Биз, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий Маркази, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий ассоциацияси ҳамда “Барқарор ривожланиш маркази” ННТ, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти томонидан АҚШ Халқаро ривожланиш агентлиги (USAID)нинг Ўзбекистонда ҳуқуқий ислоҳотлар Дастури (LRP) кўмагида 2022 йил 11 май куни Тошкент шаҳридаўтказилган “Конституциявий ислоҳотлар: фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва мақоми” мавзусидаги халқаро конференция иштирокчилари:
“Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” ҳамда Барқарор ривожланиш тамойилларини амалга оширишнинг муҳим шарти сифатида фуқаролик жамиятининг конституциявий-ҳуқуқий мақоми ва фуқаролик жамияти институтларининг эркин фаолият юритишига шарт-шароит яратувчиконституциявий кафолатларни мустаҳкамлаш, уларнинг конституциявий ислоҳотларни амалга оширишдаги роли ва аҳамиятини ошириш бўйича миллий, хорижий ва халқаро тажриба юзасидан фикр алмашган;
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Европа Иттифоқи, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида фуқаролик жамияти институтларининг роли ва аҳамиятини ошириш, уларни давлат ва жамият бошқаруви жараёнларига жалб этиш бўйича қабул қилинган халқароҳуқуқий ҳужжатларни ҳисобга олган;
турли уюшмаларга аъзо бўлиш, сўз ва ахборот эркинлиги, фикр эркинлиги ҳамда уни эркин ифодалашга оид инсон ҳуқуқларини мустаҳкамловчи, шунингдек, барча даражадаги фуқаролик жамияти вакилларининг турли бўғиндаги ҳокимият органлари шаффофлиги ва ҳисобдорлигини таъминлашга жалб этишни рағбатлантирувчи Халқаро шартномалар, шунингдек БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгаши резолюцияларига таянган;
тинч-фаровон, барқарор ривожланаётган, демократик жамият барпо этиш, инсон қадр-қиммати, ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, Барқарор ривожланишнинг умумбашарий ва миллий мақсадларига эришишда фуқаролик жамияти институтларининг муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаган;
фаол фуқаролик институтлари ўзаро муносабатларда тийиб туриш ва мувозанатлар тизимини тўлдириб, давлат органларининг ҳисобдорлигини оширишга кўмаклашаётганини ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантириш, “Халқ – ҳокимиятнинг ягона манбаи” конституциявий тамойилини таъминлашга катта ҳисса қўшаётганини эътироф этган;
сўнгги йилларда янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган мамлакатда адолатли ва очиқ фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш, фуқаролик институтлари фаолиятининг сиёсий, ҳуқуқий ва ташкилий шарт-шароитларини такомиллаштириш ва демократлаштиришга қаратилган жадал ва кенг кўламли чора-тадбирларни юксак баҳолаган ҳолда, Хорижий давлатлар ва Ўзбекистон конституциявий тараққиётининг қиёсий таҳлили асосида қуйидаги асосий ХУЛОСАЛАРГА келдик:
Биринчи. Сўнгги йилларда янги Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтларининг роли ва аҳамиятини тубдан ошириш бўйича ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, фуқаролик жамияти ва давлатнинг ривожланиш қонуниятлари, хорижий давлатлар ва жаҳоннинг илғор конституциявий тажрибаси ҳисобга олинган ҳолда:
• “Ижтимоий шериклик тўғрисида”, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”, “Касаба уюшмалари тўғрисида”, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”, “Кўнгиллилар фаолияти тўғрисида”, “Аёллар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатлари тўғрисида”, “Экологик назорат тўғрисида”, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги муҳим қонунлар қабул қилинди;
Ҳаёт шиддати ва давр суръати, олиб борилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотлар талаби асосида, мамлакатимиз Конституциясига, шунингдек, “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги, “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчаларкиритилди;
• Мамлакат Президенти ва ҳукуматининг 200 дан ортиқ актлари, хусусан, Ўзбекистон Республикасининг 2021–2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси амалга оширилмоқда.
