Сув ва энергетика соҳасидаги институтсионал мувофиқлаштириш 2030 йилга бориб минтақа барқарорлигини қандай шакллантиради?!
Марказий Осиёда сув ва энергия аллақачон фақат тармоқ доирасидаги тушунчалар бўлишдан чиқди, балки улар бугун қишлоқ хўжалиги, саноат, бюджет барқарорлиги ҳамда инвестицион муҳитнинг таянч инфратузилмасига айланган. Айнан сув-энергетика комплекси (СЕК) орқали минтақа давлатлари ўртасида хатарлар тақсимланади ва шу билан бирга, айнан шу соҳада декларатив интеграция билан реал иқтисодий яқинлашув ўртасидаги чегара яққол кўзга ташланади.
2030 йилга бориб савол ниҳоятда аниқ қўйилади: минтақа ўзаро боғлиқликни стратегик актив сифатида бошқара оладими ёки уни ҳануз мавсумий инқирозлар манбаи сифатида қабул қилишда давом этадими?
Аслида, минтақа ресурсларнинг мутлақ танқислигига дуч келмаяпти, аксинча муаммо уларнинг ҳудудий ва мавсумий номутаносиблигидадир. Хусусан, юқори оқимдаги давлатлар катта гидроэнергетик салоҳиятга эга бўлса, қуйи оқимдаги мамлакатлар барқарор сув таъминотига, айниқса ирригация эҳтиёжлари учун, бевосита боғлиқ. Натижада ёз мавсумида сувга талаб кескин ошиб, гидроэнергия ишлаб чиқариш кўпаяди, қиш мавсумида эса электр энергиясига эҳтиёж ортади, бироқ сув ресурслари чекланган бўлади. Агар ушбу жараёнлар тизимли равишда мувофиқлаштирилмаса, ортиқча қувват захиралари шаклланади, иссиқлик энергетикасига юклама ортади ҳамда бюджет харажатлари сезиларли даражада кўпаяди.
Натижада, минтақа “номувофиқлик учун қўшимча тўлов” тўлашга мажбур бўлади. Бошқача айтганда, институтсионал хатар капитал қийматида акс этиб, инфратузилма ривожланишини секинлаштиради.
Шу боис СЕКни институтсионаллаштириш — бу тизимли харажатларни камайтиришга қаратилган муҳим иқтисодий восита ҳисобланади. У нафақат сиёсий мулоқотни, балки аниқ ва амалий механизмларни ҳам талаб қилади: электр энергиясининг трансчегаравий савдоси учун шаффоф қоидалар, сув ва энергия оқимларини мавсумий мувозанатлаштириш бўйича келишилган графиклар, ягона ҳисоблаш методикалари ҳамда замонавий рақамли мониторинг тизимлари.
Амалий нуқтаи назардан, бу олдиндан келишилган компенсация механизмлари асосида мавсумий баланслаш тизимини жорий этишни англатади. Айнан шундай ёндашув потенциал инқирозларни бошқариладиган иқтисодий жараёнга айлантиради ва танқислик даврида қўлда бошқарувга эҳтиёжни кескин камайтиради.
Сўнгги йилларда Марказий Осиё энерготизимларининг параллел ишлашининг тикланиши энергия балансининг мослашувчанлигини сезиларли даражада оширди. Тизимлараро оқимларнинг кенгайиши мавсумий юклама чўққиларини юмшатиб, қиммат захираларга эҳтиёжни камайтирмоқда. Кейинги босқич сифатида сув ва энергия оқимларини деярли реал вақт режимида кузатишга имкон берувчи ягона рақамли платформани шакллантириш алоҳида аҳамият касб этади. Ахборот шаффофлиги эса, ўз навбатида, музокаралардаги транзаксион харажатларни камайтиради ва ўзаро ишончни мустаҳкамлайди.
СЕКнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари билан боғлиқлиги ҳам амалий аҳамият касб этади. Маълумотларга кўра, сув истеъмолининг 90 фоизигача қишлоқ хўжалигига тўғри келади. Шу боис суғориш самарадорлигини ҳатто 10–15 фоизга ошириш ҳам янги гидротехник иншоотларсиз катта ҳажмдаги сувни тежаш имконини беради. Демак, йўқотишлар ва самарадорликни баҳолашнинг ягона методикаларини жорий этиш оддий техник масала эмас, балки минтақавий барқарорликнинг муҳим таркибий қисмидир.
