Барқарор ривожланиш маркази 

Сайт синов режимида ишламоқда
  • O‘zbek
  • Ўзбек
  • Русский
  • English
  • Français

Инсон капиталига сармоя — Янги Ўзбекистон тараққиётининг мустаҳкам пойдевори

19-08-2026 263

Мустақилликнинг 35 йилида таълим соҳасидаги ислоҳотлар, эришилган натижалар ва келгуси устувор вазифалар

    Мустақилликнинг 35 йиллиги мамлакатимиз босиб ўтган тараққиёт йўлини сарҳисоб қилиш билан бирга, Янги Ўзбекистоннинг интеллектуал тараққиёти қай даражада мустаҳкам пойдеворга эга эканини баҳолаш имконини ҳам беради. Шу маънода таълим соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар мустақиллик йилларидаги энг муҳим стратегик ўзгаришлардан бири бўлди.

    Бугунги дунёда давлатларнинг рақобатбардошлиги табиий ресурслар ёки географик имкониятлар билан эмас, аввало, инсон капитали сифати билан белгиланади. Илмли, ташаббускор ва замонавий кўникмаларга эга кадрлар миллий тараққиётнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучига айланмоқда. Шу боис таълимга йўналтирилаётган ҳар бир сармоя, аввало, мамлакат келажагига қаратилган инвестициядир.

    Ўзбекистонда ҳам мустақилликнинг дастлабки йилларида таълим тизимининг ҳуқуқий асосларини шакллантириш ва унинг барқарор фаолиятини таъминлашга устувор эътибор қаратилган бўлса, кейинги босқичларда таълим сифати, халқаро рақобатбардошлик ва инсон капиталини ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Айниқса, 2017 йилдан бошлаб мактабгача таълимдан тортиб олий таълим ва илм-фангача бўлган барча бўғинларда кенг кўламли тизимли ислоҳотлар амалга оширилиб, таълим мамлакатнинг стратегик ривожланиш омили сифатида қарала бошланди.

    Бу ёндашув БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари, хусусан,    4-мақсад – “Сифатли таълим”, шунингдек,    “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг инсон капиталини ривожлантиришга қаратилган устувор вазифалари билан ҳамоҳангдир. Натижада таълим соҳасида қамровни кенгайтириш, сифатни ошириш ва меҳнат бозори талабларига мос кадрлар тайёрлаш бўйича янги босқич бошланди.

    Сўнгги йилларда таълим соҳасидаги энг муҳим ўзгаришлардан бири мактабгача таълим тизимида амалга оширилди. Давлат-хусусий шерикликни кенгайтириш, хусусий боғчалар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, қисқа муддатли ва мактабга тайёрлов гуруҳларини ташкил этиш ҳамда давлат инвестицияларини кўпайтириш натижасида мактабгача таълим қамрови    78 фоизга етди. Бу рақам нафақат қамровнинг ошганини, балки давлат сиёсатида боланинг илк ривожланиш босқичига устувор аҳамият берилаётганини ҳам кўрсатади

    Бу ёндашув халқаро тажрибага ҳам тўла мос келади. Чунки илмий тадқиқотлар инсоннинг интеллектуал, ижтимоий ва психологик салоҳиятининг асосий қисми айнан мактабгача таълим босқичида шаклланишини тасдиқлайди. Шу боис бугун таълим ислоҳотлари мактаб остонасидан эмас, балки боланинг илк ёшидан бошланмоқда.

    Мактабгача таълим сифатини янада ошириш мақсадида 2026 йилдан Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистон Республикасида янги авлод давлат мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этилмоқда. Замонавий инфратузилма, инновацион таълим муҳити ва илғор педагогик ёндашувларга асосланган мазкур муассасалар келгусида бутун тизим учун намунавий модел вазифасини бажариши кутилмоқда.

    Амалга оширилаётган ислоҳотлар халқаро миқёсда ҳам ижобий баҳоланмоқда. Хусусан,    SDR–2026    ҳисоботида Ўзбекистоннинг таълим соҳасидаги кўрсаткичлари изчил яхшиланаётгани қайд этилган.

    Бугунги кунда умумий ўрта таълим тизимида асосий эътибор фақат қамровни оширишга эмас, балки таълим сифати ва рақобатбардошлигини таъминлашга қаратилмоқда. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025/2026 ўқув йили бошида мамлакатда    11    118 та    умумий ўрта таълим муассасаси фаолият юритмоқда. Уларда    6,87 миллиондан ортиқ ўқувчи таҳсил олмоқда, бу эса ўтган ўқув йилига нисбатан қарийб    94 минг    нафарга кўпдир.

    Таълим хизматлари бозорида хусусий секторнинг фаоллашуви ҳам соғлом рақобат муҳитини шакллантирмоқда. Бугунги кунда республикада    551 та    хусусий мактаб фаолият юритиб, ота-оналар учун таълим муассасасини танлаш имкониятларини кенгайтирмоқда. Бу эса ўз навбатида таълим сифатига ижобий таъсир кўрсатувчи муҳим омиллардан бирига айланмоқда.

    Халқаро рейтинглар ҳам бу ўзгаришларни тасдиқламоқда.    SDR–2026    маълумотларига кўра, бошланғич таълим билан соф қамров    99,3 фоиз, тўлиқсиз ўрта таълимни тугатиш даражаси    97,6 фоиз,    15–24 ёшли аҳоли ўртасида саводхонлик даражаси эса    100 фоизни ташкил этмоқда. Бу кўрсаткичлар Ўзбекистоннинг БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларининг 4-мақсади – “Сифатли таълим” бўйича сезиларли натижаларга эришаётганини кўрсатади.