Натижада, сўнгги беш йилда, хусусан:
• нодавлат нотижорат ташкилотлари сони 22 фоизга ошди, жумладан, республика бўйича 200га яқин йирик нодавлат нотижорат ташкилотлари ўз фаолиятини бошлади. Бугунги кунда ушбу фуқаролик институтлари инсон қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, жамиятда бағрикенглик ва инсон ҳуқуқларига доир маданиятни шакллантириш, барқарор ривожланишнинг энг муҳим вазифаларини амалга оширишда муҳим роль ўйнамоқда;
• давлат бюджетидан нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятиниҳамда уларнинг ижтимоий ва жамоавий аҳамиятга молик лойиҳалари амалга оширилишини қўллаб-қувватлаш учун ажратиладиган маблағлар (субсидиялар, ижтимоий буюртмалар ва грантлар) миқдори беш баробардан зиёдга ошди.
Биргина 2022 йилнинг ўзида 700 дан ортиқ дастур ва лойиҳалар ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш таъминланади, уларни амалга оширишда 3000 дан ортиқ жамоат ташкилотлари иштирок этади. ННТ ва бошқа фуқаролик жамияти институтлари истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни рақамли технологияларни жорий этиш билан боғлиқ ишларга жалб қилиш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш ишларига жалб этилади. Ўзбекистонда яшаётган 130 дан ортиқ миллат ва элатлар ўртасида тинчлик, дўстлик ва бағрикенгликни мустаҳкамлаш учун 150 та миллий маданий марказлар қўллаб-қувватланади.
Иккинчи. Ўзбекистонда фуқаролик жамиятининг сиёсий ва ижтимоий ҳаётини демократлаштириш жараёни кўп жиҳатдан жамиятдаги муносабатларнинг эволюцияси билан тавсифланади: анъанавий жамиятга хос бўлган иерархик муносабатлар эмас, балки хусусий маконда шаклланиб, жамоатчилик орасидаги муносабатларга айланаётган бир текис тарқалган горизонтал муносабатлар тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.
Энг муҳими шундаки, бугунги кунда ҳамма жойда фуқаролик жамиятининг ижтимоий фаоллиги ошганлиги кузатилмоқда, бу анъанавий равишда давлат ҳокимияти органларининг ваколатига кирувчи масалаларни ҳал қилишда онгли равишда иштирок этиш истаги билан ифодаланмоқда. Фуқаролар фаоллигини ривожлантириш – инсон фаолиятининг иқтисодий, ҳуқуқий ва ижтимоий соҳаларини демократлаштириш, давлат органларининг ҳисобдорлиги ва очиқлигини кучайтириш, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ролини ошириш, аҳоли ва жамоат бирлашмаларининг сиёсий фаоллигини юксалтириш билан боғлиқ объектив жараён ҳисобланади.
Учинчи. Фақат чин маънодаги фуқаролик жамияти мавжуд бўлганмакон ва замондагина ҳуқуқий давлат қарор топиши мумкин. Ўз навбатида, фуқаролик жамиятини инсон эркинлиги ва қадр-қимматисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шу боис янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ва изчил ислоҳотлар инсон қадр-қиммати борасида ғамхўрлик қиладиган, ҳар бир фуқаронинг қонуний манфаатлари ва фаровонлигини таъминлайдиган, эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантиришга асосланган давлат қуришга йўналтирилган.
Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида инсон ҳуқуқ ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш, “Инсон шаъни ва қадр-қиммати йўлида” тамойили асосида кейинги йилларда фаол ва эркин фуқаролик жамиятини шакллантириш масалалари демократик ислоҳотларнинг устувор йўналиши сифатида белгиланган.