Бундан ташқари, иқлим ўзгариши кун тартиби институтсионал ечимлар аҳамиятини янада оширмоқда. Хусусан, Париж келишуви ва миллий иқлим мажбуриятлари сув ҳамда энергетика сиёсатини уйғунлаштиришни талаб этади. Айнан институтсионал мувофиқлаштириш орқали иқтисодиётнинг углерод сиғимини камайтириш, қурғоқчиликка чидамлиликни ошириш ва “яшил” молиялаштиришни жалб этиш мумкин. Шу жиҳатдан, СЕК минтақанинг иқлим архитектурасининг ажралмас қисмига айланмоқда.
Ушбу жараёнда Ўзбекистон алоҳида ва муҳим роль ўйнамоқда. 2018 йилдан буён Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари сув-энергетика кун тартибига стратегик туртки бериб келмоқда. Мамлакат декларатив ёндашувлардан амалий механизмларга ўтишни изчил илгари сурмоқда, жумладан: минтақавий электр энергия бозори элементларини ривожлантириш, тизимлараро алоқаларни кенгайтириш, сув ҳисобини рақамлаштириш ҳамда ирригация инфратузилмасини модернизация қилиш. Айниқса, томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологияларини кенг жорий этиш, сув йўқотишларини камайтириш ҳамда замонавий мониторинг тизимларини татбиқ этиш нафақат миллий, балки минтақавий барқарорликка ҳам сезиларли ҳисса қўшмоқда.
СЕКни институтсионаллаштириш минтақанинг инвестицион жозибадорлигини ҳам оширади. СЕКни институтсионаллаштириш минтақанинг инвестицион жозибадорлигини ҳам оширади. Энерготизимлар интеграцияси ва сув бошқарувини рақамлаштириш бўйича қўшма лойиҳалар портфелини шакллантириш, айниқса халқаро молия институтлари иштирокида, капитал қийматини пасайтиришга хизмат қилади. Зеро, инвестор учун шаффоф қоидалар — бу бошқариладиган ва прогноз қилинадиган хатар демакдир.
2030 йилгача бўлган истиқбол эса бевосита институтсионал қарорларнинг чуқурлигига боғлиқ бўлади. Инерт сценарий фрагментар мувофиқлаштиришни сақлаб қолади ва тизимли харажатларни оширади. Қисман интеграция айрим хатарларни камайтиради, бироқ тизимли заифликни тўлиқ бартараф эта олмайди. Тўлиқ институтсионаллашув эса аниқ ва ўлчанадиган кўрсаткичларни жорий этишни назарда тутади: трансчегаравий электр савдоси ҳажми, гидропостларнинг рақамлаштирилиш даражаси, сув йўқотишларининг қисқариши ҳамда мавсумий қарорларнинг келишилганлик частотаси. Айнан ўлчовлилик стратегияни реал бошқариладиган жараёнга айлантиради.
Хулоса қилиб айтганда, масала институтлар сифатига бориб тақалади. Сув ва энергияни шаффоф қоидалар ҳамда рақамли механизмлар асосида биргаликда бошқара оладиган минтақа сезиларли устунликка эга бўлади: капитал қиймати пасаяди, иқлим зарбаларига бардошлилик ортади ва саноат ривожи учун янги имкониятлар очилади.
Шундай қилиб, 2030 йилга бориб сув-энергетика комплекси (СЕК) Марказий Осиё учун муҳим индикаторга айланади — минтақа ҳақиқатан ҳам ниятлар мувофиқлашувидан қоидалар мувофиқлашувига ўта олдими ёки йўқми, айнан шу орқали аниқланади. Бу эса энди фақат тармоқ сиёсати эмас, балки бутун минтақанинг стратегик ривожланиш модели масаласидир.
Жаҳонгир Исаев, Барқарор ривожланиш маркази бўлим бошлиғи