳнатини баҳолаш мезонлари тубдан янгиланиши керак. Ўқитувчи ҳисоботлар сонига қараб эмас, балки ўқувчиларнинг билим сифати, ривожланиши ва таълим натижалари асосида баҳоланиши лозим.
Иккинчидан, педагогларни барча ортиқча маъмурий вазифалар ва қоғозбозликдан тўлиқ халос этиш зарур. Ўқитувчининг асосий иши -дарс беришдир.
Учинчидан, малака ошириш тизими ҳар бир педагогнинг эҳтиёжига мос, манзилли ва узлуксиз шаклда ташкил этилиши керак. Бунда рақамли педагогика, инклюзив таълим ва XXI аср компетенцияларини ривожлантиришга устувор аҳамият берилиши лозим.
Шу билан бирга, таълим сиёсати ишлаб чиқилаётганда амалиётчи ўқитувчиларнинг фикри ҳал қилувчи ўрин тутиши шарт. Чунки энг самарали ғоялар вазирлик ёки идоралар хоналарида эмас, балки ҳар куни синфхонада болалар билан юзма-юз ишлаётган фидойи педагоглар тажрибасида туғилади.
Зеро, ҳар қандай ислоҳотнинг ҳақиқий муаллифи ҳам, унинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи ҳам -ўқитувчидир.
Муслим Эргашбаев
Барқарор ривожланиш маркази эксперти
Асл манбадан ўқиш учун шу ерга босинг.