Жумладан,
• маҳалла институтининг самарадорлигини ошириш, уни давлат бошқаруви ва назоратининг асосий бўғинига айлантириш;
• қонун ижодкорлиги жараёнларини модернизация қилиш, қонуняратиш жараёнида фуқаролик жамияти институтлари билан маслаҳатлашув амалиётини такомиллаштириш орқали қонун ҳужжатларининг сўзсиз бажарилишини таъминлаш;
• халқ билан очиқ мулоқот механизмларини такомиллаштириш, жамоатчилик фикрини ҳисобга олган ҳолда муҳим қарорлар қабул қилиш амалиётини кенгайтириш;
• қонунчилик ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг замонавий тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда, фуқаролик жамияти институтлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиш, хусусан, “Жамоатчилик палатаси тўғрисида”ги Қонун, Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги Кодексни қабул қилиш;
• жамоатчилик назоратини самарали олиб боришнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, уни амалга оширишнинг замонавий шаклларини амалиётга жорий этиш, жамоатчилик назорати субъектларини давлатнинг муайян функцияларини бажариш жараёнига кенг жалб этиш, давлат органлари фаолиятини ўрганиш мақсадида ижтимоий сўровлар ўтказиш, шунингдек, аниқланган камчиликларни очиқ муҳокама қилишамалиётини йўлга қўйиш;
• оммавий ахборот воситаларининг ролини янада кучайтириш ҳамдажурналистларнинг касбий фаолиятини ҳимоя қилиш, аҳолини ташвишга солаётган муаммоларга эътибор қаратиш ва ислоҳотларни амалга ошириш жараёнлари ҳолатини таҳлилий ўрганишда улар фаолиятидан самарали фойдаланиш;
• ижтимоий шериклик самарадорлигини ошириш, нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини субсидиялар, грантлар ва ижтимоий буюртмалар шаклида давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ҳажмини икки баравар ошириш;
• фуқаролик жамияти институтларининг жамиятда инсон ҳуқуқларига доир маданиятни шакллантириш, қонунга ҳурмат билан муносабатда бўлиш, унга риоя қилиш маданиятини шакллантириш, шунингдек, коррупцияга қарши курашишдаги ролини мустаҳкамлашга қаратилган ва бошқа чора-тадбирлар кўзда тутилган.
Бу вазифаларнинг амалга оширилиши, албатта, фуқаролик жамияти институтлари фаолиятининг конституциявий-ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг фундаментал асари ҳисобланган “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” китобида:
Президентнинг “Халқ қабулхоналари”га конституциявий мақом бериш; фуқаролик жамияти институтлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини кодификация қилиш, Ахборот кодексини қабул қилиш; “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг жамоат муҳокамасини ташкил этиш тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш, “Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашлари, уларнинг регламентлари ва назорат фаолияти тўғрисида”ги қонунларнинг янги таҳририни ишлаб чиқиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг жамоатчилик муҳокамасини ташкил этиш; мамлакат қонунчилиги, “Электрон парламент”ва “Электрон Халқ кенгаши депутатлари”, шунингдек, халқ манфаатларига хизмат қилувчи “Халқчил давлат” миллий дастурларини тасдиқлаш назарда тутилган.
Тўртинчи. Конституция – фуқаролик жамияти ва давлатнинг энг юқори даражадаги ҳуқуқий кучга эга бўлган асосий қонуни ҳисобланиб, унинг воситасида (халқнинг кўп асрлик тажрибаси ва интилишларига мувофиқ) жамият ва давлат қурилишининг асослари ҳамда уни амалга оширишнинг давлатни мустаҳкамлаш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган ҳаракат механизмлари тасдиқланади, ижтимоий тизим тури бевосита ёки билвосита белгиланади.Бунда фуқаролик жамиятининг конституцион жиҳатдан мустаҳкамланиши муҳим аҳамият касб этади, зеро ушбу саъй-ҳаракатлар негизида ўзига хос муносабатлар, яъни у ёки бу жиҳатдан халқ ҳокимиятига дахлдор муносабатлар акс этади.
“Шахс, жамият ва давлат” учлиги бундай муносабатларнинг асосий субъектлари сифатида юзага чиқади ҳамда конституциявий-ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг объектлари ҳисобланади. Конституциявий ҳуқуқнинг ўзига хос ўрни шундаки, у мазкур учликнинг таркибий қисмлари ҳисобланган ҳар бир унсурнинг мақомини, шу жумладан, замонавий давлат ва фуқаролик жамияти ўртасидаги ўзаро муносабатларни ифодалаш ва ҳар бир таркибий қисмнинг инсон қадр-қиммати ва шахс эркинлигини таъминлашдаги “жавобгарлиги доираси”ни белгилашдан иборат.
Бешинчи. Фуқаролик жамияти ғоясининг келиб чиқиши ва ривожланиши билан боғлиқ замонавий манбаларни ўрганиш шуни кўрсатмоқдаки, “фуқаролик жамияти” – баҳс-мунозарали концепциясаналади, ундан сўнгги 300 йил ичида турлича талқинларда фойдаланилган ва бугунги глобаллашув даврига келиб бу тушунча алоҳида долзарблик касб этмоқда.
