Нуфузли халқаро таҳлилий нашр — Global Policy Journal сайтида Барқарор ривожланиш маркази вакили Жаҳонгир Исаевнинг “COP31 and Central Asia: A New Phase of Climate Diplomacy” (“COP31 ва Марказий Осиё: иқлим дипломатиясининг янги босқичи”) номли мақоласи эълон қилинди.
2026 йил 27 октябрда чоп этилган материал 9–20 ноябрь кунлари Туркиянинг Анталья шаҳрида бўлиб ўтадиган БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича 31-конференцияси (COP31) арафасида Марказий Осиё минтақасининг халқаро иқлим сиёсатдаги ўрни ва манфаатларига бағишланган.
Мақолада иқлим ўзгариши минтақада фақат экологик муаммо эмас, балки сув ва энергетика хавфсизлиги, қишлоқ хўжалиги, иқтисодий барқарорлик ҳамда давлатлараро ҳамкорлик билан бевосита боғлиқ стратегик масала экани таъкидланади.
Муаллиф Жаҳон банки ва халқаро ташкилотлар маълумотларига таяниб, музликларнинг қисқариши, сув ресурсларига босимнинг ортиши ҳамда иқлим ўзгариши оқибатларига мослашиш учун қўшимча инвестициялар зарурлигини таҳлил қилади.
Материалнинг асосий ғояси — Марказий Осиё давлатлари иқлим соҳасидаги миллий мажбуриятларни амалий минтақавий ҳамкорлик механизмлари билан тўлдириши зарур.
Шу мақсадда мақолада “Central Asian Climate Delivery Compact” — Марказий Осиёда иқлимга оид чора-тадбирларни биргаликда амалга ошириш ташаббусини шакллантириш таклиф этилади.
Мазкур ёндашув учта устувор йўналишни қамраб олади:
· трансчегаравий сув ресурслари, музликлар ҳолати ва иқлим хавфлари бўйича ахборот алмашишни такомиллаштириш;
· иқлим ўзгаришига мослашишга қаратилган қўшма инвестиция лойиҳаларини шакллантириш ва халқаро молиялаштириш механизмларини кенгайтириш;
· минтақавий ҳамкорликнинг амалий натижаларини баҳолаш учун умумий кўрсаткичлардан фойдаланиш.
Мақолада Ўзбекистоннинг минтақавий иқлим дипломатиясини ривожлантиришдаги имкониятларига алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан Самарқанд иқлим форумида илгари сурилган сув, энергетика ва иқлим ўзгариши соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган ташаббусларнинг аҳамияти қайд этилган.
Муаллиф фикрича, COP31 Марказий Осиё учун халқаро иқлим музокараларида иштирок этиш билан чекланмасдан, аниқ минтақавий лойиҳалар, инвестиция дастурлари ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик механизмларини илгари суриш имкониятини яратади.
Мақола якунида иқлим дипломатиясининг самарадорлиги қабул қилинган декларациялар сони билан эмас, балки аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва иқлим хавфларига бардошлиликни ошириш бўйича эришилган амалий натижалар билан баҳоланиши лозимлиги таъкидланади.
Мақоланинг тўлиқ матни (инглиз тилида):
https://www.globalpolicyjournal.com/blog/27/10/2026/cop31-and-central-asia-new-phase-climate-diplomacy