«Класс!» газетининг 2026 йил 38-сонида Барқарор ривожланиш маркази бўлим бошлиғи Муслим Эргашевнинг “Большие цели начинаются с маленьких дел” номли мақоласи чоп этилди.
Мақолада БМТга аъзо давлатлар томонидан 2015 йилда қабул қилинган 17 та Барқарор ривожланиш мақсадининг мазмун-моҳияти ёш авлод учун тушунарли ва ҳаётий мисоллар асосида ёритилган. Муаллиф барқарор ривожланиш инсон фаровонлиги, сифатли таълим, соғлиқни сақлаш, тоза сув ва энергия, тенглик, табиатни асраш ва тинчлик каби йўналишларни ўзаро боғлиқ ҳолда қамраб олишини таъкидлайди.
Материалда Барқарор ривожланиш мақсадларининг болалар ҳаёти билан бевосита боғлиқлигига алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, мактабда сув ва электр энергиясидан оқилона фойдаланиш, озиқ-овқат исрофини камайтириш, буюмларни қайта ишлатиш, атрофдагиларга кўмаклашиш ва ҳеч кимни четда қолдирмаслик каби оддий ҳаракатлар катта ижобий ўзгаришларга замин яратиши мисоллар орқали кўрсатилган.
Муаллифнинг асосий ғояси шундан иборатки, барқарор ривожланиш фақат йирик давлат дастурлари ёки катта лойиҳалар билан чекланмайди. Ҳар бир инсон ўзининг кундалик одатлари ва масъулиятли муносабати орқали умумий мақсадларга ҳисса қўша олади. Дарахт экиш ва уни парваришлаш, чиқиндиларни саралаш, сув ва электр энергиясини тежаш, мактаб ёки маҳаллада мавжуд муаммога ечим таклиф қилиш каби кичик ташаббуслар амалий натижа бериши мумкин.
Мақолада таъкидланганидек, бир бола дунёдаги барча муаммоларни якка ўзи ҳал қила олмайди. Бироқ у ўз ҳаракатлари учун масъул бўлиши ва бошқаларни ҳам ҳамкорликка жалб этиши мумкин. Ана шундай кичик, аммо изчил ҳаракатлар жамланиб, катта ўзгаришларни вужудга келтиради.
Барқарор ривожланиш маданиятини болаликдан шакллантириш — келажак авлоднинг масъулиятли, фаол ва ташаббускор бўлиб вояга етиши учун муҳим қадамдир.