Замонавий ҳуқуқшунослик, глобалистика, сиёсатшунослик, социология, фалсафа фанларида фуқаролик жамиятларининг хусусиятлари, моҳияти ва мазмуни, уларнинг давлат, бизнес, нодавлат нотижорат ташкилотлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа шу кабилар билан муносабатлари тўғрисида яхлит тушунча мавжуд эмас.
Шу билан бирга, хорижий мамлакатларда, умуман олганда, фуқаролик жамияти (ёки “учинчи сектор”) тўғрисида ўзига хос тасаввурлар устунлик қилади, у кўпинча “давлат ёки иқтисодиёт томонидан қамраб олинмаган ижтимоий ҳамкорлик”ка тенглаштирилади.
Фуқаролик жамиятининг бирламчи ва ажралмас томони, унинг давлатга дахлдор бўлмаган алоҳида тузилма эканлигидир. У давлатнинг расмий ҳокимият муассасаларидан фарқ қилиб, мустақил равишда ёки давлат идоралари билан ҳамкорликда фаолият юритувчи эркин шаклланган ихтиёрий бирлашмаларнинг мураккаб тармоғидир.
Фуқаролик жамияти бу – давлатдан алоҳида тарзда, лекин қонун устуворлигига амал қилиш шарти асосида хусусий шахслар томонидан барпо этиладиган ва бошқариладиган жамоатчилик мулки ҳисобланади.
Олтинчи. Фуқаролик жамияти динамик равишда ўсиб борувчи тузилма бўлиб, мазкур тушунча замонавий дунё конституцияларида тобора кенгроқ ва чуқурроқ ўрнашиб бормоқда. “Фуқаролик жамияти” атамасини бевосита ишлатадиган конституциялар ҳам мавжуд.
Асосий қонунларда ҳуқуқ (қонун) устуворлиги тамойиллари, инсон ва фуқаро ҳуқуқ ҳамда эркинликларининг устуворлиги ва бошқа шу кабилар алоҳида ўрин тутади. Бу қонун устуворлиги билан бошқариладиган давлатга хос конституциявий тизимни шакллантириш учун маълум ҳуқуқий асос яратади, ўз навбатида, давлатларнинг ўзига хос ички хусусиятлари ва тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда фуқаролик жамиятини шакллантириш учун зарур шарт-шароитларни таъминлайди.
Кўпгина конституцияларда фуқаролик жамияти декларатив тарзда мустаҳкамланади, уларда давлат ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги муносабатларнинг аниқ ва самарали механизми мавжуд эмас.
Еттинчи. Жаҳон мамлакатларининг конституциявий тажрибаси ва фуқаролик жамияти институтлари фаолияти билан боғлиқ халқаро ҳуқуқий нормалар таҳлили шуни кўрсатадики, фуқаролик жамияти фаолияти учун хавфсиз ва қулай шарт-шароитлар инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларга асосланган барқарор миллий ҳуқуқий тизим томонидан қўллаб-қувватланиши керак.
Хусусан, одатда, фуқароларнинг уюшмаларга бирлашиши (бирлашиш, уюшиш эркинлиги)ни таъминловчи конституциявий ҳуқуқ фуқаролик жамиятининг асосий ҳуқуқи сифатида қаралади.
Қайд этиш жоизки, кейинги пайтда бу тушунчани янада кенгроқ талқинэтиш кузатилмоқда, энди нафақат жамоат бирлашмалари, балки бошқа нотижорат, ва ҳаттоки, тижорат ташкилотлари ҳам унинг предмети сифатида эътироф қилинмоқда.
