27 август - Бутунжаҳон кўллар куни
Кўлнинг чекиниши баъзан бир қарашда фақат сув камайгандек кўринади. Аслида эса сув ортга чекинган жойда бутун бир табиий мувозанат ўзгаради: балиқ захираси камаяди, қушларнинг яшаш муҳити қисқаради, тупроқ шўрланади, чанг кўпаяди, маҳаллий аҳолининг турмуш тарзи ва даромад манбаларигача таъсир кўрсатади. Шу маънода кўллар ҳолати — муайян ҳудудда сув ресурсларидан қай даражада оқилона фойдаланилаётганини кўрсатиб турувчи ўзига хос табиий мезондир.
БМТ Бош Ассамблеяси 2024 йил 12 декабрда 27 августни Бутунжаҳон кўллар куни деб белгилади. 2025 йилдан бошлаб нишонланаётган мазкур сана кўллар ва улар билан боғлиқ экотизимларни муҳофаза қилишга халқаро эътиборни кучайтиришни кўзда тутади. Эътиборлиси, тегишли резолюция лойиҳасининг ҳаммуаллифлари қаторида Ўзбекистон ҳам бўлган.
Бу бежиз эмас. Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиё Орол фожиаси орқали сув экотизимидаги мувозанат бузилишининг қанчалик катта экологик, ижтимоий ва иқтисодий оқибатларга олиб келишини ўз тажрибасида кўрди.
Бир пайтлар дунёдаги энг йирик кўллардан бири бўлган Оролнинг катта қисми дарё сувларининг кенг миқёсда суғоришга йўналтирилиши натижасида қуриди. Унинг ўрнида Оролқум чўли пайдо бўлди. Бу фақат сув ҳавзасининг қисқариши эмас, балки бутун минтақада табиий мувозанатнинг издан чиқиши эди. Қуриган тубдан кўтарилаётган туз ва чанг, ер деградацияси, био хилма-хилликнинг камайиши ва аҳоли саломатлигига таъсир каби муаммолар унинг оқибатлари ҳануз давом этаётганини кўрсатмоқда.
Сўнгги йилларда Оролбўйида ушбу оқибатларни юмшатиш мақсадида катта кўламли ишлар амалга оширилди. 2026 йилда эълон қилинган расмий маълумотларга кўра, Орол денгизининг қуриган тубида 2 миллион гектардан зиёд майдонда ўрмонзорлар барпо этилган. Саксовул ва иқлимга чидамли бошқа ўсимликларни кўпайтириш туз-чанг кўчишини чеклаш, янги экотизим шаклланишига кўмаклашиш ва ҳудуднинг иқлимга чидамлилигини оширишга хизмат қилмоқда.
Бироқ Орол сабоғининг энг муҳим жиҳати фақат қуриган тубни кўкаламзорлаштиришда эмас. Асосий хулоса шундаки, кўлни уни тўйинтирувчи дарёлар, ерлар ва инсон фаолиятидан ажратган ҳолда муҳофаза қилиб бўлмайди. Кўлнинг тақдири кўпинча унинг қирғоғида эмас, юзлаб километр юқорида - далаларда, каналларда, шаҳарларда ва сувдан фойдаланиш бўйича қабул қилинаётган қарорларда ҳал бўлади.
Бу масала иқлим ўзгариши шароитида янада долзарблашмоқда. Расмий баҳоларга кўра, мавжуд тенденциялар сақланиб қолса, 2040 йилга бориб Орол ҳавзасида сув танқислиги йилига 20 миллиард куб метргача етиши мумкин. Бундай шароитда сувни тежаш нафақат иқтисодий, балки экологик хавфсизлик масаласига ҳам айланади.
Ўзбекистонда сув тежовчи технологиялар жорий этилган майдон 2026 йилда 2,6 миллион гектарга етказилган бўлиб, улар ҳисобига йилига қарийб 2,5 миллиард куб метр сувни иқтисод қилиш имкони яратилмоқда. Бу катта натижа. Аммо кейинги босқичда яна бир муҳим мезон пайдо бўлиши керак: тежалган сувнинг табиий экотизимлар учун самараси қандай?
Зеро, иқтисод қилинган ресурс яна тўлиқ қўшимча истеъмолга йўналтирилса, дарё дельталари, кўллар ва сув-ботқоқ ҳудудлар кутилган экологик манфаатни ҳис қилмаслиги мумкин. Шу сабаб сувдан фойдаланиш самарадорлигини баҳолашда «қанча сув тежалди?» деган кўрсаткич билан бирга «экотизимлар учун қанча сув сақлаб қолинди?» деган мезонни ҳам босқичма-босқич жорий этиш мақсадга мувофиқ.
