Барқарор ривожланиш маркази 

Сайт синов режимида ишламоқда
  • O‘zbek
  • Ўзбек
  • Русский
  • English
  • Français

Маҳалла тараққиётнинг асосий буюртмачисига айланиши керак

11-09-2026 258

    Олтинчи миллий дастур лойиҳаси юзасидан Жамоатчилик кенгаши йиғилиши ўтказилди

    2026 йил 11 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида маҳаллани жамият тараққиётининг асосий буюртмачисига айлантиришга қаратилган олтинчи миллий дастур лойиҳаси юзасидан Жамоатчилик кенгаши йиғилиши ўтказилди.

    Тадбир Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилди. Йиғилишда миллий дастурнинг мақсад ва вазифалари, маҳалланинг жамият ва давлат бошқарувидаги ўрнини кучайтириш, аҳоли эҳтиёжларини ҳудудий ривожланиш дастурлари ҳамда бюджет жараёни билан бевосита боғлаш масалалари муҳокама қилинди.

    Мазкур ташаббус давлатимиз раҳбари томонидан мамлакат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимда илгари сурилган еттита миллий дастурнинг мантиқий давоми ҳисобланади. Олтинчи миллий дастурнинг моҳияти маҳаллани фақат муаммолар қайд этиладиган ҳудуд эмас, балки аҳоли номидан устувор вазифаларни белгилайдиган, уларнинг ижросини кузатадиган ва натижасини баҳолайдиган жамоат институтига айлантиришдан иборат.

    Йиғилишда Барқарор ривожланиш маркази вакили Ж. Исаев иштирок этиб, Марказ томонидан ишлаб чиқилган асослантирилган амалий таклифларни тақдим этди. У ўз чиқишида маҳалла эҳтиёжини аниқлашдан бошлаб, расмий буюртмани шакллантириш, уни ҳудудий режа ва бюджетга киритиш, молиялаштириш, ижро этиш ҳамда натижани аҳоли иштирокида қабул қилишгача бўлган ягона ва ҳисобдор тизимни яратиш зарурлигини таъкидлади.

    Қайд этилганидек, «маҳалла буюртмаси» аниқ ҳуқуқий мақомга эга бўлиши лозим. Фуқаролар йиғини тасдиқлаган таклиф масъул давлат органи томонидан белгиланган муддатда кўриб чиқилиши, уни амалга ошириш манбаси ва муддати кўрсатилиши ёки рад этиш сабаблари асослантириб берилиши керак. Бу маҳалла ташаббусини оддий мурожаат даражасидан ҳудудий режалаштиришнинг расмий бошланғич нуқтасига олиб чиқади.

    Марказ таклифларида ҳар бир маҳалла учун уч йиллик ривожланиш режаси ва рақамли паспорт жорий этиш, маблағларни аҳоли сони билан бирга ижтимоий эҳтиёж, инфратузилма ҳолати, ҳудуднинг чеккалиги ва табиий хавфларни ҳисобга олган очиқ формула асосида тақсимлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бунда шахсга доир маълумотлар муҳофаза қилиниши, маҳалла ходимларидан бир хил маълумотни қайта-қайта киритиш талаб этилмаслиги зарурлиги билдирилди.

    Шунингдек, бажарилган ишларни аҳоли вакиллари иштирокида қабул қилиш, маҳалла бюджети ва шартномалари тўғрисидаги маълумотларни очиқ эълон қилиш, «маҳалла еттилиги» фаолиятини ўтказилган тадбирлар сони билан эмас, балки барқарор бандлик, ижтимоий муаммоларнинг ҳал этилиши, хизмат кўрсатиш муддати, очиқлик ва аҳоли қониқиши каби натижавий мезонлар асосида баҳолаш таклиф этилди.

    Муҳокама давомида маҳаллага янги вазифалар юклашнинг ўзи етарли эмаслиги, бу вазифалар тегишли ваколат, молиявий ресурс, ишончли маълумот ва малакавий кўмак билан таъминланиши лозимлигига урғу берилди. Янги механизмларни турли шароитдаги маҳаллаларда дастлаб тажриба тариқасида синаб, мустақил баҳолаш натижалари асосида босқичма-босқич кенгайтириш мақсадга мувофиқ экани қайд этилди.

    Тадбирда билдирилган фикр ва таклифлар олтинчи миллий дастур лойиҳасини янада такомиллаштиришга хизмат қилади. Таклиф этилаётган ёндашув амалга оширилса, маҳалла муаммони юқори ташкилотларга етказувчи бўғин бўлиб қолмай, аҳоли эҳтиёжини ривожланиш режаси, бюджет маблағи ва аниқ натижа билан боғлайдиган ҳақиқий жамоат буюртмачисига айланади.