Саккизинчи. Фуқаролик жамияти институтларини ташкил этиш ва улар фаолиятининг асосларини конституциявий жиҳатдан тартибга солишга алоҳида эътибор қаратилмоқда:
• ҳуқуқ субъектларини ташкил этишнинг норматив-танлов ва рухсат бериш тартиблари белгиланди. Шундай қилиб, жамоат бирлашмаларини рўйхатга олиш хорижий мамлакатларнинг айрим конституцияларида қайд этилган. Шу билан бирга, турли давлатларда жамоат бирлашмаларини рўйхатга олиш билан турли идоралар (Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги) шуғулланади. Бир қатор давлатларда жамоат бирлашмаларини рўйхатга олиш умумий юрисдикция судлари томонидан амалга оширилади;
• кўпгина конституцияларда уюшмалар (шу жумладан, жамоат бирлашмалари) эркин, ихтиёрий иштирок этиш йўли билан ташкил этилиши белгилаб қўйилган. Бироқ, уни тузиш ташаббускорлари сонининг қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилганлиги жамоат бирлашмасини тузишнинг муҳим шарти ҳисобланади;
• бошқа сиёсий эркинликлар сингари уюшиш ва бирлашмаларга аъзо бўлиш эркинлиги ҳам мутлақ эмаслиги сабабли, конституцияларнингнормалари ушбу ҳуқуқ ва эркинликларни чеклаш имкониятини ҳам беради;
• аксарият конституцияларда уюшиш ҳуқуқини чекловчи, хусусан, мақсадлари ёки ҳаракатлари конституциявий тузум асосларини мажбуран ўзгартиришга, давлатнинг яхлитлигини бузишга, унинг хавфсизлигига путур етказишга, қуролли тузилмаларни яратиш, ижтимоий, ирқий, миллий, динийадоват ва бошқа келишмовчиликларни юзага келтиришга қаратилган жамоат бирлашмаларини тузишни ҳамда уларнинг фаолият юритишини чекловчи моддалар мавжуд. Шунингдек, бошқа фуқароларнинг ахлоқи, саломатлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида киритилган чекловлар ҳам бўлиши мумкин;
• бир қатор конституцияларда уюшмаларга бирлашиш ҳуқуқини чеклаш фақат суд қарори асосида амалга оширилиши мумкинлиги назарда тутилган;
• конституциявий адолат жамоат бирлашмалари фаолиятини мониторинг қилишда, шу жумладан, уларни тугатиш масаласини ҳал қилишда тобора муҳим аҳамият касб этмоқда;
• бир қанча конституцияларда партиялар ва жамоат бирлашмаларининг Конституцияга зидлигини кўрсатувчи квалификацион белгилар рўйхати берилган, конституциявий судларнинг улар фаолиятининг Конституцияга мувофиқлигини аниқлаш, фаолиятини тақиқлаш ва тугатиш масалаларини ҳал қилиш ваколатлари белгиланган.
Тўққизинчи. Фуқаролик жамияти БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва уни амалга оширишда тобора муҳим роль ўйнамоқда.
Дунё мамлакатларининг конституциявий ривожланишини қиёсий ўрганиш ижтимоий шериклик ва жамоатчилик назорати институтларини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш тенденцияси кучайиб бораётганини кўрсатмоқда. Фуқаролик жамиятини ривожлантиришни рағбатлантириш борасида амалга оширилаётган давлат сиёсатинингижтимоий-иқтисодий самараси тобора кўпроқ сезилмоқда:
• ривожланган мамлакатлар ЯИМ нинг 3–9% қисми нодавлат ташкилотлари ҳиссасига тўғри келмоқда;
• Европа Иттифоқи мамлакатларида меҳнатга лаёқатли аҳолининг 4,4% дан 14% гача қисми жамоат ташкилотларида (секторида) ишлайди;
• Фуқаролик жамияти ҳар йили дунёда 25 миллиондан ортиқ пуллик иш ўринлари яратади. Бу аҳоли учун юқори ижтимоий стандартларни сақлаб, давлатни ўзига хос ижтимоий вазифаларни бажаришдан озод қилишга имкон беради.
Ўнинчи. Халқ ҳокимиятига асосланган демократиянинг конституциявий тамойилларини амалга оширишда, инсонпарвар ва адолатли демократик ҳуқуқий давлат яратиш вазифаларини амалга оширишда, шунингдек, ўз-ўзини тийиш ва мувозанатлар тизимини яратишда, давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтиришда жамоат ташкилотлари ва шу каби бошқа ташкилотлар алоҳида аҳамият касб этади.
