Шу кунларда Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди, Тошкент шаҳар хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш маркази вакиллари Business diplomat халқаро ташкилоти ҳамда Барқарор ривожланиш маркази делегатларидан иборат делегация АҚШда бўлиб турибди.
Сафар давомида Нью Йорк шаҳрида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларини АҚШ бозорида сотиш имконини берувчи UZBEX платформаси тақдимоти ўтказилди.
Тадбирда Барқарор ривожланиш маркази бўлим бошлиғи Авазбек Халбеков ўз маърузасида ушбу ташаббуснинг глобал иқтисодий интеграция ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишдаги стратегик аҳамиятини алоҳида таъкидлади.
Мазкур платформа ўзбекистонлик тадбиркорлар ва ҳунармандларнинг маҳсулотларини Америка бозорига олиб чиқиш ҳамда уларнинг халқаро савдо алоқаларини кенгайтириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири ҳисобланади.