Ўзбекистонда Оролдан ташқари ҳам экологик аҳамияти юқори бўлган кўплаб сув ҳавзалари мавжуд. Денгизкўл, Айдар-Арнасой кўллар тизими, Тўдакўл ва Қуйимозор сув омборлари, Судочье ва Жилтирбас каби ҳудудлар халқаро аҳамиятга эга сув-ботқоқ экотизимлари сифатида муҳофаза қилинади. Улар кўчиб юрувчи қушлар, балиқ захиралари, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси учун муҳим яшаш муҳити, маҳаллий аҳоли учун эса иқтисодий ресурс ҳисобланади.
Айдар-Арнасой кўллар тизими бунинг яққол мисолидир. Уни фақат сув сатҳи билан баҳолаш етарли эмас. Сувнинг минераллашуви ва сифати, балиқ захираси, қирғоқбўйи ўсимликлари, қушлар популяцияси ва инсон фаолиятининг таъсири биргаликда кузатилиши лозим.
Шу нуқтаи назардан, кейинги босқичда кўллар бўйича ягона очиқ экологик мониторинг тизимини шакллантириш мақсадга мувофиқ. Унда сув сатҳи, минераллашув, ифлосланиш, био хилма-хиллик ва қирғоқлар ҳолати каби асосий кўрсаткичлар мунтазам янгиланиб, жамоатчилик учун тушунарли шаклда тақдим этилиши мумкин. Сунъий йўлдош кузатувлари, автоматик станциялар ва рақамли хариталар эса салбий ўзгаришларни муаммо кескинлашмасидан олдин аниқлаш имконини беради.
Иккинчи муҳим масала - ҳар бир йирик кўл ва сув-ботқоқ ҳудуд учун экологик барқарорлик индикаторларини белгилаш. Масалан, Айдар–Арнасойда сув сатҳидан ташқари сув сифати, балиқ захиралари ва қушлар сони; Судочьеда эса сув режими ва сув-ботқоқ экотизими ҳолати каби мезонлар доимий баҳоланиши мумкин. Бу экологик қарорларни фақат фавқулодда ҳолат юзага келгандан кейин эмас, олдиндан қабул қилишга ёрдам беради.
Учинчи йўналиш - табиатни муҳофаза қилишни маҳаллий аҳоли манфаати билан боғлаш. Барқарор балиқчилик, экологик туризм, қўриқланадиган ҳудудлар атрофида хизмат кўрсатиш ва «яшил» иш ўринларини ривожлантириш аҳолининг кўл экотизимини сақлашдан бевосита манфаатдор бўлишини таъминлайди. Табиат муҳофазаси маҳаллий аҳоли учун фақат чеклов эмас, даромад ва ривожланиш имкониятига айланса, унинг самараси ҳам барқарор бўлади.
Ниҳоят, кўлларни бошқаришда бутун сув ҳавзаси тамойили устувор бўлиши зарур. Дарёда, каналда ёки далаларда қабул қилинган қарор қуйи оқимдаги кўлга таъсир қилади. Шу боис сув тақсимотида иқтисодий эҳтиёж билан бир қаторда табиий экотизимнинг минимал сув талаби ҳам ҳисобга олиниши лозим.
Бу вазифалар Барқарор ривожланиш мақсадларининг бир нечта йўналишини бирлаштиради: тоза сув ва санитария - БРМ 6, барқарор шаҳар ва ҳудудлар - БРМ 11, иқлим ўзгаришига қарши чоралар - БРМ 13, қуруқлик экотизимларини муҳофаза қилиш - БРМ 15. Аммо уларни алоҳида рақамлар эмас, бир-бирига боғлиқ ягона тизим сифатида кўриш муҳим.
Бутунжаҳон кўллар куни бизга яна бир ҳақиқатни эслатади: кўл - шунчаки сув захираси ёки табиат манзараси эмас. У жамиятнинг сувга, ерга ва келажакка муносабатини акс эттирувчи тирик кўзгудир.
Орол фожиаси кечиктирилган қарорнинг нархи қанчалик баланд бўлишини кўрсатди. Энди вазифа - бу сабоқни бошқа сув ҳавзаларида такрорламаслик, муаммони оқибатлари кўринганидан кейин эмас, унинг дастлабки белгилари пайдо бўлганидаёқ чора кўриш.
Кўлни сақлаш - фақат қирғоқдаги сувни сақлаш эмас. Бу бутун ҳавзани, ундаги табиатни ва инсон ҳаётини биргаликда асраш демакдир.
Жаҳонгир Исаев,
“Барқарор ривожланиш маркази” ННТ бўлим бошлиғи