Президент Шавкат Мирзиёевнинг 8–9 июль кунлари Беларусьга расмий ташрифи икки мамлакат муносабатларида янги босқични бошлаб бериши кутилмоқда. Бугунги кунга келиб, Ўзбекистон–Беларусь ҳамкорлиги оддий савдо алоқалари доирасидан чиқиб, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги, логистика, ҳудудлараро мулоқот ва технологик шерикликни қамраб олаётган амалий иқтисодий кун тартибига айланмоқда.
Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатида иқтисодий манфаат, очиқ мулоқот ва прагматик шериклик тамойиллари устувор аҳамият касб этмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилаётган фаол ташқи сиёсат концепцияси мамлакатнинг халқаро майдондаги иштирокини фақат дипломатик мулоқот билан чекламай, уни инвестиция, технология, саноат кооперацияси ва экспорт бозорларига чиқиш каби аниқ иқтисодий натижалар билан боғламоқда.
Шу нуқтаи назардан, Беларусь Республикаси билан муносабатлар Ўзбекистон ташқи иқтисодий сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. 8–9 июль кунлари Минск шаҳрида амалга оширилаётган олий даражадаги мулоқот айнан шу жараённинг мантиқий давоми бўлиб, икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали шерикликни янада чуқурлаштиришга хизмат қилади.
Расмий маълумотларга кўра, ташриф дастурида олий даражадаги музокаралар, савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, қишлоқ хўжалиги, машинасозлик, фармацевтика, енгил саноат, озиқ-овқат ва бошқа тармоқларда кооперацияни ривожлантириш масалалари марказий ўрин тутади. Ташриф арафасида Минскда икки мамлакат ҳудудлари делегациялари ва ишбилармон доиралари иштирокида III Ҳудудлараро форумнинг ўтказилиши эса мазкур мулоқотга амалий мазмун бағишламоқда.
Ўзбекистон ва Беларусь ўртасида дипломатик муносабатлар 1993 йилда ўрнатилган. Ўтган даврда саноат, савдо, инвестиция, қишлоқ хўжалиги, транспорт, таълим ва маданият соҳаларини қамраб олган мустаҳкам шартномавий-ҳуқуқий база шаклланди. Бироқ сўнгги йилларда муносабатлар мазмунан янги босқичга кўтарилди: Тошкент ва Минск ўртасидаги мулоқотда декларатив ёндашувдан кўра, ишлаб чиқариш, экспорт, инвестиция ва ҳудудлараро боғлиқлик каби амалий йўналишлар устуворлик касб этмоқда.
Буни рақамлар ҳам тасдиқлайди. 2017–2025 йилларда икки мамлакат ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 5,3 бараварга ошиб, 182,4 миллион доллардан 965 миллион долларга етди. 2025 йилда Ўзбекистоннинг Беларусьга экспорти 186,5 миллион доллар, импорт ҳажми эса 778,5 миллион доллар бўлган. Бу кўрсаткичлар, бир томондан, савдо алоқаларидаги ижобий динамикани кўрсатса, иккинчи томондан, экспорт таркибини кенгайтириш ва савдо мувозанатини босқичма-босқич яхшилаш заруратини ҳам намоён этади.
Жорий йилда ҳам ўсиш суръати сақланмоқда. 2026 йилнинг биринчи чорагида ўзаро товар айирбошлаш қарийб 50 фоизга ошиб, 259,7 миллион долларга етган. Бу эса 2026 йил якунида 1 миллиард долларлик довондан ўтиш ва 2030 йилга бориб 2 миллиард долларлик мақсадга яқинлашиш учун мустаҳкам асос яратади.
Муҳими, бу ўсиш фақат товарлар алмашинуви эмас, балки икки иқтисодиётнинг ўзаро тўлдирувчи салоҳиятига таянмоқда. Беларусь машинасозлик, қишлоқ хўжалиги техникаси, коммунал техника, озиқ-овқат саноати, фармацевтика ва саноат технологиялари бўйича катта тажрибага эга. Ўзбекистон эса жадал ривожланаётган ички бозор, аграр секторни модернизация қилиш эҳтиёжи, ўсиб бораётган саноат базаси ва Марказий Осиё бозорларига чиқиш имконияти билан Беларусь бизнеси учун муҳим шерикка айланмоқда.
Айниқса саноат кооперацияси икки томонлама муносабатларнинг асосий драйверига айланиши мумкин. Минск трактор заводи, Минск автомобиль заводи каби корхоналарнинг технологик салоҳияти Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги ва коммунал техникани маҳаллийлаштириш, эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш, сервис марказлари тармоғини кенгайтириш ва кадрлар тайёрлаш билан уйғунлашса, ҳамкорлик оддий импортдан юқори қўшилган қиймат яратадиган қўшма ишлаб чиқаришга ўтади.
Бу йўналишда инвестициявий асос ҳам шаклланиб бормоқда. Бугунги кунда Ўзбекистонда Беларусь капитали иштирокида 258 та корхона фаолият юритмоқда. Улардан 63 таси қўшма корхона, 195 таси тўлиқ хорижий капитал иштирокидаги корхоналардир. 2025 йилда Беларусдан киритилган инвестициялар 76,5 миллион доллардан ошган, 2016–2025 йилларда жами инвестициялар ҳажми 170 миллион доллардан кўпроқни ташкил этган. Шу билан бирга, Беларусь ҳудудида Ўзбекистон инвестицияси иштирокида 110 дан ортиқ корхона ишлаётгани ҳам ҳамкорлик бир томонлама эмас, ўзаро манфаатли тус олаётганини кўрсатади.
Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳалари ҳам янги босқичнинг муҳим йўналишларидан биридир. Беларусь сутчилик, чорвачилик, паррандачилик, озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш ва аграр техника ишлаб чиқаришда тўплаган тажрибаси билан Ўзбекистон аграр ислоҳотлари учун амалий аҳамиятга эга. Ташриф арафасида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари савдосини 2030 йилгача 1 миллиард долларга етказишга қаратилган чора-тадбирлар режасининг имзолангани бу соҳадаги мақсадлар анча аниқ ва ўлчовли эканини кўрсатади.
Бу йўналишдаги ҳамкорликнинг яна бир муҳим жиҳати — технология трансфери ва тўлиқ циклли ишлаб чиқаришни ташкил этишдир. Масалан, Тошкент вилоятида Беларусь технологиялари асосида парранда гўшти ишлаб чиқариш бўйича йирик лойиҳанинг амалга оширилаётгани агросаноат кооперацияси ички бозорни таъминлаш билан бирга, минтақавий экспорт имкониятларини ҳам кенгайтириши мумкинлигини кўрсатади.
Ҳудудлараро ҳамкорлик эса ушбу жараённинг энг амалий механизмига айланмоқда. III Ҳудудлараро форум доирасида 200 дан ортиқ тадбиркор, ҳудудлар раҳбарлари ва ҳоким ўринбосарларининг иштирок этиши тасодифий эмас. Чунки ташқи иқтисодий келишувлар фақат пойтахтларда қабул қилинган қарорлар билангина эмас, балки вилоятлар, туманлар, саноат зоналари ва тадбиркорлар ўртасидаги тўғридан-тўғри боғлиқлик орқали ҳаётга татбиқ этилади.
Ўзбекистон ҳудудлари учун Беларусь билан ҳамкорлик қишлоқ хўжалиги техникаси, озиқ-овқатни қайта ишлаш, тўқимачилик, фармацевтика, қурилиш материаллари ва логистика бўйича янги лойиҳаларни амалга ошириш имконини беради. Беларусь ҳудудлари учун эса Ўзбекистон Марказий Осиё бозорига чиқиш, хомашё ва тайёр маҳсулотлар бўйича янги таъминот занжирларини шакллантириш, шунингдек, саноат кооперацияси орқали рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш имкониятини тақдим этади.
Икки мамлакат умумий чегарага эга эмас. Шу боис транспорт ва логистика масаласи ҳамкорликнинг ҳал қилувчи шартларидан бири бўлиб қолмоқда. 2025 йилда икки мамлакат ўртасидаги юк ташиш ҳажми 796,6 минг тоннадан ошгани, бу кўрсаткичнинг ўсиб бораётгани савдо алоқалари тобора кўпроқ амалий инфратузилмага таянаётганини англатади. Кейинги босқичда халқаро автомобиль ташувлари, омборхона ва сертификатлаш тизимлари, товар биржалари ва рақамли логистика платформаларини ривожлантириш алоҳида аҳамият касб этади.
Минскдаги олий даражадаги музокаралар айнан шу жиҳатлари билан муҳим: улар икки мамлакат муносабатларини янги сифат даражасига олиб чиқиши мумкин. Беларусь томони маълумотларига кўра, музокаралар якунида қарийб икки ўнлаб ҳужжат тайёрланмоқда, улар орасида стратегик шерикликни ўрнатиш тўғрисидаги декларация асосий ҳужжат сифатида кўрилмоқда. Агар бундай сиёсий асос мустаҳкамланса, саноат, аграр сектор, логистика, таълим ва маданий-гуманитар алоқалар бўйича мавжуд лойиҳалар ягона узоқ муддатли кун тартибига бирлашади.
Шу билан бирга, ҳамкорликнинг кейинги босқичида бир нечта вазифаларга алоҳида эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ. Биринчидан, саноат кооперациясида тайёр маҳсулот импорт қилишдан кўра, маҳаллийлаштириш, эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш ва сервис хизматларини кенгайтириш устувор бўлиши керак. Иккинчидан, савдо мувозанатини яхшилаш учун Ўзбекистоннинг Беларусь бозорига тўқимачилик, электротехника, мева-сабзавот, қуритилган маҳсулотлар, чарм-пойабзал ва кимё маҳсулотлари экспортини фаол илгари суриш зарур. Учинчидан, ҳудудлараро форумлар натижасида имзоланган келишувлар бўйича аниқ муддат, масъул ташкилот ва натижа индикаторларини белгилаш лозим.
Шу маънода, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Беларусь Республикасига расмий ташрифи икки давлат ўртасидаги муносабатлар тарихида навбатдаги дипломатик тадбир эмас, балки иқтисодий дипломатиянинг амалий натижага йўналтирилган янги босқичи сифатида баҳоланиши мумкин. Савдо ҳажмининг ўсиши, қўшма корхоналар сонининг ортиши, ҳудудлараро мулоқотнинг фаоллашуви ва стратегик шериклик сари интилиш Тошкент ва Минск ўртасидаги ҳамкорлик келгуси йилларда янада барқарор ва мазмунли тус олишини кўрсатмоқда.
Энг асосийси, бу ҳамкорлик Ўзбекистон учун фақат ташқи савдо географиясини кенгайтириш эмас. У саноатни модернизация қилиш, аграр сектор самарадорлигини ошириш, ҳудудларда янги иш ўринлари яратиш, экспорт таркибини диверсификация қилиш ва Марказий Осиё билан Шарқий Европа ўртасидаги иқтисодий боғлиқликни кучайтириш имконини беради. Демак, Минск йўналиши бугун Ўзбекистон ташқи сиёсатида иқтисодий манфаат, технологик шериклик ва барқарор ривожланиш мантиғи уйғунлашган муҳим векторга айланмоқда.
Жаҳонгир Исаев
“Барқарор ривожланиш маркази” ННТ бўлим бошлиғи