Президент ва ихтисослаштирилган мактаблар – таълим сифатининг драйвери

    Сўнгги йилларда Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар тармоғининг шакллантирилиши умумий ўрта таълим тизимидаги энг муҳим институционал янгиликлардан бири бўлди. Замонавий халқаро ўқув дастурлари,    STEAM    ёндашуви, рақамли технологиялар ва хорижий тилларни чуқур ўқитишга асосланган мазкур таълим муассасалари иқтидорли ёшларни тарбиялаш билан бирга, бутун миллий таълим тизими учун инновацион тажриба майдонига айланмоқда.

    Бу ерда синовдан ўтаётган илғор педагогик технологиялар, баҳолаш тизимлари ва ўқув дастурлари босқичма-босқич бошқа умумтаълим мактабларига ҳам жорий этилмоқда. Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг    PISA, TIMSS    ва    PIRLS    халқаро баҳолаш дастурларида иштирок этиши миллий таълим сифатини халқаро мезонлар асосида баҳолаш ва мунтазам такомиллаштириш имконини бермоқда.

    Бу борада Навоий шаҳридаги Президент мактабининг    CIS International Accreditation    халқаро аккредитациясини қўлга киритиши миллий таълим тизими халқаро сифат стандартларига мувофиқ ривожланаётганининг амалий тасдиғи бўлди.

Касбий ва олий таълим – иқтисодиёт эҳтиёжларига мос янги ёндашув

    Замонавий иқтисодиёт меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган юқори малакали кадрларни талаб этмоқда. Шу боис касбий таълим тизими ҳам тубдан янгиланиб, бугунги кунда мамлакатда    712 та    техникум иқтисодиётнинг турли тармоқлари учун амалий кўникмаларга эга мутахассислар тайёрламоқда.

    Айниқса,    дуал таълим    механизмларининг жорий этилиши таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини янги босқичга олиб чиқди. Энди талабалар назарий билим билан бирга корхона ва ташкилотларда амалий тажриба орттириб, меҳнат бозорига тайёр ҳолда кириб бормоқда.

    Олий таълим соҳасида ҳам сўнгги йилларда кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилди. Бугун мамлакатда    205 та    олий таълим муассасаси фаолият юритиб, уларда    1,34 миллиондан ортиқ талаба таҳсил олмоқда. Муҳими, нодавлат ва хорижий олий таълим муассасалари улушининг ортиши таълим хизматлари бозорида рақобат муҳитини кучайтириб, таълим сифати ва танлов имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

    2025/2026 ўқув йилидан олий таълимда давлат буюртмаси асосида қабул параметрлари кенгайтирилди. Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадида    4 мингта давлат гранти ажратилди,    1200 дан ортиқ таълим дастури    халқаро стандартлар асосида такомиллаштирилди. 2026 йилда олий таълим муассасаларини қарийб    320 минг нафар    талаба битирди. Бу кўрсаткичлар мамлакатда олий таълим қамрови кенгайиб, унинг сифати ва меҳнат бозори талабларига мослигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар изчил давом этаётганини кўрсатади.

    Таълим тизимининг энг юқори бўғини бўлган    илмий кадрлар тайёрлаш    соҳасида ҳам туб ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Докторантларнинг стипендиялари    1,7 баробарга    оширилди, илмий даража бериш жараёнлари соддалаштирилиб, диссертацияларни тақдим этиш ва кўриб чиқиш босқичма-босқич рақамлаштирилмоқда. Хусусан, Президентнинг    2026 йил 26 майдаги ПФ–98-сон Фармонига мувофиқ, 2027 йилдан диссертация авторефератини чоп этиш талаби бекор қилиниб, илмий ишлар ягона электрон платформа орқали қабул қилинади. Бу илмий фаолиятда ортиқча бюрократик тўсиқларни қисқартириш, олимлар учун қулай муҳит яратиш ҳамда тадқиқотлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

    Шу билан бирга, олий таълимда    “Касб эгаси” дуал таълим моделини босқичма-босқич жорий этиш орқали талабаларнинг ўқиш давридаёқ ўз мутахассислиги бўйича ишлаб, амалий тажриба, меҳнат стажи ва даромадга эга бўлиш имкониятлари кенгаймоқда. Бу эса таълим билан ишлаб чиқариш ўртасидаги узвий боғлиқликни мустаҳкамлаб, битирувчиларнинг меҳнат бозорига тезроқ мослашишига хизмат қилмоқда.

    Албатта, таълим тизими олдидаги устувор вазифалар ҳали ҳам долзарблигича қолмоқда. Мактабгача таълим қамровини янада кенгайтириш, ҳудудлар ўртасида таълим сифати тафовутини қисқартириш, рақамли таълим муҳитини ривожлантириш, хусусий сектор иштирокини кенгайтириш ҳамда илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини янада кучайтириш шулар жумласидандир.

    

    Бироқ эришилган натижалар шуни яққол кўрсатмоқдаки,    таълимга йўналтирилган сармоя – мамлакат келажагига қаратилган энг муҳим инвестициядир.    “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган вазифаларнинг изчил амалга оширилиши инсон капиталини янада юксалтириш, рақобатбардош иқтисодиёт учун замонавий кадрлар тайёрлаш ва Янги Ўзбекистоннинг интеллектуал тараққиётини таъминлашда мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.

        ШАХЗОДА Рахимова

    Барқарор ривожланиш маркази эксперти