Қиш фаслида иссиқхоналарда ўзига хос зиддият юзага келади: қуёшли кунларда ички ҳаво ортиқча қизиб, иссиқликнинг бир қисми вентиляция орқали ташқарига чиқарилади, кечаси эса ҳароратни сақлаш учун яна газ ёки электр энергияси сарфланади. Яъни кундузи ортиқча бўлган иссиқлик йўқотилади, бир неча соат ўтиб эса яна янги энергия ҳисобига иссиқлик ҳосил қилишга тўғри келади.
Бу муаммони ҳал қилиш учун кундузги ортиқча иссиқликни йиғиб, сақлаб, кечаси яна иссиқхонага қайтариш мумкин. Бунинг учун иссиқхона ҳавосидаги ортиқча иссиқлик махсус иссиқлик алмашинувчи қурилма орқали сувга ўтказилади. Қизиган сув изоляцияланган бакда сақланади. Кечаси ҳаво совиганда эса ушбу энергия иссиқлик насоси ёрдамида иссиқхонани иситиш учун қайта ишлатилади. Шу тариқа кундузи ташқарига чиқиб кетиши мумкин бўлган иссиқлик тунги энергия манбаига айланади. Технология вентиляция билан биргаликда ишлаши сабаб ортиқча намликни камайтириш ва иссиқхона микроклиматини барқарорлаштиришга ҳам ёрдам беради.
Ушбу ёндашув 2026 йилда Хитойнинг Пекин шаҳри Пингу туманида амалдаги иссиқхонада дала шароитида синовдан ўтказилган. Қишки кузатувлар 2023 йил 16 декабрдан 2024 йил 20 январгача давом этган. Кундузги соатларда иссиқлик йиғилиб, тунги вақтда иссиқхонага қайтарилган.
Натижада иситиш режимида самарадорлик коэффициенти 4,8 ни ташкил этган. Содда айтганда, сарфланган ҳар 1 кВт·соат электр энергияси ҳисобига тахминан 4,8 кВт·соат иссиқлик олинган. Тунда иссиқхона ҳарорати иситишсиз ҳолатга нисбатан ўртача 4,4°C юқори бўлган. Муаллифларнинг маҳаллий энергия тарифлари асосидаги ҳисоб-китобига кўра, эксплуатация харажатлари кўмирли иситишга нисбатан 47,5 фоиз, газли иситишга нисбатан 64,8 фоиз кам бўлган. Ёзги режимда эса технология табиий вентиляцияга нисбатан ички ҳаво ҳароратини ўртача 3°C га пасайтирган.
Ўзбекистон учун технологиянинг қизиқ жиҳати - қишда қуёшли кун ва совуқ тун ўртасидаги ҳарорат фарқидан самарали фойдаланиш имкониятидир. Кундузи иссиқхонада тўпланган ортиқча иссиқликни сақлаш кечки ва тунги соатларда газ ёки электрга бўлган эҳтиёжни камайтиришга хизмат қилиши мумкин. Ўзбекистон Республикаси Президентнинг 2026 йил 13 октябрдаги ПҚ–371-сон қарори ҳам энергия самарадор ва экологик тоза иситиш технологияларини жорий этишни рағбатлантирувчи механизмларни белгилаган.
Шу боис технологияни, аввало, Тошкент вилоятидаги замонавий сабзавот иссиқхоналаринг бирида синов тарзида амалга ошириш мақсадга мувофиқ. Бунда газ ва электр сарфи, тунги ҳарорат, намлик режими, 1 м² майдонга тўғри келадиган энергия харажати, ҳосилдорлик ҳамда инвестициянинг қопланиш муддати анъанавий иситиш тизими билан қиёсланиши лозим. Агар синов натижалари техник ва иқтисодий самарадорликни тасдиқласа, технологияни бошқа иссиқхона хўжаликларига кенгайтириш имкониятини кўриб чиқиш мумкин.
Алишер Азизов,
“Барқарор ривожланиш маркази” ННТ бош мутахассиси