Биз, халқаро конференция иштирокчилари, фуқаролик жамияти институтларининг роли ва аҳамиятини янада ошириш учун қуйидаги ТАВСИЯ ВА ТАКЛИФЛАРНИ билдирамиз:
1. Фуқаролик жамияти институтлари, академик, илмий-тадқиқот ва таҳлилий марказларга:
• фуқаролик жамияти институтларининг конституциявий-ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, қонунчиликни ривожлантириш бўйича миллий дастур ва концепцияларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича давлатлар ва халқаро ҳамжамият тажрибасини чуқур ўрганишга қаратилган қўшма илмий лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш амалиётини сифат жиҳатдан янги босқичда давом эттириш;
• минтақавий ва субминтақавий платформаларни, шу жумладан,ислоҳотларнинг аниқ йўналишлари ва инсон ҳуқуқлари бўйича тоифаларга йўналтирилган платформаларни яратиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг халқаро, минтақавий ва миллий тизимларини мустаҳкамлаш ҳамда қўллашда фаол иштирок этиш;
• давлатларнинг, ва умуман, алоҳида минтақаларнинг барқарор ривожланишига хизмат қилувчи минтақавий механизмларни яратиш, барча манфаатдор томонларнинг кенг иштирокида мунтазам равишда маслаҳатучрашувлари/форумлар ўтказиш.
2. Миллий парламентлар, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига:
Фуқаролик жамияти институтлари:
• миллий ривожланиш стратегиясини ишлаб чиқиш ва Барқарор ривожланишнинг миллий мақсадлари бажарилишини назорат қилиш учун масъул бўлган идоралараро мувофиқлаштириш механизмларига, хусусан, “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси”да белгиланган вазифаларни амалга ошириш ва бажарилишини назорат қилишга, шу жумладан, БРМ ва бошқа тегишли давлат мажбуриятларини бажариш учун шаффоф, инклюзив ва ҳисобдор миллий жараённи таъминлашга катта ҳисса қўшиши мумкин.
Фуқаролик жамияти институтларини:
• қарорлар қабул қилиш жараёнлари, айниқса, бундай қарорлар инсон қадр-қимматини ҳурмат қилиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва илгари суриш масалаларига дахлдор бўлганда, шу жумладан, тараққиётни белгиловчи сиёсат, режалар ва дастурларни ишлаб чиқиш, амалга ошириш, мониторинг қилиш ва баҳолашга уларни мунтазам равишда жалб қилиш орқали;
• миллий ва глобал миқёсда, шу жумладан, барқарор ривожланиш бўйича ўтказиладиган сиёсий анжуманлар, мунтазам равишда бўладиган парламент ва ҳукумат тадбирлари, жойларда аҳоли билан ташкиллаштириладиган учрашувлар ва маслаҳатлашувлар ишида шаффофлик ва ҳисобдорликни таъминлашга;
• инсон ҳуқуқларига асосланган миллий ривожланиш дастурлари, БРМни амалга ошириш жараёнларини холис ва адолатли ёритиш, фуқаролик жамияти ташкилотлари ва мустақил оммавий ахборот воситаларининг эркин фаолият юритиши учун қулай муҳит яратишга фуқаролик жамияти институтларини барча жойда ва янада кенгроқ жалб қилиш зарур.
3. Халқаро конференция ташкилотчиларига:
• Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, “Барқарор ривожланиш маркази” ННТ ва Фанлар Академияси Давлат ва ҳуқуқ институти томонидан тайёрланган ушбу халқаро конференция материаллари, шунингдек, “Конституциявий ислоҳотлар: дунё мамлакатлари тажрибаси” кўп жилдли китобини хорижий ва халқаро ҳамкорлар кўмагидачоп этиш;
• конституционализмни ривожлантириш, такомиллаштириш, кодификация қилиш ва янада демократлаштириш, қонунчиликни инсонпарварлаштириш соҳасида халқаро анжуманларни ташкил этиш амалиётини давом эттириш.
Биз, халқаро конференция иштирокчилари Ўзбекистонда яратилган сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий шарт-шароитлар фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этишдек конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш имконини бераётганига ишонч билдирамиз. Биз халқаро ҳамкорларни миллий ривожланиш сиёсати, дастур ва лойиҳаларини ишлаб чиқишда давлатлар ўртасида ҳамкорлик ва илғор тажрибаларни алмашишни қўллаб-қувватлашга чақирамиз.
Фуқаролик жамиятининг конституциявий-ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга ҳисса қўшаётган ушбу халқаро форумнинг барча ташкилотчилари ва иштирокчиларига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.
Тошкент, 11 май, 2022 йил.